Россия билан ҳамкорлик Шимолий Корея иқтисодиётига қандай таъсир қилмоқда?
Шимолий Корея сўнгги йилларда иқтисодий фаоллик ва йирик қурилишлар билан ажралиб турмоқда. Экспертлар бу жараённи, аввало, Пхеняннинг Россия билан ҳарбий ҳамкорлиги, қурол-яроғ етказиб бериш ва ҳарбийларни жўнатишдан олаётган миллиардлаб долларлик даромадлари билан боғламоқда. Бироқ таҳлилчиларга кўра, иқтисодий ўсиш натижаларидан мамлакат аҳолисининг фақат кичик қисми фойдаланмоқда.

Россия билан ҳамкорлик Шимолий Корея иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатмоқда?
Узоқ йиллар давомида Шимолий Корея тунги сунъий йўлдош тасвирларида деярли қоронғи ҳудуд сифатида кўриниб келган, чунки электр таъминотидаги узилишлар туфайли мамлакат шаҳарларида ёритиш даражаси жуда паст эди. Бироқ, НК Невс маълумотларига кўра, 2020-йил апрелидан бошланган олти йиллик даврда Пхенян марказида ёритилган ҳудуд майдони икки баробардан зиёд кенгайган, ёруғлик интенсивлиги эса уч баравар ошган.
Нашр буни Шимолий Корея ҳукумати пойтахт марказидаги янги бинолар ва йўл инфратузилмасини электр энергияси билан таъминлашга устувор аҳамият бераётганининг белгиси сифатида баҳолайди. Бу орқали ҳукумат иқтисодий ютуқларни намойиш этишга интилаётгани айтилмоқда.
2021-йил январда бўлиб ўтган Корея Меҳнат партиясининг ВИИИ съездида Ким Чен Ин Пхенянда 50 мингта янги квартира қуриш режасини эълон қилган эди. Бу режа босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Жумладан, янги Хвасон мавзесида иккита 40 қаватли турар жой биноси қурилган. Уларнинг ташқи кўриниши Шимолий Кореянинг «Хвасон» қитъалараро баллистик ракеталарини эслатади.
Сўнгги йилларда Пхеняннинг умумий қиёфаси ҳам сезиларли ўзгарган. Шаҳарга узоқ йиллардан бери ташриф буюриб келаётган кузатувчилар пойтахт тобора замонавийлашиб бораётганини қайд этмоқда. Импорт автомобиллари, жумладан, Хитой электромобиллари кўпайган. Аҳоли смартфон иловалари орқали ҚР-код билан тўлов қилиш ва такси чақириш хизматларидан фойдаланмоқда. Ғарб кийим-кечак ва косметика брендларини таклиф қилувчи савдо марказлари ҳам пайдо бўлган.
Пойтахтда мамлакатдаги энг йирик поликлиника ҳамда майдони Ню-Ёркдаги Марказий паркка тенглаштирилаётган йирик иссиқхона мажмуаси қуриб битказилган. Шимолий Кореянинг шарқий соҳилида эса Ким Чен Ин бир йил аввал Вонсан-Калма туристик мажмуасини очган. У беш километрлик соҳил ва бир вақтнинг ўзида 20 минг меҳмонни қабул қилишга мўлжалланган меҳмонхоналар мажмуасини ўз ичига олади.
Манбада қайд этилишича, Тҳе Валл Стреет Жоурнал икки ой аввал Шимолий Кореядаги жараёнларни «улкан иқтисодий муваффақият тарихи» сифатида таърифлаган.
Таҳлилчилар Пхеняндаги бу кескин иқтисодий фаоллашувнинг асосий молиявий манбаларидан бири Россиянинг Украинага қарши уруши билан боғлиқ даромадлар эканини тахмин қилмоқда. Сеулдаги Миллий хавфсизлик стратегияси институти (ИНСС) март ойида эълон қилган ҳисоботга кўра, Шимолий Корея Россияга ўқ-дори сотиш ва жанг ҳудудига ўз ҳарбийларини жўнатиш орқали 7,7 млрд доллардан 14,4 млрд долларгача даромад олган бўлиши мумкин. Блоомберг Эсономисс ҳисоб-китобига кўра эса, КХДРнинг Россияга ҳарбий ёрдами 2022–2025-йилларда мамлакатга 14 млрд доллардан зиёд маблағ келтирган. Яна қарийб 8 млрд доллар Хитой билан савдо, шимолий кореялик ищиларни хорижга юбориш, экспорт операциялари ва кибержиноятчиликдан тушгани айтилмоқда. Тақослаш учун, мақолада Шимолий Кореянинг ўтган йилги ялпи ички маҳсулоти 27 млрд доллар атрофида бўлгани келтирилган.
Шимолий Кореяга алоқадор деб ҳисобланадиган хакерлик гуруҳлари ҳам катта миқдорда криптоактивларни ўғирлашда айбланиб келади. Жумладан, 2025-йил февралида Бйбит криптоплатформасига уюштирилган йирик киберҳужум натижасида 1,5 млрд долларлик Этҳереум ўғирланган. Ушбу ҳужум ортида Шимолий Корея хакерлари тургани тахмин қилинган.
