“Рақобат мумкин жойда давлат бўлмаслиги керак”. Давлат мулкини хусусийлаштириш, биз нималарда хато қиляпмиз?
Иқтисодчи Отабек Бакиров хусусийлаштиришда фақат ижтимоий обьектлар давлатда қолиши кераклигини айтади. Унинг фикрича, қолган барча соҳаларда тенг рақобатли савдо ва солиқ мажбуриятлари қатъий бўлиши лозим. Газета мутахассис билан мулкчилик шакллари ва хусусийлаштириш сиёсатини муҳокама қилди.

“Рақобат мумкин жойда давлат бўлмаслиги керак”. Давлат мулкини хусусийлаштириш, биз нималарда хато қиляпмиз?
Август охирида иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш ҳақидаги президент фармони имзоланиб, Ўзбекистонда хусусийлаштириладиган йирик давлат активларининг янгиланган рўйхати тасдиқланди.
Унга мувофиқ, бир қатор молиявий муассасалар, саноат, транспорт ва савдо корхоналаридаги улушлар сотувга чиқарилади. Ҳужжат билан давлат активлари ва ер участкаларини сотиш ҳамда ауксионга қўйиш шартлари ҳам янгиланди.
Шу вазият фонида Газета иқтисодчи Отабек Бакиров билан мулкчилик шакллари ва хусусийлаштириш сиёсати ҳақида бўлган суҳбатни тақдим этади. Унда Ўзбекистонда ягона мулкчиликдан қачон воз кечила бошлангани, аслида давлат мулкини тадбиркорлар ва инвесторларга сотиш нимани англатиши, бу жараён идеалда қандай кечиши кераклиги ҳамда оддий одамлар учун унинг аҳамияти ҳақида сўз боради.
— Давлат мулки нега хусусийлаштирилади, аввал шуни тушунтириб бера оласизми?
— Биринчидан, жуда кўп замонавий жамиятларда аллақачон қабул қилинган келишув шундан иборатки, бозор иқтисодиёти шароитида мулк кўп укладли бўлиши керак. Мулкка муносабат, яъни мулкчиликнинг турли шакллари тан олиниши лозим. Бу давлат мулки билан бирга хусусий ва бошқа жамоавий мулк шаклларини ҳам англатади. Яъни исталган ҳуқуқий маконда, бу Ўзбекистонми, АҚШми ёки Европа Иттифоқими, фарқи йўқ, барчаси бўлиши керак.
Бугунги кунда турли сиёсий ва ижтимоий тажрибалар, тузумлар оқибатида айрим мамлакатларда давлат мулки мутлақ устунликка эга бўлиб қолган. Ўтмишга қарасак, Совет Иттифоқида, шунингдек унинг ҳудудида ёки таъсир доирасида бўлган Шарқий Европа ва Осиё мамлакатларида давлат мулки асосан монопол бўлган. Яъни социалистик ишлаб чиқаришда асосан давлат мулки тан олинган. Бошқа мулкчилик шакллари ғояга, мафкурага ёт деб ҳисобланган. 1980-йиллар охирида тузумлар турли чақириқ, яъни муаммоларга дуч кела бошлагач, мулкчилик шакли ҳам ўзгаришни бошлади. Аввал Шарқий Европада, кейин Совет Иттифоқида ва шу йўсинда кўпчиликда давлат мулкини хусусийлаштириш масаласи кун тартибига чиқди.
Чунки иқтисодий ривожланиш ва иқтисодий эркинлик ҳақида гапирадиган бўлсак, қайсидир мулкчилик, хусусан давлат мулкчилиги мутлақ катта устунликка эга бўлиши керак эмас, бу рақобат ва иқтисодий ривожланишга йўл очмайди. Шунинг учун тарихимизда илк қабул қилинган норма кўп укладли иқтисодиёт қуриш, яъни мулкчиликнинг бошқа шаклларини ҳам тан олиш бўлган. 1988−1989-йилларда Совет Иттифоқи парчаланмасдан туриб, мулкчиликнинг бошқа шаклларини тан олиш кун тартибига чиққан. Хусусийлаштириш масаласи эса анча кейинроқ, орадан бир неча йил ўтиб, иттифоқ тарқаб бўлгандан кейин кун тартибига чиққан.
