Қорақалпоғистондаги тадбиркорларга 12 фоизли кредитлар ажратилади

Қорақалпоғистондаги тадбиркорларга 12 фоизли кредитлар ажратилади
Нукус шаҳрида Шавкат Мирзиёев раислигида Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Тармоқ раҳбарларига Қорақалпоғистонда “хомашё – тайёр маҳсулот – экспорт” занжири асосида лойиҳалар, иш ўринлари ва қўшилган қиймат бўйича аниқ режалар белгилаш топширилди.
Амударё, Беруний, Тахтакўпир, Кегейли ва Тўрткўлда тўқимачилик ҳамда чарм саноатида камида 150 млн долларлик лойиҳалар амалга оширилади.
Нукус шаҳри, Нукус тумани ва Қораўзакда электротехника саноатида 200 млн долларлик, Қораўзак, Бўзатов ва Берунийда энергия тежамкор қурилиш материаллари бўйича 100 млн долларлик лойиҳалар ташкил этилади.
Нукус шаҳрида автомобил эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқариш бўйича 120 млн долларлик, Нукус шаҳри, Қонликўл, Кегейли, Чимбой ва Бўзатовда фармацевтика соҳасида 50 млн долларлик лойиҳалар йўлга қўйилади.
Италиянинг Бонифика Ферраризи компанияси билан Тахтакўпирда 50 млн долларлик лойиҳа бошланмоқда. 2 минг гектарда Италия технологияси асосида помидор ва ғалла етиштирилиб, чуқур қайта ишланади ҳамда Европага экспорт қилинади.
15-октябргача ҳар бир туман бўйича “роад шов”лар ўтказилади. Вилоят ҳокимлари ўз инвесторларини жалб қилиб, 2-3 минг юқори даромадли иш ўрни яратадиган лойиҳаларни бошлайди.
Умуман, келаси йил Қорақалпоғистонга 5 млрд доллар инвестиция жалб қилиш вазифаси белгиланди.
Йиғилишда Қорақалпоғистонни камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Қорақалпоғистондаги 2 минг тадбиркор уч йилда 2 трлн 145 млрд сўм кредитни вақтида қайтариб, банкларнинг ишончли мижозига айланган. “Мижозни ўстириш” модели асосида яна камида 30-40 минг одамни ишли ва даромадли қилиш имконияти бор.
Ҳудудга масъул банк ишончли мижозлар учун 16 фоиз ставкада 300 млрд сўмлик кредит линиясини очмоқда. Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси 4 фоизлик қисмини қоплаб бериши ҳисобига тадбиркор учун ставка 12 фоизга тушади.
Қолган 8 та банкка ҳам бир ойда шундай қулай маҳсулотларни ишлаб чиқиш топширилди.

