Дунё

Россия қамоғидаги журналист аёллар Политковская мукофотига сазовор бўлди

Анна Политковская номидаги 2026-йилги мукофот Россияда ва у эгаллаб олган ҳудудларда қамоқда сақланаётган украиналик ҳамда россиялик журналист аёлларга берилди. РАВ ин ВАР халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти уларнинг уруш ва инсон ҳуқуқлари бузилишини ёритишдаги жасоратини эътироф этди.

Россия қамоғидаги журналист аёллар Политковская мукофотига сазовор бўлди

Мукофот ҳакамлар ҳайъати қарорини 5-октабр куни Европарламентда Анна Политковская хотирасига бағишланган тадбирда БМТнинг Россиядаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Мариана Кацарова эълон қилди.

Кацарова Россия ҳукуматини қамоқда сақланаётган барча украиналик ва россиялик журналист аёлларни, шунингдек, тинч аҳоли вакилларини дарҳол ва ҳеч қандай шарциз озод қилишга чақирди.

РАВ ин ВАР бу қарор орқали Россия қамоқхоналарида ва босиб олинган ҳудудларда ушлаб турилган журналист аёлларнинг жасоратига ҳурмат билдираётганини маълум қилди. Ташкилотга кўра, улар урушни ёритиш, инсон ҳуқуқлари бузилиши ва ҳарбий жиноятлар ҳақида хабар бериш учун эркинлиги, ҳатто ҳаётини ҳам хавф остига қўйган.

Баёнотда Анна Политковская ўлдирилганига 20 йил тўлаётгани ҳам қайд этилди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, журналист Россиянинг Чеченистондаги «аксилтеррор операцияси»ни очиқ танқид қилгани, тинч аҳолига нисбатан шафқациз муносабат ва жиноятларни қоралагани учун ўлдирилган. Ташкилот таъкидлашича, йигирма йил ўтган бўлса-да, қотиллик буюртмачилари ҳануз суд олдида жавоб бермаган.

Мукофотга номзодларни кўрсатиш қўмитаси аъзоси, Нобел мукофоти совриндори Светлана Алексиевич қамоқдаги журналистларнинг исмларини унутмасликка чақирди.

«Улар энди қалам билан ёза олмаганида, ўз ҳаёти билан репортаж ёзмоқда», - деди у.

Ташкилот баёнотида украиналик журналист Виктория Рощинанинг тақдирига алоҳида эътибор қаратилди. У Мариупол қамали ва Украинанинг босиб олинган ҳудудларида тинч аҳолига қарши содир этилган жиноятларни ёритган. Рощина 2023-йил августда қўлга олинган ва 2024-йил сентабрда вафот этган. РАВ ин ВАР унинг ўлимига қийноқлар ва шафқациз муносабат сабаб бўлганини билдирган.

Лауреатлар орасида Мелитополдан бўлган украиналик журналист Ирина Левченко ҳам бор. Ташкилот маълумотига кўра, у 2023-йилда турмуш ўртоғи билан бирга ўғирлаб кетилган ва Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қийноққа солинган. 2026-йил сентабрда эса Россияда «жосуслик» айблови билан 15 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Баёнотда украиналик журналистлар Анастасия Глуховская, Ирина Данилович ҳамда мелитополлик блогер Яна Суворованинг исмлари ҳам тилга олинган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.