Дунё

Қирғизистонда ниқоб таққанлик учун жарима икки баравар камайтирилади

Қонун лойиҳаси тиббий ниқоблардан фойдаланишга ҳам тааллуқли. Агар у тиббий сабабларга кўра тақилса, жаримага сабаб бўлмайди. Хорижликларга эса дастлаб фақатгина огоҳлантириш берилади.

Қирғизистонда ниқоб таққанлик учун жарима икки баравар қисқартирилади

Қирғизистон парламенти — Жогорку Кенешга жамоат жойларида юзни тўлиқ ёпиб юриш учун белгиланган жаримани 20 минг сомдан 10 минг сомга туширишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси киритилди. Ҳужжат ҳозирда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.

Таклифга биноан, Ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 127-1-моддасига ўзгартиш киритилади. Мазкур модда давлат муассасалари ва жамоат жойларида юзга ниқоб таққанлик учун жавобгарликни белгилайди. Амалдаги қонунчиликда бу ҳуқуқбузарлик учун 20 минг сом жарима белгиланган. Ҳужжат муаллифлари эса уни 10 минг сомга камайтиришни таклиф қилмоқда.

Хорижликлар учун енгиллик берилади

Асосий ўзгаришлардан бири хорижий фуқароларга тегишли. Янги қонун лойиҳасига кўра, юзни тўлиқ беркитиш тақиқини биринчи марта бузган хорижликларга жарима ўрнига фақат огоҳлантириш берилади. Агар ҳуқуқбузарлик огоҳлантиришдан кейин бир йил ичида такрорланса, унда 10 минг сом миқдорида жарима қўлланилади.

Шу билан бирга, хорижликлар қонунда кўзда тутилган ҳолларда шахсини тасдиқлаш учун юзини вақтинча очишга мажбур бўлади. Қонун муаллифлари бу ташаббусни мамлакатга келаётган айрим туристлар маданиятида юзни беркитиб юриш одати борлиги билан изоҳлаган.

“Баъзи ташриф буюрувчиларнинг амалдаги чекловлар ҳақида етарли даражада хабардор эмаслиги ҳуқуқбузарликка олиб келиши мумкин. Уларга бирданига жарима солиш эса сафар ҳақида салбий таассурот уйғотади”, дейилади тушунтириш хатида.

Ташаббускорлар фикрича, огоҳлантириш чораси чет элликларга молиявий юк туширмасдан, Қирғизистон қонунчилиги талабларини тушунтиришга ёрдам беради.

Тиббий ниқоблар бўйича тартиб ва истиснолар

Қонун лойиҳасида тиббий ниқоблардан фойдаланиш масаласи ҳам аниқлаштирилган. Қирғизистонда муомалага рухсат берилган ва тиббий буюм сифатида тан олинган тиббий ниқоблардан фойдаланган шахсларга, агар уларнинг ҳаракатида ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлса, жарима ўрнига огоҳлантириш берилиши таклиф этилмоқда. Бир йил ичида қоидабузарлик такрорланса, 10 минг сом жарима қўлланилади.

Тушунтирилишича, оғиз ва бурунни ёпиб турадиган оддий тиббий ниқоб тақиб юришнинг ўзи ҳуқуқбузарлик ҳисобланмайди. Агар ниқоб тиббий кўрсаткичлар асосида тақилган бўлса, ҳеч қандай жавобгарлик бўлмайди.

Кам таъминланган оилалар ва профилактика тадбирлари

Ҳужжат муаллифларининг таъкидлашича, амалдаги 20 минг сомлик жарима, айниқса, кам таъминланган фуқаролар учун оғир молиявий юк ҳисобланади. Бу миқдор оиланинг биринчи даражали эҳтиёжлари учун зарур бўлган маблағларга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ҳужжатда Ўш шаҳри мисол қилиб келтирилган. 2025-йил апрел ойида Ўш шаҳрида милиция ходимлари юзини тўлиқ беркитиб олган 300 га яқин шахсни аниқлаган. Ўшанда ҳуқуқ-тартибот ходимлари жарима солмасдан, тушунтириш ишлари олиб борган, ахборот буклетларини тарқатган ва огоҳлантириш билан чекланган.

Ташаббус муаллифлари бирданига йирик жарималар қўллашдан кўра, огоҳлантириш ва профилактика чоралари самаралироқ бўлади, деб ҳисобламоқда. Шу билан бирга, давлат муассасалари ва жамоат жойларида юзни тўлиқ ёпиб юриш тақиқини бекор қилиш бўйича таклифлар йўқ. Тиббий сабаблар, хизмат вазифалари, спорт, маданий ва бошқа тадбирлар учун назарда тутилган истиснолар ўз кучида қолади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.