Дунё

Қайта тергов, #ИамЖанеДое флешмоби ва ректор истеъфоси талаби: Корнелл университетидаги шов-шувли зўрлаш иши тафсилотлари

АҚШнинг нуфузли Корнелл университетида гуруҳ бўлиб зўрланганини билдирган қизни қўллаб-қувватлаш учун оммавий норозиликлар ва #ИамЖанеДое флешмоби бўлмоқда. 2024-йилда содир этилган воқеа бўйича тергов қайта тикланган, иш Ню Ёрк бош прокурори Летиция Жеймс назоратига ўтказилган. Тафсилотлар.

Қайта тергов, #ИамЖанеДое флешмоби ва ректор истеъфоси талаби: Корнелл университетидаги шов-шувли зўрлаш иши тафсилотлари

АҚШдаги нуфузли Корнелл университетининг 7 нафар талабаси томонидан гуруҳ бўлиб зўрланганини айтган қизни қўллаб-қувватлаш учун аксиялар ўтказилмоқда, шу билан бирга ижтимоий тармоқларда #ИамЖанеДое ҳештеги остида флешмоб ҳам давом этмоқда. Фойдаланувчилар бу орқали жабрланувчининг шахсини ошкор қилмаслик, яъни аноним қолиш ҳуқуқини ҳам ҳимоя қилмоқчи.

Жейн Доу (Жане Дое) — инглиз тилида сўзлашувчи мамлакатларда (биринчи навбатда, АҚШ, Британия ва Канадада) аёлнинг ҳақиқий исми номаълум бўлганда, сир сақланганда ёки ҳуқуқий сабабларга кўра ошкор қилинмаганда ишлатиладиган шартли ном-эквивалентдир.

Бу, ўз навбатида, #МеТоо ҳештегини эсга солади.

2017-йилда ижтимоий тармоқларда жинсий зўравонлик қурбонларини қўллаб-қувватловчи #МеТоо ҳештеги остидаги кампания кенг ёйилганди (бу ҳештег илк бор 2006-йилдан қўллана бошлаган). Бунга 80 дан ортиқ аёлнинг америкалик продюсер Харви Вайнштейнга нисбатан жинсий зўравонлик айбловларини илгари сургани туртки бўлган. Шундан кейин аввал АҚШда, кейин бошқа мамлакатларда ҳам миллионлаб одамлар ўзлари ҳам шундай зўравонлик қурбони бўлгани ҳақидаги постларида ушбу ҳештегдан фойдалана бошлади. Мазкур ишда эса собиқ талабани қўллаб-қувватлаб жойланган пост ва видеолар ТикТок ҳамда бошқа платформаларда ўнлаб миллион марта кўрилган.

Суд ҳужжатларида “Жейн Доу” шартли номи билан кўрсатилган 20 ёшли собиқ талаба сентабр ойида фуқаролик судига даъво аризаси киритди. У 2024-йил 19-октабр кечаси дўстини кўриш учун Чи Пҳи талабалар уюшмаси биносига борганида, унга спиртли ичимлик ва кетамин берилганини, ўзини бошқара олмай қолганидан сўнг 7 нафар йигит бир неча соат давомида уни зўрлаганини билдирган.

Даъвода йигитларнинг Снапчат гуруҳидаги ёзишмалари ҳам далил сифатида келтирилган бўлиб, унда талабалар уяциз сўзлар ишлатгани, қиз билан “текинга” жинсий яқинлик қилиш масаласини муҳокама қилгани акс этади. Қайд этилишича, воқеадан карахт бўлган қиз орадан уч ҳафта ўтиб, 2024-йил 8-ноябрда кампус полициясига мурожаат қилган ва кейинроқ оғир руҳий зарба туфайли нуфузли олийгоҳни ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Жабрланувчи эндиликда нафақат йигитларни, балки айбдорларни атиги “тарбиявий эссе” ёздириш билан чекланган университет маъмурияти ҳамда талабалар уюшмаларини ҳам жавобгарликка тортишни талаб қилмоқда. Корнелл маъмурияти эса жазо берилмаганини рад этиб, 2 нафар талаба ўқишдан ҳайдалганини, уюшманинг кампусдаги бўлими 2024-йилдаёқ ёпилганини билдирди, йигитлардан бирининг адвокати эса мижози хонада атиги бир неча дақиқа бўлгани ва қизга қўл ҳам теккизмаганини даъво қилмоқда.

