Дунё

Киев баллистик ракеталар ҳужумига учради

Россия қўшинлари 5-августга ўтар кечаси Украинага яна оммавий ракета ва дрон ҳужумларини амалга оширди. Баллистик ракеталар билан нишонга олинган Киев ва Киев вилоятида камида икки киши ҳалок бўлди, ўнлаб тинч аҳоли жароҳат олди. Ҳужумлар мамлакатнинг бошқа бир қатор ҳудудларини ҳам қамраб олди.

Россия армияси 5-августга ўтар кечаси Киев шаҳри ва вилоятига баллистик ракеталар билан зарба берди. Ҳужум натижасида пойтахтнинг Оболон, Деснян, Голосеев туманларида ҳамда шаҳар атрофида ёнғинлар келиб чиқди, бир қатор турар жой бўлмаган бинолар шикастланди.

Киев мери Виталий Кличконинг хабар беришича, Голосеев туманида хусусий уй вайрон бўлган ва унинг остида одамлар қолган бўлиши мумкин.

Киев шаҳар ҳарбий маъмуриятининг дастлабки маълумотларига кўра, пойтахтда бир киши ҳалок бўлган, камида 12 киши жароҳатланган. Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати эса Киев шаҳрининг ўзида жабрланганлар сони 15 нафарга етганини маълум қилди.

Киев вилоятида ҳам ҳужумлар жиддий оқибатларга олиб келди. Вилоят ҳарбий маъмуриятининг билдиришича, Буча, Бровари ва Фастов туманларида инфратузилма объектлари шикастланган. Буча туманида бир киши вафот этган.

Вилоят бўйича жами 21 нафар тинч аҳоли жароҳат олган. Хусусан, Бровари туманида 13 киши, Фастовда 3 киши ва Бучада 5 киши тан жароҳати олган.

Украина Фавқулодда вазиятлар хизмати маълумотларига кўра, Бровари туманида логистика марказлари, омборхоналар, ишлаб чиқариш корхоналари ва савдо объектларида ёнғинлар чиққан. Буча туманида логистика мажмуалари зарар кўрган бўлса, Фастов туманида корхона ҳудудида ёнғин юзага келган.

Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари Россия ҳужумлари фақат Киев билан чекланмаганини маълум қилди. Шу кеча Одесса, Запорижжя, Днипропетровск, Харкив ва Миколайив вилоятлари ҳам ракета ва дронлар ҳужумига учраган.

Украина расмийлари сўнгги вақтларда Россиянинг баллистик ракета ҳужумларини қайтариш тобора қийинлашаётганини таъкидламоқда. Президент Володимир Зеленский буни мамлакатда АҚШнинг Патриот ҳаво мудофаа тизимлари учун ракета захираси етишмаётгани билан изоҳлаган. Унинг сўзларига кўра, айнан ушбу тизимлар баллистик ракеталарни йўқ қилишда энг самарали воситалардан бири ҳисобланади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.