Россияда энергетика инқирози. Марказий Осиё шимолга нисбатан қарамликни камайтириш учун нималар қиляпти?
Украинанинг Россия нефтни қайта ишлаш заводларига уюштираётган ҳужумлари сабаб мамлакат ичида нефт маҳсулотлари танқислиги кучайиб боряпти. Ушбу вазият фонида Марказий Осиё давлатлари ҳам ёқилғи таъминоти манбаларини диверсификация қилишга шошиляпти. Хусусан, Қирғизистон Ўзбекистон ва Қозоғистон билан келишувларга эришди.

Россиядаги энергетика инқирози шароитида Марказий Осиё давлатлари шимолга қарамликни камайтириш чораларини кўрмоқда. Эурасианет нашрининг ёзишича, Украинанинг Россия энергетика инфратузилмасига дрон ҳужумлари Марказий Осиё энергетика бозорида жиддий ўзгаришларга сабаб бўлмоқда. Узоқ муддатда Россия минтақадаги таъсир воситалари ва бозор улушини йўқотиши мумкин, Марказий Осиё давлатлари эса ёқилғи таъминоти манбаларини диверсификация қилишга шошилмоқда.
Украинанинг Россия нефтни қайта ишлаш заводларига уюштираётган такрорий ҳужумлари туфайли Кремл ички бозорда кучайиб бораётган танқисликни юмшатиш мақсадида бензин ва авиация ёқилғиси каби нефт маҳсулотлари экспортини чеклашга мажбур бўлди. Бу эса Марказий Осиё давлатларини куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган энергетик инқирознинг олдини олиш учун муқобил таъминот манбаларини излашга ундамоқда.
Шу пайтгача Қирғизистон ва Тожикистон ёқилғи таъминотининг қарийб 90 фоизини Россия ҳисобидан қоплаб келган. Жорий вазиятда Россияга таъминотчи сифатида аввалгидек таяниб бўлмайди. Масалан, июл ойи охирида Россия Қирғизистоннинг йил охиригача бўлган эҳтиёжини қоплаш учун зарур бўлган ёқилғининг атиги ярмини, яъни ойига тахминан 100 минг тонна нефт маҳсулотини етказиб беришга рози бўлди.
Етишмаётган ҳажмни қоплаш учун расмий Бишкек Ўзбекистон ва Қозоғистон билан ёқилғи етказиб бериш бўйича келишувларга эришди. Шунингдек, Беларус ва Хитойдан ҳам импорт амалга оширилмоқда. Қирғизистон расмийлари қўшимча ёқилғи олиш бўйича Туркия ва Европа Иттифоқи билан ҳам музокаралар олиб бормоқда.
Бундан ташқари, Қирғизистон ҳукумати маълум даражада ўзини ўзи таъминлаш имкониятини яратишга ҳам ҳаракат қилмоқда. Шу мақсадда йилига қарийб 450 минг тонна нефт маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қодир завод қурилиши лойиҳаси жадаллаштирилган. Бу ҳажм мамлакат йиллик талабининг қарийб чорак қисмини қоплашга етади. Завод 2026-йил охиридаёқ ишга туширилиши мумкин.
Реутерс хабарига кўра, Тожикистон июл ойида Туркманистон, Ўзбекистон ва Қозоғистондан ёқилғи импортини уч бараварга ошириб, 34 минг тоннага етказган. Июн ойида бу кўрсаткич анча паст бўлган. Шу билан бирга, Россиядан бензин етказиб бериш қарийб икки бараварга камайиб, 14 минг тоннагача қисқарган. Тожикистон расмийлари ҳам Қозоғистон ва Хитой билан қўшимча ёқилғи етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Энергетика вазирлиги июл ойи бошида мамлакатдаги ёқилғи захиралари тахминан 60 кунга етишини билдирган.
Эурасианетънинг баҳолашича, Ўзбекистон Россия энергетикасига юқоридаги икки давлатга нисбатан камроқ боғланган. Мамлакатнинг ички имконияти ойига 100 минг тоннагача нефт маҳсулотлари ишлаб чиқариш имконини беради. Бу ички эҳтиёжнинг қарийб 60 фоизини қоплашга етади. Қолган эҳтиёжни таъминлаш учун расмий Тошкент ҳам ёқилғи етказиб берувчиларини диверсификация қилишга мажбур бўлмоқда. Бу борада Грузия, Ироқ ва бошқа давлатлар билан келишувларга эришилган.
Ўзбекистон расмийлари учун айни пайтдаги асосий муаммолардан бири – авиация ёқилғисига талабнинг кескин ошиши. Расмий баёнотда геосиёсий вазиятнинг кескинлашуви сабабли Марказий Осиё ҳудуди орқали амалга оширилаётган парвозлар сони ортгани келтирилади. Уруш давридаги санксиялар шароитида хорижга саёҳат қилаётган россияликлар учун Тошкент муҳим марказлардан бирига айланди.
Етказиб берувчиларни диверсификация қилишдан ташқари, Тожикистон ва Ўзбекистон расмийлари янги ички энергия захираларини излаш бўйича ишларни ҳам кучайтирмоқда. Душанбе геологик қидирув ишларига кўмаклашиш учун Хитой компанияларини жалб қилган. Тошкент ҳам ўз имкониятларини кенгайтирмоқда. Жумладан, АҚШнинг Счлумбергер, яъни СЛБ компанияси билан ҳамкорликда сейсмик маълумотларни қайта ишлаш марказини ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Қозоғистон ва Туркманистон нефт маҳсулотлари бўйича ўзини ўзи таъминлай олади. Ҳар икки давлат қўшни мамлакатларга қўшимча ёқилғи экспорт қилишдан даромад ҳам олмоқда.
Россия-Украина уруши қанча узоқ давом эца, Марказий Осиёда шаклланаётган янги ёқилғи таъминоти тизимлари шунчалик мустаҳкамланиши мумкин. Бу эса узоқ муддатда Россия учун ёқилғи бозорининг сезиларли даражада қисқаришига олиб келади. Натижада Кремл бюджетига келиб тушадиган даромадлар ҳам камайиб бораверади.
Расмий Москванинг айни пайтдаги қийинчиликларини кўрсатувчи яққол мисоллардан бири – Кремл расмийларининг Қозоғистон томони билан Россия нефтини Қозоғистон заводларида қайта ишлаш имконияти бўйича музокаралар олиб бораётганидир. Реутерсънинг ёзишича, бундай келишув Россия нефт маҳсулотларини Украина ҳужумларидан ҳимоя қилиши мумкин, бироқ Кремл даромадларининг камайишига олиб келади. Дастлабки режаларга кўра, Қозоғистонда қайта ишланган нефт маҳсулотлари ички бозорда сотилиши, шунингдек, Россияга қайта етказиб берилиши кўзда тутилмоқда.

