«Реал»да йирик, «Арсенал»да қийин ғалаба. Кун ўйинлари
АПЛда майдон марказидан гол урилди, «МУ» антирекордини янгилади, «Арсенал» ўйини чиқмаганда ҳам 3 очко қўлга киритди; Мадридда эса Винисиус йўқлигида Диоманде порламоқда. Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

«Реал»да йирик, «Арсенал»да қийин ғалаба. Кун ўйинлари
Мбеумо, 35 (0:1). Калверт-Люин, 51 (1:1)
Майкл Керрик Даниел Фарке билан кечган олти учрашувнинг фақат биттасида ғалаба қозонган эди, у ҳам Лига кубогида. «Мидлсбро»ни бошқарган пайтида у чемпионшипда «Лидс»га қарши ўтказган тўрт баҳснинг барчасида ҳам германиялик мутахассис устун келганди, ўтган мавсумнинг иккинчи ярмида эса ёркширликлар «Олд Траффорд»дан 2:1 ҳисобидаги ғалаба билан қайтганди.
Бу сафарги мураббийлар тўқнашуви эса Керрикнинг истеъфосини талаб қилаётганлар кўпайган паллага тўғри келди. Учрашувнинг илк қисми жуда суст ўтди — 25 дақиқа ичида дарвоза томон бор-йўғи битта зарба йўлланди. Шу орадаги энг эсда қоларли лаҳза 19-дақиқада Гудмундссон буцасининг таг қисми билан Сантоснинг оёғига зарба бергани бўлди. Бундай фол учун қизил карточка ҳам кўрсатилиши мумкин эди, бироқ ҳакам мезбонлар футболчисини кечирди ва сариқ карточка билан чекланишни маъқул кўрди.
Иккинчи бўлимда эса вазиятлар пайдо бўла бошлади. Мбеумо бир нечта имкониятга эга бўлди ва фақат учинчи уринишида мақсадига етиб, Юри Тилеманснинг қанотдан узатган тўпини голга айлантирди. Бу камерунлик футболчи учун жорий мавсумдаги тўртинчи гол бўлди.
Шунга қарамай, Керрик бу куни Фаркега қарши ўйинлардаги нохуш анъанасини барҳам топтира олмади. Иккинчи бўлим бошида мезбонлар ҳужумни кучайтирди ва бу Калверт-Люиннинг ҳисобни тенглаштириши билан якунланди. Инглиз ҳужумчиси стандарт вазиятда Муҳаремович орқали келган тўпни дарвозага жойлаб қўйди — 1:1.
«Юнайтед» кетма-кет учинчи бор дуранг қайд этди ва ҳануз турнир жадвалининг иккинчи қисмида қолмоқда, пешқадамлар гуруҳидан кўра хавфли зонага яқинроқ. Ташқарида октабр, «қизил иблислар» эса мавсум бошидаги етти ўйинда атиги бир марта ғалаба қозонган. Бундай ёмон старт жамоа тарихида ҳали кузатилмаганди. Майкл Керрикнинг истеъфоси ҳақидаги чақириқлар эса янада баландроқ янграй бошлади.

