Қозоғистон электрон кириш рухсатномаларини босқичма-босқич жорий қила бошлади
Қозоғистонда мамлакатга визасиз келиши мумкин бўлган хорижий фуқаролар учун электрон кириш рухсатномалари (ЭТА) босқичма-босқич жорий этила бошланди. Рухсатнома сафардан камида 72 соат олдин бепул расмийлаштирилади. 2027-йил 1-июлдан Қозоғистонга кириш учун ЭТА талаб қилиниши мажбурий бўлади.

Қозоғистонда электрон кириш рухсатномалари босқичма-босқич жорий этила бошланди
Қозоғистонда мамлакатга визасиз кириш ҳуқуқига эга бўлган хорижий фуқаролар учун электрон рухсатномалар (ЭТА — Элестронис Травел Аутҳоризатион) босқичма-босқич татбиқ этилмоқда. Янги тартиб Қозоғистон ҳукуматининг 10-октабрдаги қарорида белгиланган.
Рухсатнома сафардан камида 72 соат олдин ҚазЕТА рақамли платформаси орқали бепул расмийлаштирилади. 2027-йил 1-июлдан бошлаб ЭТА тизими орқали рухсат олиш Қозоғистонга кириш учун мажбурий бўлади.
Тизим уч босқичда жорий этилади:
2027-йил 30-июнгача хорижликлар Қозоғистонга рухсатномасиз ҳам киришлари мумкин, бироқ чегарада уларга бу талаб ҳақида огоҳлантириш берилади. 2027-йил 1-июлдан эса рухсатноманинг йўқлиги мамлакатга киришни рад этиш учун асос бўлади.
Рухсатнома миллий хавфсизлик органлари билан келишилган ҳолда ички ишлар органлари томонидан берилади ва 180 календар кун давомида амал қилади. Шу билан бирга, хорижий фуқаронинг мамлакат ҳудудида бўлиш муддати амалдаги миграция қоидалари билан чекланади (хусусан, Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистонда визасиз 90 кунгача бўлишлари мумкин).
Бу талаб фақат визасиз кириш ҳуқуқига эга давлатлар фуқаролари учун амал қилади.
Жами 29 тоифадаги фуқаролар рухсатнома олишдан озод этилган. Улар орасида давлат раҳбарлари, дипломатлар, 16 ёшга тўлмаган болалар, 65 ёшдан ошган шахслар ҳамда чегарани кесиб ўтмайдиган транзит йўловчилар бор.