Полшада бу эртароқ юз берган, чунки уларда “солидарност” ҳаракати кучли бўлган. Шарқий Европанинг қатор мамлакатларида хусусий сектор тўла-тўкис йўқ қилиб юборилмаганди. Сиёсий назорат бўлгани билан Полша, Чехословакия, Югославия, Руминияда хусусий мулкчилик ва хусусий бизнеснинг жуда кичик элементлари мавжуд эди. Совет Иттифоқининг улардан фарқи шундаки, бизда шахсий мулк, яъни уй-жой ёки шахсий буюмлардан бошқа мулкчилик шакли тан олинмаганди. Бу буржуа элементи, капиталистик жамиятнинг сарқити деб ҳисобланган. 1988−1989-йилларда турли мулкчилик шаклларининг тан олиниши “Кооперативлар тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши билан бошланган. Қонун қабул қилиниши, албатта, кооперативларнинг қайта ишлаб, хизмат кўрсата бошлаши уларда қўшимча капитални, бу эса қўшимча мулкка эҳтиёжни пайдо қилган.
— Шунда мақсадини қандай кўрасиз? Масалан, ҳозир бир қанча вариантларни айтишади-ку, яъни хусусийлаштиришнинг мақсади — давлат ўз активларидан қутулиши ёки буджетга пул жалб қилиш ёки умуман хусусий секторни қўллаб-қувватлаш. Буларнинг ҳаммаси муҳимми ёки устувори борми?
— Суҳбатимиз бошида социалистик тузум, ўша пайтда ўзини оқламаган ва рақобатга йўл бермаган мафкура ҳақида гаплашдик. Мазкур режимдаги мулкчилик муносабатлари ҳақида қисқача тушунча бердик. Бусиз ҳам соғлом иқтисодиёт, эркин бозорга эга мамлакатларда давлат мулки мавжуд. Жуда кўп соҳалар, масалан, темирйўл, почта, ҳатто айримларида банклар ҳам давлат назоратида бўлган.
Агар Буюк Британия мисолини олсак, узоқ вақт сиёсий ҳокимият лейбористлар ҳукумати назоратида бўлгандан кейин жуда катта мулк давлат қўлида йиғилиб қолган. Конлар, темирйўл тизими, банклар ва ўз-ўзидан у давлатга, буджетга оғирлик қила бошлаган. Самарадорлиги пасайган. Шунинг учун ғарб мисолида давлат мулкининг сиёсат, ижтимоий ҳаёт ва иқтисодиётдаги роли ҳақида гап кетганда, Буюк Британия намуна сифатида келтирилади. Маргарет Тетчер (Буюк Британия собиқ бош вазири) ҳокимиятга қайтгандан кейин жуда катта хусусийлаштириш дастури эълон қилинган. Яъни темирйўллар, конлар, энергетика сектори давлат тасарруфидан чиқарилган. Бу жараён биз каби социалистик ўтмишни бошидан кечирган мамлакатларга хос деб айтиш қийин.
Айни пайтда яна бир масала бор: вақти-вақти билан турли мамлакатларда социалистлар ёки сўл кучлар ҳокимиятга келади ва улар ўз ғояларини амалга оширишдаги одатий биринчи қадамларидан бири — қатор иқтисодий секторларни давлат назоратига қайтариш. Мисол учун, Чилида социалистлар ҳукумати худди шундай ҳаракатларни 1970-йилларда амалга оширган. Яъни “хусусий сектор эплай олмаяпти, биз меҳнаткашлар синфининг талаб-истакларини амалга оширишимиз керак” деган даъво билан чиққан. Давлатнинг қўлида маълум бир секторлар, албатта, бўлиши керак деган ғояга асосланади.
— Юқорида айтиб ўтдингиз, барибир давлат тасарруфида айрим корхоналар, активлар қолади ва у қайси активлар бўлиши керак?
