Қиролнинг Кариб ҳавзасига ташрифи «ўтмишимизнинг энг қора кунлари»дан қочмайди
Сўнгги йилларда Қирол Буюк Британиянинг қулдорликдаги роли учун ўзининг «шахсий қайғуси»ни изҳор қилди.

Букингем саройи қирол Чарльзнинг Кариб ҳавзасига бўлажак ташрифи «ўтмишимизнинг энг қора кунлари»ни четлаб ўтмаслигини маълум қилди.
Сафар давомида Қирол Буюк Британиянинг трансатлантик қул савдосидаги роли учун узр сўраши ва репарациялар — қул савдосида иштирок этган давлатлар томонидан тўланадиган товон пули ҳақидаги саволларга жавоб бериши бўйича янги талабларга дуч келиши кутилмоқда.
Қирол ва қиролича Камилла 27 октябрдан бошланадиган саккиз кунлик тур давомида Ҳамдўстлик давлатлари раҳбарларининг учрашуви учун Антигуа ва Барбудага ташриф буюриши, шунингдек, Багама ороллари ва Гайанада тўхтаб ўтиши режалаштирилган.
PA ахборот агентлигининг хабар беришича, ҳукумат Қиролга узр сўрашни ёки репарация таклиф қилишни тавсия этмаган.
Қирол бундан аввал Буюк Британиянинг қулчиликдаги роли учун «шахсий қайғуси»ни билдирган эди.
Сарой матбуот котиби шундай деди: «Турли форумларда мустамлакачилик мероси ва трансатлантик қул савдосининг авлодлараро таъсири ҳақида муҳим муҳокамалар бўлиб ўтмоқда.
Булар биринчи навбатда ҳукуматлар ҳал қилиши керак бўлган масалалар бўлса-да, Жаноби Олийларининг бу борадаги аввалги баёнотлари аниқ ва равшан бўлиб, уларни «тарихимизни абадий булғовчи ваҳшийлик» деб атаган».
Саройнинг маълум қилишича, ташриф «асосан ҳар бир мамлакатнинг жўшқин бугуни ва истиқболли келажагига қаратилади».
Бир қатор Африка ва Кариб ҳавзаси мамлакатлари трансатлантик қул савдосидан фойда кўрган давлатлардан расмий узр сўрашни ва репарация тўлашни талаб қилмоқда.
Сентябрь ойида Ямайка ҳукумати мамлакат раҳбари ҳисобланган Қиролга қулчилик учун репарациялар бўйича петиция тақдим этишини маълум қилган эди.
Маданият вазири Оливия Гранжнинг айтишича, петицияда Қиролдан Ямайкада африкаликларнинг қул қилиниши қонунийлиги бўйича Махфий кенгашнинг Суд қўмитасига учта савол йўллаш сўралади.
Ўтган ой Даунинг-стрит матбуот котиби трансатлантик қул савдоси «жирканч» бўлганини, бироқ Буюк Британиянинг позицияси репарация тўламасликдан иборат эканини билдирган эди.

