Қашқадарёдаги маҳаллани реновация қилишга 219 млн доллар инвестиция жалб қилинади

Қашқадарё вилоятида жойлашган маҳаллани янгилашга 219 миллион доллар сармоя киритилади.
Қашқадарё вилояти кенгаши томонидан Қарши шаҳридаги “Хонтепа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудини қайта қуриш бўйича бош режа тасдиқланди.
Ушбу лойиҳага 219,1 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилиниши, 3 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши ҳамда давлат бюджетига ҳар йили 100 миллиард сўмдан зиёд солиқ тушуми таъминланиши кутилмоқда.
Реновация лойиҳаси 26,8 гектар майдонни қамраб олади. Бош режага мувофиқ, бу ерда 7-9 қаватли 107 та турар жой биноси қурилиб, жами 3 050 та хонадон ташкил этилади. Бу хонадонларда 10 620 нафар аҳоли яшаши учун шароитлар яратилади.
Ҳудуднинг 8,3 гектари яшил майдон сифатида ажратилади. Шунингдек, 4,8 гектарлик марказий сайилгоҳ – булвар барпо этилади. Пиёдалар учун 9,6 километр, велосипедчилар учун эса 9,4 километр йўлаклар ташкил этилиши режалаштирилган.
Лойиҳада 3 200 та автотураргоҳ, жумладан, 1 500 та ерости автотураргоҳи қурилиши кўзда тутилган. Бундан ташқари, 210 ўринли мактабгача таълим муассасаси ва 400 ўринли хусусий мактаб ҳам барпо этилади.
Турар жой биноларининг биринчи қаватларида умумий майдони 47 800 квадрат метр бўлган савдо, маиший хизмат ва бизнес майдонлари ташкил этилади.
“Хонтепа” ҳудудини реновация қилиш лойиҳаси 2026-2032-йилларда учта асосий босқичда амалга оширилади. Бунинг учун ҳудуд 8 та инвестицион участка ва 32 та лотга бўлинади.
Ушбу лойиҳа Қарши шаҳрида замонавий архитектуравий муҳит яратиш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз яшаш шароитларини яхшилаш ҳамда ҳудуднинг иқтисодий салоҳиятини оширишга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, 10-июн куни Президент томонидан “Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида”ги қонун имзоланган эди. Ҳужжатга кўра, реновация эскирган, яшаш ёки фойдаланиш учун яроқсиз ҳамда авария ҳолатидаги обьектларни янгилашни назарда тутади.