— Мулкчиликнинг мазмуни кўпинча сиёсатдаги ўзгаришларнинг аксидир. Сиёсатда қандай ўзгаришлар бўлса, парламент сайловлари ва ҳукумат шаклланишида қайси кучлар устун бўлса, улар жараённи қандай тасаввур қилаётган бўлса, ўзларини берган ваъдаларини қандай амалга оширишни режалаштираётган бўлса, шунга яраша реаллик шаклланади. Масалан, ўнг кучлар ёки либераллар ҳокимиятга келса, улар имкон қадар давлатнинг ҳамма секторлардан, ҳатто инфратузилма тизимларидан ҳам чиқиб кетишини истайди. Ҳатто айрим либералларда қамоқхоналарни ҳам хусусий секторга бериш керак деган қарашлар бор. Бу бўйича тажрибалар ўтказилган. Давлат ижтимоий ва инфратузилма обьектларини ўз назоратида ушлаши керак. Рақобат қилиш, бозор ўзини ўзи тартибга солиши мумкин бўлган қолган барча секторлардан давлат кетиши мумкин, деб ҳисоблайман. Менинг идеалимда шундай.
— Мулкчилик шакли ўзгариши, яъни биз муҳокама қилаётган вазиятда хусусийлаштириш корхонани самаралироқ ишлашини кафолатлайдими? Яъни бу борада бошқарувнинг ҳам аҳамияти ҳақида гаплашсак бўлади.
— Жуда юқори аҳамиятга эга саволни беряпсиз. Жуда муҳим савол. Чунки мулкчилик шаклининг давлат секторидан хусусий секторга ўтиши самарадорликни оширади деган нотўғри қараш шаклланган. Бу шаблон қараш одатда давлат ўз назоратидаги мулкларни тезроқ самарали бўлиш-бўлмаслигидан қатъи назар садоқатли мулкдорларга қайта тақсимлаш режаси бўлганда илгари сурилади. Масалан, 1990-йиллардаги Россияни тасаввур қилсангиз, энг йирик нефт компаниялари, темир ва металлургия комбинатлари, ҳозирги мавжуд олигархлар назоратидаги энг йирик активлар шубҳали гаров ауксионлари орқали тақсимлаб берилган.
У ерда самарали мулкчиликни шакллантириш эмас, барқарор сиёсий режимни давом эттириш мақсади бўлган. Яъни Елсин ҳокимиятини 1996-йилдаги президентлик сайловидан кейин ҳам давом эттириш истаги бўлган. Хоҳлаймизми ёки йўқми, сиёсий мақсадлар ўз ўрнига эга бўлади, бунга кўз юмиш жуда қийин. Шунинг учун саволингизга жавобим шуки, ҳамиша ҳам давлат мулкини хусусийлаштириш самарадор, самарали тизимни ёки самарадор мулкдорни яратмайди. Самарадор тизим ва самарадор иқтисодий режим хусусийлаштиришдан кейин рақобат муҳити таъминланса юзага келади. Очиқ, эркин рақобат муҳити таъминлансагина. Бу жараён давлат мулкини хусусий эгасига топширишдангина иборат эмас. Топширишгача бўлган жараёнлар ҳам жуда мураккаб ва жамият назоратида, очиқликда кечиши керак.
— Ўзи хусусийлаштириш қандай бўлиши керак, идеалда картинани қандай кўрасиз?
— Идеалда мулкнинг турли шакллари бор, давлат назоратидагиларини ҳам учратиш мумкин. 35−40 йил орқага қарасак, Ўзбекистон бўйича Тошкентда одамлар яшаётган хонадонлар ҳам давлат мулки бўлган. Масалан, Ўзбекистон ёки Россияда ҳам хусусийлаштиришнинг биринчи қадами квартираларни хусусийлаштиришдан бошланган. Яъни аҳолига осон ва арзон тарзда хусусийлаштириш имконияти яратиб берилган. Ўзбекистонда ҳам, Совет ҳудудида ҳам илк мулкдорлар квартирасини хусусийлаштириб олганлар ҳисобланади. Бу — биринчи босқич.
Ундан кейинги босқичдаги хусусийлаштириш кичик обьектларда бўлган. Совет режимида ҳатто дўконлар, бекатлар, кичик сартарошхоналаргача давлат мулки ҳисобланган. 1990-йилларнинг илк даврларида квартиралар приватизациясидан кейинги босқичда маиший обьектлар хусусийлаштирилган. Яъни ўта кичик обьектлар. Бу майда ва ўрта мулкдорлар синфини яратган. Ундан кейинги босқич йирик ишлаб чиқариш, саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалигига оид активларни хусусийлаштириш билан кечган. Буни ўрта ва йирик хусусийлаштириш деб аташ мумкин. Шу ерда шакллар кескин фарқланади. Яъни бир неча усуллар қўлланган.
