Дунё

Россия Киевдаги УХХ бош идорасига зарба берди

Дрон Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) раҳбари Олександр Покладнинг кабинетига йўналтирилгани айтилмоқда. Унинг ўзи зарба пайтида кабинетда бўлмаган.

Россия Киевдаги УХХ бош қароргоҳига зарба берди

Россияга тегишли дрон Киев марказидаги Владимирская кўчасида жойлашган Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) штаб-квартираси биносига урилди.

Бу ҳақда президент Володимир Зеленский УХХ раҳбари Олександр Поклад билан суҳбатдан кейин маълум қилди.

Унинг айтишича, дрон махсус хизмат раҳбарининг кабинети томон йўналтирилган эди.

«Жабрланганларнинг барчасига зарур ёрдам кўрсатилади», - деди Зеленский қўшимча қилиб. У, шунингдек, Покладга ҳарбийларни жалб этган ҳолда «русларга бу зарбага муносиб, сезиларли ва иложи бўлса, ўзидай қилиб жавоб қайтаришни» топширди.

«Украинска правда» нашрининг ёзишича, маҳаллий вақт билан тахминан соат 15:30 да юз берган ҳужум пайтида УХХ раҳбари ўз кабинетида бўлмаган. Ҳодиса жойидан олинган видеода зарба теккан бинонинг деразасидан қуюқ тутун чиқаётгани кўринади. Киев мери Виталий Кличконинг маълум қилишича, Владимирская кўчаси жойлашган Шевченко туманида дрон нотураржой биносининг томига қулаган. Унинг сўзларига кўра, бунинг оқибатида тўққиз киши жабрланган, улардан етти нафари шифохонага ётқизилган. Ҳужумдан ярим соат олдин шаҳарда ҳаво тревогаси эълон қилинган, Ҳаво кучлари эса реактив дронлар яқинлашаётганидан огоҳлантирган эди.

Шунингдек, УХХ штаб-квартираси яқинида жойлашган «Завертяйло» тармоғига қарашли кафе ҳам вайрон бўлган. Компания хабарига кўра, бир аёл жабрланиб, шифохонага ётқизилган. Қолган меҳмонлар ва ходимлар ертўлага яширинишга улгурган.

Зеленский 17-июл куни Мудофаа вазири бўлган Евгений Хмаранинг ўрнига Покладни УХХ раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинлаган эди. Бунгача Поклад ушбу идора раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган.

Зарба америкалик музокарачиларнинг ташрифи арафасида содир бўлди. ТАСС хабарига кўра, АҚШ президентининг махсус элчиси Стив Уиткофф ва Доналд Трампнинг куёви Жаред Кушнер 5-сентабр куни Москвага, 6-сентабр куни эса Киевга ташриф буюради.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.