Ню Ёрк штати Томрикинс округи прокурори Меттю Ван Ҳаутеннинг 2026-йил 28-сентабрдаги расмий матбуот баёнотига кўра, қиз 2024-йилда кетамин моддаси истеъмолида ва жинсий яқинликда ўз хоҳиши, онгли розилиги билан қатнашганини билдирган.

Ҳужжатда гиёҳванд модда қизнинг танаси устига сепилган ҳолда истеъмол қилингани ва у ҳар сафар жараённи тўхтатишни сўраганда йигитлар тўхтагани баён қилинган. Шу боис Ню Ёрк қонунчилигига кўра, бу вазиятда зўрлик ишлатилгани ёки қизнинг ҳушсиз ҳолатда бўлганини, яъни алоқага розилик берилмаганини исботлаб бўлмайди, деб топилган.

Аммо орадан икки йил ўтиб берилган даъвода қиз мажбуран маст қилингани ва гуруҳ бўлиб зўрланганини билдирган. Кейинроқ эса кампус полициясининг тўлиқ стенограммаларида унинг “100 фоиз зўрландим” деган сўзлари борлиги аниқланиб, кўрсатмалар ўртасидаги тафовутлар юзага чиққан.

Прокурор бу тўлиқ стенограммаларни кўрмаганини ва университет унга буларни тақдим этмаганини таъкидламоқда.

Вазиятдаги чалкашлик ва шубҳалар сабаб Ню Ёрк губернатори аралашуви билан тергов маҳаллий прокурордан олиниб, штат бош прокурори Летиция Жеймс назоратига ўтказилди.

Интернетда қизни қўллаб-қувватлаганларнинг катта қисми мустақил журналист ва шарҳловчи Майкл Трейсини танқид қилмоқда. У айбланаётган йигитлар ҳодисадан кейин тазьиқ ва таъқибларга дучор бўлганини айтиб, уларга ҳамдардлик билдирганди.

Трейси, шунингдек, жинсий жиноятларда айбланган марҳум Жеффри Эпштейннинг қурбонлари берган кўрсатмаларни ҳам шубҳа остига олган. Трейси Корнелл талабасининг шахсини аниқлашга уринишларини сўз эркинлиги кафолатлари билан ҳимояланган “виждонан қилинган журналистик фаолият” деб баҳоламоқда.

“Қани кўрайлик-чи, ушбу Жейн Доунинг исмини ошкор қилишга бирортасида „юраги“ етармикан, токи барчамиз унинг ва адвокатларининг гаплари қанчалик ҳақиқатга яқинлигини баҳолай олайлик, ахир унинг даъво аризасида 7 нафар курсдоши ҳеч иккиланишсиз гуруҳ бўлиб зўрлаган жиноятчилар сифатида номма-ном бадном қилинган-ку”, — деб ёзди Трейси 29-сентабрга ўтар кечаси Х ижтимоий тармоғида. Бу унинг мазкур иш бўйича ёзган кўплаб хабарларидан бири эди. Жума куни у жабрланувчи қизнинг исми деб ҳисобланган маълумотни эълон қилганди, сўнгра ўз мақсадига эришганини ва фикрини етказиб бўлганини айтиб, постни ўчириб ташлаган.

Дўстлик ва ҳамжиҳатлик рамзи сифатида Корнелл университети талабалари 5-октабр куни оммавий намойиш ўтказди.

Улар даъволари бутун мамлакат бўйлаб жиддий норозиликка сабаб бўлган қизни қўллаб-қувватлаб, АҚШнинг энг нуфузли саккиз олийгоҳидан (Ивй Леагуе, унга қуйидаги машҳур университетлар киради: Корнелл, Гарвард, Ел, Принстон, Колумбия, Пенсилвания, Браун университетлари ва Дартмут коллежи) бири бўлмиш Корнеллга кирувчи мазкур олийгоҳ маъмуриятидан кампусдаги жинсий зўравонликка қарши янада қатъий чоралар кўришни талаб қилди.

Намойищилар Корнелл маъмурияти мазкур ишни қандай кўриб чиққани юзасидан ташқи мустақил текширув ўтказилишини, мустақил эшитувлар ташкил этилишини, кампусдаги барча жинсий тажовуз ҳолатлари учун ягона минимал жазо чоралари жорий қилинишини ҳамда кампус полициясини жинсий зўравонлик ва шилқимлик шикоятларига жавоб бериш бўйича янада пухта тайёрлашни талаб этди.