Шарқий Европа ва Россияда ваучерлаштириш усули бўлган. Бунда мулкнинг қиймати ҳисоб-китоб қилиниб, аҳоли сонига нисбатан чиқарилиб тарқатилган. Киши бошига, айтайлик, 10 минг рублдан тушган. Ваучер эвазига кичик ёки ўрта корхоналарнинг аксияларини сотиб олиш мумкин бўлган. Ўзбекистонда 1995-йилда мингта ўрта корхона бор бўлган деб ҳисобласак, уларнинг қиймати 10 трлн сўм, Ўзбекистон аҳолиси 20 млн нафар бўлса, бу уларнинг ҳар бирига 50 млн сўмдан ваучер тарқатилди дегани. Бу ҳам хусусийлаштириш усулларидан бири ҳисобланган. Баъзи мамлакатлар каби Ўзбекистон ҳам худди шундай йўлдан ўтган. Пай фондлари орқали хусусийлаштириш чора-тадбирлари ҳам қилинган.
Масалан, 1990-йилларда Ўзбекистонда хусусийлаштириш жараёни учун инвестицион, пай фондлари ташкил қилинган. Одамлар уларнинг аксиясини сотиб оларди. Жуда мураккаб, тушуниш қийин бўлган жараёнлар бўлган. Яъни тайёргарлиги, дастлабки сармояси йўқ одамлар учун тушуниш қийин ва кириш жуда юқори хатарли ҳам ҳисобланган. Шунинг учун ҳам ўрта хусусийлаштиришдан бошлаб жараёнга мутлақ кўпчиликни жалб қилиш муаммоли бўлган. Рискка ҳеч ким бормаган. Инвестиция ёки қарор қабул қилиш, табиийки, рискка бориш билан баробар. Бу муаммо нафақат бизнинг мамлакатимизда, ҳаммада ҳам шундай.
Агар бунинг тарихини ўргансак, ҳеч қайси мамлакатни ўрта корхоналарни хусусийлаштиришда кенг аҳоли қатламини муваффақиятли қамраб олди, дейиш қийин. Бизда фақат саноқли корхоналарни мисол тариқасида келтириш мумкин. Чунки меҳнат жамоасига 5−24 фоизгача аксиялар тақсимланган. Шуларгина қайсидир маънода аксиядорларга айланди, деб ҳисоблаш мумкин. Яъни улар жамғармалари ҳисобидан аксиялар сотиб олмаган, улушдор бўлмаган. Уларга қилган меҳнати учун ҳақ тўланган.
1990-йилларда иш ҳақини тўлаш жуда катта муаммо бўлган. Картошка, турли ичимликлар, ҳатто сигареталар билан ҳам натура кўринишида иш ҳақи тўланган ва жуда кўп корхоналар иш ҳақини аксиялар билан ҳисоблашган. Шу каби бир нечта муваффақиятли мисолларни айтиш мумкин. Нефт-газ, металлургия каби йирик компанияларга эга соҳаларда давлат улуши 97−98 фоиз эканини кўриб турасиз. Қолган 2 фоизи кимларнинг қўлида? Қачонлардир меҳнат жамоасига тақсимланган улушларга эгалик қилиб қолган майда аксиядорлар қўлида. Масалан, банклар мисолида ҳам кўриш мумкин. Жуда кўп давлат банкларининг, ҳозир уларнинг айримлари хусусийлашган, 2−3 фоиз аксия қисми миноритар, майда аксиядорлар қўлида. Улар айнан ходимларнинг улушлари ҳисобланади. Ходимлар қўлига киритган аксиялари ҳисобланади.
Масалан, Ўзбекнефтгазнинг қайсидир қисми хусусийлаштириладиган бўлса, унда албатта халқ иштирок этиши керак, деб ҳисоблайман. УзНИФ (Ўзбекистон Миллий Инвестиция жамғармаси) мисолида яхшироқ тушунтира оламан. Жамғарма икки томонлама ИПО қилди, аксияларнинг бир қисмини Лондонда, бир қисмини Тошкент фонд биржасига жойлаштирди. Тошкент фонд биржасига жойлаштирилганда ўзбекистонликлар жараёнда устувор, имтиёзли қатнашиш имкониятига эга бўлди. Худди шундай Ўзбекнефтгаз, айтайлик НГМК, ОТМК каби йирик, Ўзбекистоннинг асосий солиқ тўловчи комбинатлари хусусийлаштириладиган бўлса, айнан шу тажрибадан фойдаланиш керак.
