Қозоғистонда яна бир йўлбарс табиатга қўйиб юборилди (видео)
Амур лақабли йиртқич давлат қўриқхонасида озодликка чиқарилди. Мамлакат ёввойи табиатида 70 йилдан ортиқ вақт давомида йўлбарслар бўлмаган.

**Қозоғистонда яна бир йўлбарс табиатга қўйиб юборилди (видео)**
Қозоғистонда Амур лақабли эркак Амур йўлбарси Или-Балхаш давлат қўриқхонасига очиқ табиатга қўйиб юборилди. У мамлакатга йўлбарсларни қайтариш дастури доирасида ёввойи табиатга қайтарилган иккинчи йўлбарс бўлди. Бу ҳақда Экология ва табиий ресурслар вазирлигига таяниб Казинформ хабар берди.
**Йўлбарслар 70 йилдан сўнг қайтмоқда**
Вазирлик маълумотига кўра, Қозоғистон табиатида 70 йилдан ортиқ вақт давомида йўлбарслар бўлмаган. Энди эса табиий экотизимларни тиклаш бўйича кўп йиллик саъй-ҳаракатлар натижасида бу йиртқичлар ўзларининг тарихий яшаш ҳудудларига аста-секин қайтмоқда.
Қозоғистонга олиб келингач, Амур Или-Балхаш қўриқхонасидаги махсус мослашув майдончасида сақланди. У ерда мутахассислар уни доимий кузатув остида ушлаб турди.
**Амурнинг тайёргарлиги текширилди**
Табиатга қўйиб юборилишидан олдин йўлбарс бир қатор ветеринария кўриклари ва хулқ-атвор синовларидан ўтди. Мутахассислар унинг соғлиғи, ов қилиш кўникмалари ва мустақил равишда емиш топа олиш даражасини баҳолади. Шунингдек, унинг инсонга нисбатан реаксияси ҳам текширилди.
Синовлар натижаси Амурнинг ёввойи табиатда мустақил яшашга тайёрлигини тасдиқлади. Кейинги кузатувлар учун йўлбарсга махсус мослама тақилди. Бу унинг ҳаракатлари ва мослашув жараёнини кузатиш имконини беради.
**Умит ва кичик йўлбарсчалар**
Аввал табиатга қўйиб юборилган Умит лақабли урғочи йўлбарс қўриқхона ҳудудини ўрганишда давом этмоқда. У мустақил ов қилмоқда ва унинг ҳаракатлари ҳам ГПС мослама орқали кузатилмоқда. Мутахассислар таъкидлашича, мослашув жараёни муваффақиятли кечмоқда.
Катта йўлбарслар билан бирга Қозоғистонга олиб келинган икки бош йўлбарсчалар мутахассислар назорати остида ўсишда давом этмоқда. Уларни табиатга қўйиб юбориш ҳақидаги қарор улар етарлича ёшга етгач ва тегишли синовлардан ўтгач қабул қилинади.