Айрим намойищилар Корнелл университети президенти Майкл Котликофф ва маъмуриятнинг бошқа аъзолари истеъфосини ҳам талаб қилиб, уларнинг тутган йўли кампусда “зўрлаш маданияти”нинг сақланиб қолишига олиб келганини билдирди.

Йигитларнинг барчаси ҳар қандай қонунбузарликни рад этган: айримлари жинсий алоқа икки томонлама розилик билан бўлганини айтган бўлса, бошқалари бунда умуман қатнашмаганини даъво қилган, деб ёзади.

Ушбу митинг қиз Жейн Доу ва унинг адвокати даъво киритилгандан бери кўплаб таҳдидлар олаётганини маълум қилганининг эртасигаёқ юз берди.

Бир неча кун олдин можаролар юзасидан видеомурожаат билан чиққан университет президенти Котликофф кампусдаги талабалар бирлашмалари ва уюшмаларининг ўрнини қайта кўриб чиқишга ваъда бериб: “Қандайдир гуруҳ аъзоси бўлиш ҳеч қачон шахсий жавобгарликни камайтирмайди”, — дея таъкидлади.

Ижтимоий тармоқлар ленталари Корнеллдаги жабрланувчи қизнинг шахсини ҳимоя қилиш мақсадида “Мен — Жейн Доуман” ёзуви остида ўз видеоларини жойлаётганлар билан тўлиб-тошди. Бу ҳаракатлар нафақат унинг асл исмини интернетда қидириб топишни мураккаблаштириш, балки бирдамлик билдириш мақсадини ҳам кўзлаган бўлиб, видеоларда аёллар ўзлари бошдан кечирган жинсий зўравонлик ҳолатлари ҳақида ҳам батафсил сўзлаб бермоқда.

Жумладан, қўшни Қозоғистонда ҳам аёллар “Мен — Қозоғистондан Жейн Доуман” дея қўллаб-қувватов кўрсатмоқда ва ўзлари дуч келган воқеалар билан бўлишмоқда.

Жейн Доу атрофидаги жипслашув ҳаракатлари Майкл Трейсининг унинг шахсини ошкор қилишга ваъда бериши ортидан янада кучайган.

АҚШдаги бошқа нуфузли олийгоҳлар (Баффало, СУНЙ Пурчасе, Пенсилвания ва Колумбия университетлари)нинг талабалари ҳам ўз бошларидан ўтган воқеаларни бўлишиб, маъмурият жиноятчиларга қарши жиддий чора кўрмагани, ишларни ёпиб юборгани ёки шунчаки “арзимас танбеҳ” билан чекланганини таъкидлаган. Кўпчилик олийгоҳлардаги мавжуд текширув тизими қурбонларни ҳимоя қила олмаслигидан шикоят қилган.

Иш қайта очилишидан аввалроқ ушбу воқеа ҳақида сўралганида, АҚШ президенти Доналд Трамп иш тафсилотлари билан унчалик таниш эмаслигини билдириб: “Корнелл — яхши олийгоҳ ва улар тўғри йўл тутишига ишончим комил”, — дея қисқа изоҳ билан чекланганди.

Бироқ зўрлаш ишини қайта текшириш Ню Ёрк штати бош прокурори Летиция Жеймсга топширилгач, Трамп буни қоралади. У Жеймс хонимни “коррупсионер” деб атаб, унинг қўли остида текширилаётган ҳар қандай шахс “адолатли муносабат” кўрмаслигини, Корнеллдаги йигитлар эса холис судланмаслигини билдирди.

НЙТнинг қайд этишича, Трампнинг бундай муносабати сабаби Летиция Жеймс билан эски зиддиятига бориб тақалади. 2022-йилда Жеймс Трамп ва унинг оиласига қарши фирибгарлик бўйича фуқаролик иши очган ва ютган эди. Трамп эса иккинчи президентлик муддатида адлия тизимини ўзига қарши қурол қилинган деб ҳисоблаб, Жеймсга қарши сиёсий қасос кампаниясини бошлаган.

Ню ёрклик собиқ прокурор ва жиноят ишлари бўйича адвокат Жейсон Голдманнинг таъкидлашича, республикачилар ҳам, демократлар ҳам иш тафсилотларини тўлиқ билмай туриб, унга аралашмоқда. Экспертнинг фикрича, юқори мартабали сиёсатчиларнинг қонуний тергов жараёни якунланмай туриб ишга бу тарзда аралашуви суднинг холислигига соя солади, Трампнинг позицияси эса адолатни ҳимоя қилишдан кўра кўпроқ сиёсий қасос олишга ўхшаб қолмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.