Россия нефт-кимё маҳсулотларини ЁИИдан ташқарига экспорт қилишни тақиқлади
Москва маҳаллий саноат корхоналарини хомашё билан таъминлаш мақсадида айрим нефт-кимё маҳсулотлари экспортига вақтинча чеклов қўйди. Бу Евросиё иқтисодий иттифоқидан ташқари мамлакатларга чиқариладиган товарларга тааллуқли бўлади.

Россия нефт-кимё маҳсулотларининг ЁИИдан ташқарига экспортига чеклов қўйди
Россия ҳукумати Евросиё иқтисодий иттифоқи ҳудудидан ташқарига айрим нефт-кимё маҳсулотларини олиб чиқишни вақтинча ман қилди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
“Ҳукумат баёнотига кўра, мазкур қарор Россия саноат корхоналарини хомашё билан барқарор таъминлашни сақлаб қолишга қаратилган”, дейилади хабарда.
Вақтинча чеклов уч ой давомида кучда бўлади. Тақиқ қуйидаги маҳсулотларга тааллуқли:
- кўмир ва нефт бензоли;
- толуол;
- ортоксилол ва параксилол;
- фенол.
Бу моддалар машинасозликда қопламалар ишлаб чиқаришда, озиқ-овқат қадоқлари, кабел маҳсулотлари учун изоляция материаллари ҳамда тиббиёт саноатида ишлатилади.
Ҳукуматнинг аниқлик киритишича, тақиқ халқаро транзит, гуманитар ёрдам ҳамда Свалбард архипелагидаги Россия ташкилотларига етказиб бериладиган маҳсулотларга нисбатан қўлланилмайди.