— Тушунарли. Бунда активларнинг ҳақиқий қиймати қандай аниқланади?
— Бунинг моделлари жуда кўп. Энг яхши ва самаралиси — бозор. Аксиялар очиқ бозорда ликвид кўринишда айланаётган бўлса, унинг нархини белгилайдиган энг яхши восита — бозор. Масалан, Трастбанк аксияларининг катта қисми очиқ бозорда ҳаракатланади. Унинг нархини фонд биржасида айланаётган аксиялар нархидан келиб чиқиб билиш мумкин. Ёки Ҳамкорбанкники ҳам. Унинг капитализацияси орқали бозор нархини аниқлаш мумкин. Айни пайтда тўлиқ давлат назоратидаги бошқа компаниялар бор, уларни баҳолаб бўлмайди.
Масалан, Асакабанк 100 фоиз давлат қўлида. Уни қандай баҳолаймиз? Фонд биржасида аксиялари айланмайди. Айланган тақдирда ҳам ликвид эмас, яъни доимий равишда хоҳиш бўлган даражада сотиш ёки сотиб олиш имконияти йўқ, жуда чекланган. Ўзсаноатқурилишбанк мисолида ҳам худди шуни айтиш мумкин. Албатта, бунда профессионал баҳоловчилар ёлланади. Улар жуда кўп омилларни: активнинг бозордаги ўрни, сифати, таркиби, истиқболи, регуляцияси каби жиҳатларни инобатга олиб баҳолашади. Баҳоланган нарх турли кўринишда савдога чиқарилади. Яъни аввал дастлабки нарх сифатида чиқиши ёки ўзаро, тўғридан-тўғри музокаралар юритиш учун асос бўлиши мумкин.
— Хўп, шу жараёнда давлат мулки деб эътироф этилган қандайдир обьект ёки умуман актив сувтекин кетиб қолмаслиги учун нима қилиш керак деб ўйлайсиз?
— Бу риск доим бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Хусусийлаштириш шундай жараёнки, у доим сиёсий мотивлар билан йўғрилган. Хусусийлаштириш жараёни юз бераётган даврда иқтидорида мавжуд бўлган сиёсий доиралар айниқса йирик активларни хусусийлаштиришда ўзларига содиқ бўлган мулкдорлар синфи шаклланишини исташади. Яъни садоқатлилар. Чунки мулк ва ҳокимият бир-бирини тўлдирадиган, ўта чамбарчас ва бирисиз иккинчиси мавжуд бўла олмайдиган институтлар ҳисобланади.
— Мана шу жараёнда манфаатлар тўқнашуви, яъни мулклар тор доира қўлида жамланиб қолмаслиги учун нима қилиш керак деб ўйлайсиз?
— Яна қайта-қайта қонунчиликка мурожаат қилишимиз керак бўлади. Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин биринчи бўлиб қабул қилинган қонунлардан бири айнан давлат мулкини хусусийлаштиришга оид қонун бўлган. Кўпчилик ҳозир буни эсламайди. 1990-йилда шаклланган парламентимиз, адашмасам, 1991-йил 19-ноябрда қабул қилган илк қонунлардан бири — “Хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун бўлган. Бу қонун орадан 33 йил ўтиб, 2024-йилда янгиланди. 33 йил ўтиб янги қонун қабул қилинди. Шу қонуннинг 4-моддасида принсиплар белгиланган. Шунга кўра, хусусан, хусусийлаштириш очиқлик тамойили асосида ўтиши керак. Бундан ташқари, ҳисобдорлик ва коррупсияга йўл қўймаслик принсиплари ҳам бор.
