Роберто Карлос Ислом динини қабул қилди — ОАВ

Роберто Карлос Исломни қабул қилди — ОАВ хабари
Бразилия миллий терма жамоаси ва Мадриднинг “Реал” клубининг собиқ футболчиси Роберто Карлос Ислом динига кирди. Бу ҳақда Риа Новости нашри Туркия парламенти депутати Али Шаҳинга таяниб маълум қилди.
Haberler.com нашрининг Шаҳин сўзларига кўра, “Бразилия мусулмонлари жамоатчилиги вакили Жиҳод Ҳаммада жаҳон ва Бразилия футболининг афсонаси, Туркиянинг ъФенербахчеъ клубининг собиқ аъзоси Роберто Карлос билан узоқ вақт давомида мулоқотда бўлганини, тўрт ҳафта олдин эса собиқ футболчи унинг олдига келиб, шаҳодат калимасини айтиб, Ислом динини қабул қилганини хабар қилди”.
Маълумот учун, 53 ёшли Роберто Карлос “Реал” таркибида уч марта Чемпионлар Лигаси ғолиби бўлган. Шунингдек, у Мадрид клуби билан тўрт марта Испания чемпионлигини, уч марта Испания Суперкубогини, икки марта Қитъалараро кубокни ва бир марта УЕФА Суперкубогини қўлга киритган.
Бразилия терма жамоаси сафида Роберто Карлос 2002-йилда Жаҳон чемпиони ва 1997, 1999-йилларда икки марта Америка Кубоги соҳиби бўлган.

