Лайфстайл

“Қиморни реклама қилишга мажбур бўлганмиз”. “Беном” гуруҳи аъзолари энг катта хатоси ва шахсий ҳаётини сир тутиши ҳақида

“Қиморни реклама қилишга мажбур бўлганмиз”. “Беном” гуруҳи аъзолари энг катта хатоси ва шахсий ҳаётини сир тутиши ҳақида

“Ёғади ёмғир”, “Сўнги бор”, “Адашдимми”, “Эсламадинг”, “Ёнингдаман” каби юзлаб тароналари билан мухлислар эътиборига тушган “Беном” гуруҳи аъзолари Сарвар Азимов ва Комил Фозилов “Аёл қалби” лойиҳасига интервю берди. Суҳбат давомида улар тортишувлари, оиласи ҳамда шу кунгача йўл қўйган энг катта хатоси ҳақида гапирди.

Айрим мусиқий гуруҳлар машҳурликка эришгач, пул, устунлик ёки меҳнатни тенг тақсимлай олмаслик каби сабабларни важ қилиб, тарқалиб кетади. “Беном” гуруҳи йигитлари ҳам ҳеч тортишиб турадими?

Энг оғир ҳолат — офисда фақат иккаламиз қолган пайт эди. Ижодга оид бир мавзуда келишолмай, шунақанги ёқалашиб кетдик. Кучимиз қолмагунча тўхтамадик. Шу даражада уришганмизки, мебеллар қон бўлиб кетган. Ёшмиз, бизни ажратиб оладиган, “уришманглар” дейдиган одам йўқ. Ўзимизга келиб, жаҳлдан тушиб, бир-биримизга қараб кулиб юборганмиз. Аслида, тортишувлардан кейин одамлар янада яқинлашиб кетади, чунки йиғилиб қолган аламлар чиқиб кетади, дейди гуруҳ аъзолари.

“Оиламизни оммага ошкор қилишни хоҳламаймиз”

— Ошкор қилишни истамайдиган мавзуларимиз кўп. Масалан, қанча маблағ топишим ёки уни қанча сарфлашим ҳақидаги саволларни ёқтирмайман, дейди Сарвар.

— Мен эса санъаткорнинг шахсий ҳудуди бўлиши ва бу ҳудудга оид масалалар ҳақида ундан сўралмаслиги керак, деб ҳисоблайман, дейди Комил Фозилов.

— Шахсий ҳаётини оммага ошкор қилиши ортидан унинг яқинлари азият чекадиган ҳолатлар ҳам бўлади. Масалан, ака-опаларимиз ёки укаларимиз бизнинг ортимиздан жабр тортишини хоҳламаймиз. Бирор жойда оиламиз ҳақида гапирсак, эртага ака-укаларимизнинг танишлари уларга “Шу сенинг аканг экан-ку, олиб кел”, дейиши мумкин.

Ижодни бошлаганимизга 16 йил бўлган бўлса, шу вақт мобайнида бундай ҳолатларни кўп кўрганман. Шунинг учун оила — биз учун шахсий ҳудуд. Уни ҳеч қачон оммага кўз-кўз қилмаймиз, дейди Сарвар Азимов.

“Қимор эканини билмай, реклама қилиб қўйганмиз”

— Ҳаёт бизга энг оғир, аммо энг қимматли сабоқлардан бирини берган. Ижтимоий тармоқлардаги рекламалар эндигина ривожланаётган пайтда бизга бир реклама таклифи тушди. Жуда катта пул эвазига шартнома туздик. Биз ҳам “Бор кучимизни ижодга қарацак, тўйларга чиқмасак ҳам, машҳурлигимиз ортидан шундай рекламалар келиши мумкин экан-да”, деб роса хурсанд бўлдик.

Бизга бу сайт спорт сайти деб тушунтирилганди. Ўша сайтни реклама қилдик. Кейин эса унда қимор ўйинлари борлигини билиб қолдик. Яъни одамлар пул тикиб, ўйин натижасини олдиндан тахмин қилади ва натижага қараб пул ютиши ёки ютқазиши мумкин. Хоҳлайдими-йўқми, айрим одамлар ҳаяжонга берилиб, бор пулини тикиб юбориши ҳам мумкин.

Шундан кейин шартномани тўхтатмоқчи бўлдик. Аммо келишувда бир нечта видео чиқариб бериш шарти бор эди, биз эса эндигина шартноманинг ярмига келгандик. Энг ёмони, агар шартномани бузсак, олган пулимизнинг ўн бараварини тўлашимиз керак экан. Хуллас, чув тушиб қолганмиз.

Охир-оқибат, минг хижолат билан шартномада кўрсатилган рекламалар сонини тугатиб олдик. Лекин ўша пайтларда ҳар куни ижтимоий тармоқлардан янгиликларни ўқисам, “Кимдир катта қарзга ботиб, ўз жонига қасд қилибди”, “Кимдир уй олиш учун йиғган пулини қиморга тикиб юборибди” каби хабарларга кўзим тушарди.

Гарчи бундай рекламаларни фақат биз эмас, бошқа инсонлар ҳам қилган бўлса-да, Комил иккимиз ўзимизни айбдордек ҳис қилардик. Қанийди, шу ҳолатни ижод йўлимиздан ўчириб ташлай олсак, дейди Сарвар Азимов.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.