Сиз ҳозир айтаётган саволларга қонунда жавоб берилган ва шу билан тийиб турилиши керак. Идеалда шундай. Лекин амалиётда қонундан аввал ёки кейин хусусийлаштирилган активлар мисолида қарасангиз, қонуннинг 4-моддасидаги принсиплар очиқдан-очиқ бузилган. Битта эмас, бир нечтаси бир вақтнинг ўзида бузилган ҳолатлар бор. Энди буни тийиб туришнинг қандай воситалари бор десангиз, мен ҳозир учун Ўзбекистон шароитида медиа ва жамоатчилик назоратидан бошқа кучлироқ ёки самаралироқ воситани кўрмаяпман. Чунки бизда парламент йўқ. Шундай экан, хусусийлаштиришнинг легитимлиги ҳақида саволларни кўтариши мумкин бўлган ягона институт ҳозирча жамоатчилик ва медиа бўлиб қоляпти. Афсуски, мен буни хурсанд бўлиб гапирмаяпман. Лекин шунда ҳам жамоатчилик жуда катта манипуляцияларга учраяпти.
Иккинчи масала хусусийлаштиришдаги абсолют ёпиқлик билан боғлиқ. Билсангиз, Ўзбекистон 2017-йилдан кейин жуда кўп масалаларда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича катта қадамлар ташлади, хусусийлаштириш эса истисно бўлиб қолди. Бу борада давлат органи ҳисобланган Давлат активларини бошқариш агентлиги Ўзбекистондаги энг ёпиқ органлардан бирига айланди. Агентликнинг эски ёки ҳозирги бирор раҳбари жамоатчиликка очиқ чиқиб изоҳ берганини кўрмаганман. Ваҳоланки, хусусийлаштириш шундай жараёнки, агар сиз ишончни таъминлай олмасангиз, жамиятда мулкдорларнинг легитимлигига доир савол ҳеч қачон йўқолмайди. Савол қайта-қайта қўйилаверади.
Масалан, Россия ёки Қозоғистонни олсак ҳам, 1990-йилларда йирик активлар садоқатли, лоял олигархияга қайта тақсимлангани ҳануз савол остида. Жуда кўп сиёсий муаммолар айнан шу хусусийлаштириш даврида бошланган.
— Нима учун хусусийлаштириш оддий фуқаролар, халқ учун фойдали ва муҳим?
— Идеалда хусусийлаштириш жараёнида самарали мулкдорлар синфи яратилади, дедик, тўғрими? Самарали, ўзаро рақобатлашадиган мулкдорлар ҳар қандай жамиятнинг таянчи. Яъни улар жамиятни барқарорлаштиради. Мулкдорлар синфи қанча хилма-хил, ўзаро рақобатлаша оладиган ва консентрацияси юқори бўлса, жамият барқарор бўлади. Яъни хусусийлаштириш жараёнида иштирок этмаган ёки пассив ҳолатда бўлган жамият аъзолари ҳам бундан фойда олади, манфаатдор бўлади. Янги мулкдорлар кўпроқ солиқ тўлашни бошлайди.
Яхши мисол бўлмаслиги мумкин, лекин Соса-Солаъни олсак, 2021-йилда хусусийлаштирилган бўлса, бу жараёнга ҳам жуда кўп саволлар бор, албатта, лекин шу орқали янги мулкдорлар пайдо бўлгандан кейин солиқ тўловлари ошган. Номини эслатмасдан хусусийлаштирилган бошқа йирик обьектларни оладиган бўлсангиз, солиқ тўловлари камайган. Яъни нега ишонч керак дейилса, бу ишонч жамият аъзоларидан ҳам кўра кўпроқ мулкдорларга керак, дердим. Хусусийлаштириш натижалари вақт ўтиб, сиёсат ўзгариб, яна қайта кўриб чиқилмаслиги умуман мулк дахлсизлиги учун ҳам керак.
Масалан, уяли алоқа компаниялари, семент заводлари хусусийлаштирилиши катта саволлар остида эди. Нега, чунки ўша жараёнга нисбатан ҳеч кимнинг ишончи йўқ эди. Ҳатто давлат органларининг ҳам ишончи йўқ эди. Шунинг учун улар давлатга қайтарилаётганда мулкчилик ҳуқуқи қаерда қолди, деб жамият савол бермади. Боиси, унинг қандай хусусийлаштирилганини жуда яхши билишарди. Худди шундай семент заводлари ҳам 2000-йилларда қандай назорат остига олингани, қандай қилиб сохта хусусийлаштириш схемалари орқали эгалик қилингани ҳаммага маълум эди.
