Спорт

Эспи яна «Реал»ни қутқарди, «Арсенал»да 16 ёшли вундеркинд порламоқда

Сешанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар.

Эспи яна «Реал»ни қутқарди, «Арсенал»да 16 ёшли вундеркинд порламоқда

Англия лигаси кубогининг ўтган ҳафтада бўлиб ўтган баҳслари орасида марказий учрашув сифатида эътироф этилган «Челси» ва «Лидс» беллашувида мухлислар гол ёғилишига гувоҳ бўлишганди (6:3). Бу гал эса ҳамманинг диққат марказида «Ливерпул» ва «Тоттенҳем» ўртасидаги тўқнашув турди. Жамоаси билан АПЛнинг дастлабки турида бирорта ғалабага эриша олмаган (бирорта гол ҳам урмаган) Роберто Де Дзерби бу учрашувга деярли асосий таркибни туширди. «Шпорлар» инқирозли вазиятдан чиқиши керак, бунинг учун эса натижаларни яхшилаш талаб этилади.

Ўйин бошида ҳар икки жамоада биттадан яхши имконият юзага келди. Аввал Бергвалл қулай вазиятдан зарба берди, бироқ бошқа томонга сакраганига қарамай, Мамардашвили тўпни оёқлари билан қайтаришга улгурди. «Ливерпул»да эса Кумас дарвозабон билан яккама-якка чиқиб борди, аммо Дубравка билан дуелда ютқазди. Бўлим ўрталарига келиб эса мезбонлар барибир ҳисобни очишди. Мак Аллистер рикошет ёрдамида тўпни юқори бурчакка жойлаштирди. У ўтган ҳафтада ЕЧЛда «Атлетико» дарвозасини ишғол этганди, бу сафар эса «Тоттенҳем» унинг қурбонига айланди.

Танаффус арафасида Қуддус қулай имкониятдан фойдалана олмади. Ўтган мавсумнинг иккинчи қисмини оғир жароҳат сабаб ўтказиб юборган ва фақат август ойига келиб сафга қайтган ганалик футболчи дарвозабон ҳудудида туриб, тўпни юқорига тепиб юборди.

Иккинчи бўлим бошида «Ливерпул» ҳисобдаги устунликни оширди. Мак Аллистердан тўпни қабул қилиб олган Гакпо узоқ бурчакни аниқ нишонга олди. Шундан кейингина бурчак зарбаси пайтида дарвозабон хатосидан фойдаланган Галлаҳер битта жавоб голини урди. Натижада «Энфилд»да тўпланган мухлислар ўйин охиригача хавотирда қолишди. 84-дақиқада Доминик Собослаи дарвозабон билан яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади, 87-дақиқада эса Мармуш яқин масофадан дарвозани ўққа тутди, аммо Мамардашвили мезбонларни муқаррар голдан қутқариб қолди. Кейинги дақиқаларда лондонликлар яна бир неча хавфли ҳужум уюштиришди, бироқ ҳисобни тенглаштира олишмади. Қўшимча дақиқаларда эса Собослаи ўз хатосини ювди ва ўзи учун узоқ масофадан гол уриш осонроқ эканини яна бир бор кўрсатиб, учрашувга якун ясади. Унинг зарбасидан сўнг тўп аввал тўсинга тегиб, кейин дарвоза тўрига бориб тушди. «Ливерпул» Лига кубоги 1/8 финалига йўл олди, ёзда трансферларга қарийб 400 миллион евро сарфлаган «Тоттенҳем» эса мавсумдаги учинчи мағлубиятини қабул қилиб олди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.