Тўқаев рус тилини сиёсий масалага айлантирмасликка чақирди

Тўқаев рус тилини сиёсий мавзуга айлантирмасликка чақирди
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев рус тилини сиёсийлаштирмаслик кераклигини айтди. Бу ҳақда у Рус тили бўйича Халқаро ташкилоти (МОРЯ) бош котиби Наталя Бочарова билан учрашувда маълум қилган.
Учрашувда томонлар таълим, фан ва маданият йўналишларидаги ҳамкорликни муҳокама қилган. Тўқаев қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ташкилотга аъзо барча давлатларнинг манфаатларини инобатга олиш зарурлигини таъкидлаган.
“Тил одамларни бирлаштириши, ўзаро тушунишга хизмат қилиши керак, сиёсат предметига айланмаслиги лозим”, деган Қозоғистон раҳбари.
Бочарова эса ташкилот фаолиятини қўллаб-қувватлагани учун Тўқаевга миннатдорлик билдирган. Тўқаев рус тили бўйича халқаро ташкилот тузишни 2021-йил 28-декабрда Санкт Петербургда россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан музокараларда таклиф қилган эди. Бу ташаббусни Россия ва Беларус қўллаб-қувватлаган.
МОРЯ бошқа давлатлар, жумладан, МДҲдан ташқаридаги мамлакатлар учун ҳам аъзоликка очиқ эканини билдирган.
21-сентябр куни Россия президенти Владимир Путин қозоғистонлик ҳамкасби билан телефон орқали суҳбатлашган. Мулоқот чоғида етакчилар Россия ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларни, стратегик шериклик ва иттифоқчиликни янада жадал ривожлантиришга қатъий эканини билдирган. Бундан ташқари, Тўқаев суҳбат давомида россиялик ҳамкасбини Давлат Думасига сайловлар муваффақиятли ўтказилгани билан табриклаган. Сайловларда “Единая Россия” ғалаба қозонган.
1-июл куни Қозоғистонда республика референдуми натижасида қабул қилинган янги конституция кучга кирган. Асосий ўзгариш икки палатали парламентдан бир палатали қурултойга ўтиш бўлган. Бундан ташқари, янги конституция Қозоғистонда рус тилининг расмий мақомини мустаҳкамлаган.