Лекин соғлом ауксион, бир неча рақобатлашувчи талабгор иштирокида бозор нархида қўлга киритилган активнинг эртанги национализацияси масаласи кўтарилганда, жамият ҳеч кимни тўхтатмади. Ҳар хил йўллар билан қайсидир активларга эгалик қилишни истовчилар, ичидан ўз улушини чиқариб олиб, активларни сувтекинга хусусийлаштириш ҳаракатидагилар жуда кўп. Лекин 5−10 йил ўтадими, уларга қайта-қайта саволлар берилаверади.
— Хусусийлаштиришда доимо тенг рақобат бўлиши керакми ёки қайсидир бой инвесторлар устунликка эга бўлиши нормалми?
— Агар у махсус актив бўлмаса, иложи борича қўшимча мезонлар, шартлар, критерийлар белгиланмаслиги керак. Очиқ бозорда профили ва инвестицияларнинг келиб чиқиш манбаи қандай, қайси соҳаданлигидан қатъи назар, талабгорлар сонини оширишимиз энг яхши мулкдорларни топишимизга имкон беради. Масалан, Соса-Солаъни хусусийлаштиришда ауксионда нега фақат салқин ичимликлар ишлаб чиқарувчиларигина иштирок эта олди? Бунда исталган инвесторни қўйиш мумкин эди. Айтайлик, катта қурилиш компанияси ҳам қатнашиб, ғолиб бўлганида ундан ёмон бошқарувчи чиқмас эди. Унинг тажрибаси йўқ дейишга ҳаққимиз йўқ эди.
Айрим кичик банкларнинг хусусийлаштирилишида ҳам тижорат банки ёки молиявий институт бўлиши керак деган талаб қўйилган. Мен мана шу талабни ҳам нотўғри деб ҳисоблаганман. Чунки ўз пулини тўлаб, рақобатли савдода ғолиб чиққан одам бошқарувда керакли мутахассисларни топа олади. Профессионал жамоани йиға олади. Мулкдорлик ва бошқарувчилик айни бир йўналишда бўлиши шарт эмас.
— Мана шу жараёнда инвесторларга қандай талаб ва мажбуриятлар қўйилиши керак деб ҳисоблайсиз?
— Бу активнинг хусусиятига боғлиқ. Профилга нисбатан талаб қўйилишини нотўғри деб ҳисоблайман. Масалан, семент заводларини хусусийлаштиришда ишлаб чиқаришдаги тажрибаси деган мезоннинг мавжудлиги талабгорлар сонини кескин камайтиради. Талабгорлар сонининг кескин камайиши ўз-ўзидан нархни паст қилади. Хусусийлаштиришда асосий мақсадлардан бири иложи борича қиммат сотиш ва талабгорлар сонини ошириш бўлиши керак.
— Йўқ, хусусийлаштиришдан олдин эмас, хусусийлаштиришдан кейинги мажбуриятларни назарда тутгандим.
— Ҳа, хусусийлаштиришдан кейинги мажбуриятлар ҳам бўлиши керак. Айтайлик, сиз қандайдир нархдан ташқари қўшимча мажбуриятлар юклаяпсизми, шу жойнинг ўзида ютқазган бўласиз. Сизга, айтайлик, инвестицион, ижтимоий мажбуриятлар юкланади, фалон йил мобайнида 150 миллиард сўм инвестиция киритишинг керак деган шарт қўшиляпти. Ёки фалон йил мобайнида шу активнинг ижтимоий қарамоғида бўлган иккита боғчага қараб юришинг керак дейишяпти, у ҳам нархни пасайтиради. Пахтакор стадиони зўр мисол бўлади. Пахтакор клубини сотаётганда Пахтакор стадиони билан сотилиши нархни пасайтиради. Яъни булар — икки хил актив. Пахтакор клуби ва Пахтакор стадиони алоҳида сотилиши керак эди. Тижорий ва ижтимоий обьектлар ажратилиши керак.
— Унда давлат нега буларни қориштириб хусусийлаштиради, сизнингча?
