Россия Киевдаги омборларга зарба берди. Ўқ-дорилар портлаши натижасида 37 киши ҳалок бўлди
Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотига кўра, тунги ҳужумда россияликлар кемага қарши «Оникс» ракетаси, «Искандер-М» баллистик ракетаси ҳамда 267 та зарбдор дрон учирган.

Россиянинг Киев вилоятидаги омборларга берган зарбаси ва ундан кейин ўқ-дориларнинг портлаши натижасида камида 37 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Киев вилояти маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченко маълум қилди.
29-августга ўтар кечаси Буча туманидаги омборларда юз берган ушбу ҳодиса оқибатида яна 42 киши турли даражадаги тан жароҳатлари олди, жабрланганлар орасида тўрт нафар бола ҳам бор. ББС нашрининг хабарига кўра, ҳалок бўлганларнинг аксарияти – 34 киши қариялар пансионатида бўлган.
Украина президенти Володимир Зеленский бу вазиятни "портловчи моддаларни тўғридан-тўғри одамларнинг ёнида сақлаганларнинг даҳшатли эътиборсизлиги" деб атади ва бундай ҳолатларга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади. Унинг баёнотида айтилишича, "[Россия ҳужуми пайтида] биринчи зарба у ерда мутлақо бўлмаслиги керак бўлган ўқ-дорилар сақланадиган жойга – мудофаа кучларининг захираларига тўғри келди. Снарядлар, миналар, бошқа ўқ-дорилар ва дронларнинг портлаши юз берди. Миқёс жуда катта."
Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотларига кўра, кечаги ҳужумда Россия Украина бўйлаб кемага қарши "Оникс" ракетаси, "Искандер-М" баллистик ракетаси, шунингдек, 267 та зарбдор дрон учирган. 29-август куни тушга қадар ҳам "Шаҳед" дронлари Киев вилоятига ҳужум қилишда давом этган.
Украина расмийлари "жиноий бепарволик" деб атаган ушбу ҳодиса шанбага ўтар кечаси Буча туманининг Милая қишлоғидаги корхоналардан бирида Россия ҳарбийларининг ҳужуми оқибатида кўплаб портлашлар ва кучли ёнғин билан бошланган. Фавқулодда вазият зонасидан 400 га яқин одам эвакуация қилинган. Портлашлар сабабли Житомир трассасининг 15-километридан 32-километригача бўлган қисмида ҳаракат бутунлай тўхтатилган.

