Киев яқинида омборлар ёнмоқда: портлашлар кузатилмоқда
Киев вилоятининг Буча туманида Россия қўшинлари ҳужумидан кейин омбор биноларида ёнғин бошланиб, портлашлар содир бўлмоқда. Ҳодиса оқибатида Киев–Чоп автомобил йўлининг бир қисмида транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилди. Жабрланганлар ва вайронагарчилик кўламига оид маълумотлар аниқлаштирилмоқда.

Киев яқинидаги Буча туманида 28-август оқшомида омборларда ёнғин бошланиб, портлашлар билан давом этмоқда. Бу ҳодиса Россия ҳужуми натижасида юзага келган.
Воқеа жойида фавқулодда хизматлар фаолият олиб бормоқда. Қутқарувчилар ҳужум оқибатларини бартараф этиш ва ёнғинни назоратга олишга уринмоқда.
Ткаченко маҳаллий аҳолини ҳодиса жойига яқинлашмасликка ва фавқулодда хизматлар кўрсатмаларига амал қилишга чақирди.
Ҳозирча ҳужум натижасида жабрланганлар бор-йўқлиги ва етказилган зарар миқдори ҳақида аниқ маълумотлар берилмаган.
Украина Патрул полицияси департаменти раҳбари Алексей Билошицкийнинг хабар беришича, ҳодиса туфайли М-06 Киев–Чоп автомобил йўлининг 15-километридан 32-километригача бўлган қисмида барча транспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўхтатилган.
Полиция ҳайдовчилар учун ёпилган ҳудудни айланиб ўтиш схемасини ҳам эълон қилди.
Расмийлар ҳозирча омборларда айнан қандай маҳсулотлар сақлангани ва портлашларга нима сабаб бўлгани ҳақида батафсил маълумот бермаган.