— Асосий масала шу ерда. Жуда кўп профил ва секторларда давлат чин дилдан воз кечишни истамайди. Бунинг аксини қанча айтмасин, назоратида олиб туриш керак деб ҳисоблайди. Ўз назоратидан қанча узоқлашса, унга бўлган таъсир чоралари шунча камаяди. Давлат банкларини хусусийлаштириш йилдан-йилга кечиктирилаётганининг сабабларидан бири ҳам шу билан боғлиқ. Давлат жуда кўп ижтимоий дастурлари: ишсизлик, бандлик билан боғлиқ вазифаларни ҳануз банклар орқали амалга оширишда кўради. Ундан ташқарида кўра олмайди. Шунинг учун ҳам пайсалга солинаверади. Шунинг учун ҳам қайта-қайта янги қарорлар чиқади.
— Хўп, дейлик, активларни ажратиш сиёсати бошланадиган бўлса, шунда ҳам кириб келадиган инвестор олдида бирор мажбурият бўлиши керак эмасми?
— Энди банклар мисолини кўп гапиряпмиз-ку. Банкларга ҳеч қандай мажбурият юкланмаслиги керак. Яъни инвестор сотиб оляптими, унга нисбатан на ижтимоий, на инвестицион мажбурият юкланмаслиги керак, деб ҳисоблайман. Мана бозор нархида сотиб олинг ёки ўзаро, тўғридан-тўғри музокараларга киришинг, бир неча талабгорни чақиринг, энг яхши тижорий таклифларни бергани билан битим тузинг — шундай қилишимиз керак. Худди шунақа уяли алоқа компаниялари билан ҳам. Ёнига инвестицион мажбурият қўшилдими, сотув нархи пасаяди. Биринчи марта эмас-ку, неча марта шундай ҳолатларни кўрдик. Давлат инвесторлар, мулкдорлар билан фақат солиқ орқали муносабатга киришиши керак. Ижтимоий масалаларни давлатнинг ўзи зиммасига олиши лозим. Бизда тескариси кетяпти. “Жаноблар, сизга жуда арзон нархда уяли алоқа компаниясини беряпмиз, бошқа талабгорларни қатнаштирмадик, ўзингиз яккахон бўлиб ютиб чиқдингиз, энди марҳамат қилиб солиқ тўланг” деган қадам бўлиши керак.
— Демак, устуворликлар қайта кўриб чиқилиши керак.
— Бутунлай қайта кўриб чиқилиши керак. Яъни тўғри хусусийлаштириш давлатга тушумни оширади ва бу орқали давлат ўз вазифасини, зиммасидаги вазифасини тўлиқ амалга ошириши мумкин. Давлат бу нарсаларни чалкаштириб юбормаслиги керак. Бизда эски даврнинг ҳам, янгисининг ҳам хатоси хусусийлаштирилмайдиган активларни хусусийлаштиришни исташимизда. Хусусийлаштирилиши керак бўлган банкларни чўнтагимизда ушлаб ўтамиз. Иккинчи парадокс ҳолат халқаро молия институтлари, ғарбдаги ҳамкорларимиз хусусийлаштириш масаласини танқид қилмаслиги билан боғлиқ. Бунинг сабаби нимада эканини мен ҳам қизиқаман. Масалан, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банкидан бошлаб, Европа ва Осиёнинг молия институтларигача бу билан боғлиқ конфликтга киришгиси келмайдигандек кўринади. Ваҳоланки, энг катта танқидга сазовор, дучор бўлиниши керак бўлган йўналиш шу.
— Муваффақиятли хусусийлаштириш амалга оширилганини қачон билиш мумкин?
— Муваффақиятли хусусийлаштириш деганда мен битта обьектни назарда тутмайман, бутун бошли тизим ўзгариши керак, деб ҳисоблайман. Муваффақиятли хусусийлаштиришдан кейин сиёсий конъюнктура, сиёсий идеология бутунлай ўзгаради. Агар хусусийлаштиришдан кейин сиз нафақат эркин бозор, балки эркин сиёсий плюрализмга ҳам келган бўлсангиз, демак, муваффақиятли хусусийлаштиришни амалга оширдим, деб ҳисоблаш мумкин. Иқтисодиётингиздаги плюрализм сиёсатингизда ҳам плюрализм яратиши керак бўлади.
— Тушунарли.

