Ўзбекистон ва Грузия ўртасида юк ташиш учун Э-Пермит тизими жорий этилди

**Ўзбекистон ва Грузия юк ташишда Э-Пермит тизимини ишга туширди**
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Грузия билан халқаро автомобил юк ташишлари учун мўлжалланган электрон рухсатнома — Э-Пермит тизимини муваффақиятли татбиқ этди.
Ушбу янгиликка кўра, миллий ташувчиларга "икки томонлама", "транзит" ва "учинчи давлатга/дан" тоифасидаги рухсатномалар эндиликда фақат электрон шаклда, уларнинг аризалари асосида берилади. Бу эса аввалги тақсимланадиган қоғоз бланкалардан воз кечишни англатади.
Янги тизим рухсатномаларни олиш жараёнини тезлаштириш, қоғоз бланкалардан фойдаланишни камайтириш ва инсон омилини минималлаштиришга қаратилган. Шунингдек, у миллий ташувчилар учун халқаро юк ташувларида янада қулай ва шаффоф механизм яратади.
Э-Пермит – бу халқаро автомобил юк ташувларини амалга ошириш учун бериладиган электрон рухсатнома бўлиб, у ташувчига бошқа давлат ҳудудига кириш, ундан транзит ўтиш ёки учинчи давлатга/дан юк ташиш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, 3-июл куни бўлиб ўтган музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев ва Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларацияни имзолаган эди. Ўша учрашувда делегациялар раҳбарлари ҳузурида қатор икки томонлама ҳужжатлар алмашилган бўлиб, жумладан, Э-Пермит рухсатномалар алмашинуви ахборот тизимини жорий этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида меморандум ҳам имзоланган эди.

