Дунё

Қундузлар Европада қуриб бораётган дарёларни тиклашга ёрдам бермоқда

Қундузлар Европадаги қуриётган дарёларни тиклашга ёрдам бермоқда

Деуцче Велле хабарига кўра, Европада сони ортиб бораётган қундузлар дарёларда сувни сақлаб қолиш ва қуриб бораётган ҳудудларни тиклашга ҳисса қўшмоқда.

Маълумотларга кўра, бир вақтлар Европада деярли йўқ бўлиб кетган қундузлар сони ҳозирда 1,5 миллионга яқинлашган. Мутахассислар уларнинг қурган тўғонлари дарёларда сувни ушлаб туриш, қурғоқчилик ва тошқинлар таъсирини камайтириш, шунингдек, ерости сувларини тўлдиришга ёрдам бераётганини таъкидламоқда.

“ХХ аср бошларида Евросиё қундузлари мўйнаси, гўшти ва безларидан олинадиган модда учун кўп овлангани сабабли уларнинг ёввойи табиатдаги сони қарийб 1,5 мингтагача камайган эди. Узоқ йиллар давом этган қайта тиклаш дастурлари натижасида бугун улар Испаниядан Россиягача бўлган ҳудудларда яна кенг тарқалмоқда”, дейди мутахассислар.

Қундузлар дарё ва сойлар бўйлаб шох-шабба, ёғоч, лой ва тошлардан тўғонлар қуради. Бу эса сув оқимини секинлаштириб, атрофда кўлмак ва ботқоқликларни ҳосил қилади. Натижада ёғингарчилик даврида сувнинг бирдан қуйи ҳудудларга оқиб кетишига тўсқинлик қилинади, қурғоқчилик пайтида эса намликни узоқроқ сақлаш имконини беради.

ДВ маълумотларига кўра, қундуз тўғонлари сувдаги айрим ифлослантирувчи моддаларни ушлаб қолиши, ерости сув қатламларининг тўйиниши, шунингдек, сув тошқинлари, қурғоқчилик ва ўрмон ёнғинлари оқибатларини юмшатишга хизмат қилиши мумкин. Шу сабабли қундузлар кўпинча табиатнинг “муҳандислари” деб аталади.

Бундай тажрибанинг амалий натижалари Буюк Британияда ҳам кузатилмоқда. Корнуоллдаги фермер хўжаликларидан бирида қундузлар қурган тўғонлар миллионлаб литр сувни ландшафтда сақлаб қолган ва қурғоқчилик даврида яйловларни сув билан таъминлашга ёрдам берган.

Шунингдек, Англияда қайта табиатга қўйиб юборилган қундузлар қисқа вақт ичида 35 метрли тўғон барпо этган. Натижада янги сув-ботқоқ ҳудудлари шаклланиб, ўсимликлар, амфибиялар, қушлар ва бошқа ҳайвонлар учун яшаш муҳити кенгайган.

Мутахассислар қундузларни барча сув муаммоларига универсал ечим деб ҳисобламайди. Бироқ дарёларнинг табиий ўзанини тиклаш, сувни ландшафтда узоқроқ ушлаб туриш ва ботқоқликларни қайта тиклаш каби табиатга асосланган усуллар қурғоқчилик кучаяётган ҳудудларда тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

**Европада дарёлар қуриб бормоқда**

Европада давом этаётган қурғоқчилик фонида Дунай ва Рейн каби йирик дарёларда сув сатҳи пасайиб, айрим ҳудудларда ўзанлар сезиларли даражада торайган.

Франсияда ҳам вазият мураккаблашган. Айрим кичик дарё ва сойларда сув оқими узилиб, баъзилари бутунлай қуриб қолган.

Дарёларнинг қуриши ва саёзлашиши аллақачон жиддий оқибатларга олиб келмоқда. Мисол учун, Дунайда сув сатҳи пасайиши сабабли Руминияда атом электр стансиясини совитиш учун дарёдан қўшимча сув йўналтириш мақсадида қоятош портлатилди. Кейинчалик эса “Чернаводе” АЕСнинг ишлаётган энергоблоки тўхтатилди.

Дунайнинг бошқа қисмларида сув чекиниши қарийб 1700 йиллик Рим кўприги ҳамда Иккинчи жаҳон уруши даврида чўкиб қолган немис ҳарбий кемаси қолдиқларини юзага чиқарди. Германиянинг Кауб шаҳрида эса Рейн дарёси сатҳи тарихда илк бор 20 сантиметрдан пастга тушди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.