Қозоғистонни “рус мамлакати” деб атаган эркак 20 суткага қамалди (видео)
Олмаота шаҳридаги савдо марказида қўриқчи ҳамда харидорлар билан жанжаллашган 40 ёшли Қозоғистон фуқароси ушланди.

Қозоғистонни “рус мамлакати” деб атаган эркак 20 суткага қамалди (видео)
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида 40 ёшли эркак савдо марказида қўриқчи ва харидорлар билан тортишиб қолгани учун 20 суткага қамалди. Тортишув чоғида у “Бу — руслар мамлакати” деган. Бу ҳақда “Toppress.kz” шаҳар полиция департаментига таяниб хабар берди.
Ижтимоий тармоқларда воқеа акс этган видео тарқалди. Унда супермаркет чиқишида қўриқчи қўлида энергетик ичимлик бўлган эркакдан чекни кўрсатишни сўрагани кўринади.
Харидор дўкон ходими билан баҳслашишни бошлайди. Бошқа харидорлар ҳам жанжалга аралашиб, эркакни қўриқчига ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақиради. Можаро пайтида у: “Бу — рус мамлакати”, деган сўзларни айтади.
Воқеа жойида бўлганлардан бири унга эътироз билдиради. У Қозоғистон қозоқлар мамлакати эканини эслатиб, дўкон ходимининг талабини бажаришга чақиради. Кейинроқ қўриқчи чекни текшириб, энергетик ичимлик учун тўлов қилинганини тасдиқлайди.
Департамент маълумотига кўра, видео тарқалгач, тезкор суриштирув ўтказилган. Ҳуқуқбузарнинг шахси аниқланган. У Олмаота шаҳрида яшовчи 40 ёшли Қозоғистон фуқароси экани маълум бўлган. Суд қарори билан эркак маъмурий жавобгарликка тортилди. Унга 20 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

