Қорақалпоғистонда “карбон кредит” механизми йўлга қўйилади

Қорақалпоғистонда “карбон кредит” механизми жорий этилади
Нукус шаҳрида Шавкат Мирзиёев раислигида Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда.
Иқлим ўзгариши шароитида ҳавога чиқариладиган иссиқхона газларини камайтириш долзарб масала экани қайд этилди.
“Яшил” энергияни “карбон кредит”га айлантириш Қорақалпоғистонга йилига камида 50-100 млн доллар даромад келтириши мумкин.
Мутасаддиларга бир ой ичида Қорақалпоғистонда “карбон кредит” механизмини йўлга қўйиш, Япония, Корея, АҚШ, Канада, Буюк Британия ва Австралия каби йирик импортёр давлатлар билан музокаралар олиб бориш топширилди.
“Карбон кредит” экспортидан олинадиган маблағлар инфратузилма учун ажратилаётган маблағларга қўшимча бўлади ва Қорақалпоғистоннинг ўзида қолади.
Йирик хорижий компаниялар “ўрмон карбон кредити” тизими орқали экологик вазияти оғир ҳудудларда дарахт экишни молиялаштириш бўйича таклифлар бермоқда.
Йил охиригача Оролнинг 50 минг гектар майдонида “ўрмон карбон кредити” дастурини бошлаш вазифаси қўйилди.
Қорақалпоғистон ҳудудининг атиги 20 фоизида геология ишлари олиб борилган. Йирик инвесторлар келаётган бир пайтда хомашё захиралари бўйича маълумотлар етарли эмаслиги таъкидланди.
Хитойлик инвестор Қораўзакдаги “Урусой” конига 33 млн доллар сармоя ва технология олиб кириб, 200 гектарда 4 тонна олтин захирасини аниқлаган. Бу ерда 320 та иш ўрни яратилган.
Бир ойда инвесторлар кўтарган масалаларни ҳал қилиб, 1 минг иш ўрнига эга олтин қазиб олиш ва қайта ишлаш кластерини ташкил этиш, комплекс геология-қидирув дастурини ишлаб чиқиш ҳамда конлар захираларини қайта баҳолаш топширилди.
Қўнғиротдаги “Борса келмас” конидан ҳар йили 1 млн тонна техник туз қайта ишланмасдан сотилмоқда. Бўзатовдаги “Кусканатау” конида мирабилитни қайта ишлаб, йилига 45 минг тонна натрий сулфат, астраханитдан эса магний сулфат олиш мумкин.
Германия компанияси Берунийдаги кварсит конига 30 млн доллар киритиб, кристалл кремний ишлаб чиқариш ва йилига 25 млн долларлик экспортни йўлга қўйишни режалаштирган. Жаҳон бозорида бир тонна кристалл кремний 5,5 минг доллар туради.
Кимё саноати мутасаддиларига дастлабки 400 млн долларлик режага қўшимча 200 млн долларлик лойиҳаларни амалга ошириш ва 5 минг иш ўрни яратиш вазифаси қўйилди.

