Қозоғистон хорижликлар учун пулли электрон рухсатнома жорий этади. Талаб ўзбекистонликларга ҳам тааллуқли

Қозоғистон визасиз режимга эга давлатлар фуқаролари, шу жумладан Ўзбекистон фуқаролари учун мамлакатга киришда пулли электрон рухсатнома – Элестронис Травел Аутҳоризатион (ЭТА) тизимини босқичма-босқич жорий этмоқда.
ҚазЕТА рақамли платформаси орқали расмийлаштириладиган ушбу электрон рухсатномани сафардан камида 72 соат олдин топшириш тавсия этилади ва у 180 кун давомида амал қилади. ҚазЕТА ҳужжатлар қаторида Ўзбекистон ва Қирғизистон ИД карталарини ҳам қабул қилади.
Янги тизим 25-августдан 1-ноябргача синов режимида ишлайди. Бу даврда ЭТА олмаган хорижликларнинг Қозоғистонга кириши рад этилмайди, бироқ уларга кейинги сафарда электрон рухсатнома талаб қилиниши ҳақида огоҳлантирилади.
1-ноябрдан бошлаб ЭТА Қозоғистонга самолёт орқали кирувчилар учун мажбурий бўлади. Электрон рухсатномаси бўлмаган йўловчиларни авиакомпаниялар рейсга чиқармаслиги белгиланган.
15-ноябрдан бошлаб бу талаб Евросиё иқтисодий иттифоқининг ташқи чегараларидаги автомобил ўтиш пунктларига ҳам татбиқ этилади. Бу Қозоғистоннинг Хитой, Туркманистон ва Ўзбекистон билан чегараларини ҳам қамраб олади. Шу санадан бошлаб Ўзбекистондан Қозоғистонга автомобил ёки автобусда кирувчилар ҳам ЭТА олишлари керак бўлади.
30-ноябрдан электрон рухсатнома талаби Қозоғистоннинг Россия ва Қирғизистон билан автомобил чегараларига, 15-декабрдан эса темирйўл ва денгиз орқали кирувчиларга ҳам жорий этилади.
Сербия Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ЭТАъни олдиндан расмийлаштириш нархи тахминан 3 900 тенге, чегарада ариза бериш эса 7 800 тенге бўлиши кутилмоқда. Электрон рухсатнома амалдаги визасиз режимни бекор қилмайди.
Аввалроқ Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги визасиз режим амал қиладиган давлатлар фуқаролари учун пулли электрон рухсатнома жорий этишни таклиф қилгани ҳақида хабар қилинганди. Ўшанда тизимни 2026-йил августидан декабригача босқичма-босқич ишга тушириш режалаштирилаётгани, аммо аниқ муддатлар ва тўлов миқдори ҳали маълум қилинмаганди.