Россия билан яқинлашув Ким Чен Инга нафақат иқтисодий, балки сиёсий ва ҳарбий жиҳатдан ҳам қўшимча имкониятлар бергани таъкидланмоқда. Мақолада бунга КХДРнинг 5 минг тонна сув сиғимига эга иккита эсминецни сувга туширгани мисол қилинади. Таҳлилчилар фикрича, 15 йиллик ҳукмронлиги давомида Ким Чен Ин ҳозиргидек катта молиявий имконият ва сиёсий таъсирга эга бўлмаган.
2021-йилда Ким Чен Ин Корея Меҳнат партияси съездида иқтисодиётнинг «деярли барча тармоқлари кутилган натижани бермаганини» тан олган эди. Орадан беш йил ўтиб, партиянинг ИХ съезди ўтказилган бино олдида 50 та янги юқори аниқликдаги 600 миллиметрли реактив залп ўт очиш тизими намойиш қилинди. Ким Чен Ин эса вазиятни «ҳаммаси тубдан ўзгарди» дея баҳолаган.
Россия билан шериклик ва Хитой билан муносабатларнинг кенгайиши Шимолий Кореянинг ташқи сиёсий мавқеига ҳам таъсир қилган. Россия президенти Владимир Путин 2024-йил июнда КХДРга ташриф буюрган. Мақолага кўра, бир йилдан кейин Хитой раҳбари Си Сзинпин ҳам мамлакатга борган. 2026-йил мартда эса Ким Чен Ин Пхенянда Беларус раҳбари Александр Лукашенкони қабул қилган. Бундан ташқари, 2025-йил сентябрда Ким Чен Ин Пекинда Иккинчи жаҳон уруши якунланганининг 80 йиллигига бағишланган тадбирларда Си Сзинпин ва Путин билан бирга қатнашган.
Украина томони ҳисоб-китобларига кўра, Шимолий Корея 2024 ва 2025-йилларда Россияга зарур бўлган артиллерия снарядларининг қарийб ярмини етказиб берган. Бундан ташқари, Пхенян Россияга ўзиюрар артиллерия қурилмалари, реактив залп ўт очиш тизимлари ва баллистик ракеталар етказиб бергани айтилмоқда. Киев маълумотларига кўра, Пхенян Россия ҳудудига 90 нафар ҳарбийдан иборат ракета қўшинлари бўлинмасини, олтита учириш қурилмаси ва қарийб 120 та ракета жойлаштиришни режалаштираётган бўлиши мумкин. Бу маълумотлар Украина томонининг даъволари бўлиб, мақолада уларнинг мустақил тасдиғи келтирилмаган.
Мақолада келтирилишича, 16 мингдан 22 минггача шимолий кореялик ҳарбий Россия томонида иштирок этган. Улар дастлаб Курск вилоятида Украина кучларига қарши операцияларда, кейин эса ҳудудни миналардан тозалаш ишларида қатнашгани айтилган. Украина президенти Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Ким Чен Ин Россияга яна 30 мингдан 50 минггача ҳарбий юборишни режалаштирмоқда. ИНСС маълумотларига кўра, Пхенян ҳар бир жўнатилган аскар учун ойига 2800 доллар, офицер учун 3000 доллар олади. Жангда ҳалок бўлган ҳар бир шимолий кореялик ҳарбий учун эса 6 мингдан 10 минг долларгача маблағ тўланиши айтилган.
Шу билан бирга, экспертлар Шимолий Кореядаги ҳозирги иқтисодий фаоллашув аҳолининг катта қисми турмуш даражасини сезиларли яхшиламаганини таъкидламоқда. Озиқ-овқат нархларининг ўсиши ва миллий валюта - Шимолий Корея вонининг қадрсизланиши хорижий валютага эга бўлмаган кам таъминланган аҳолига айниқса кучли таъсир кўрсатмоқда. Айрим оилаларда аввалги турмуш даражасини сақлаб қолиш учун энди аёллар ҳам ишлашга мажбур бўлаётгани қайд этилган.
2024-йил баҳорида Ким Чен Ин «20х10» минтақавий ривожланиш дастурини бошлаган. Унинг асосий мақсади - 10 йил давомида ҳар йили 20 та шаҳар ва туманда замонавий енгил саноат корхоналарини қуриш. Дастур орқали ҳудудларда аҳоли турмуш даражасини ошириш ва Пхенян билан вилоятлар ўртасидаги иқтисодий тафовутни қисқартириш кўзланган. Бироқ Сеулдаги Кукмин университети профессори, Шимолий Корея бўйича мутахассис Андрей Ланковнинг фикрича, «20х10» доирасидаги кўплаб лойиҳалар муаммоларга дуч келмоқда. Унинг таъкидлашича, янги заводларда зарур инфратузилма етишмайди, уларни электр энергияси, бутловчи қисмлар ва хомашё билан таъминлаш тизими етарлича ўйлаб чиқилмаган. Ланков ҳозирги иқтисодий ўсишни 2010-йиллар ўрталаридаги жараёнлардан фарқлаш кераклигини таъкидлайди. Унинг баҳосига кўра, бугунги ўсиш ички иқтисодий ислоҳотлар натижаси эмас, балки Шимолий Корея учун қулай ташқи шароитлар, биринчи навбатда Россия билан яқинлашув ҳисобига юзага келган.

