Қашқадарёда янги газ-конденсат кони очилди
Қашқадарёнинг Миришкор туманида кунлик бошланғич қазиб олиш ҳажми 500 минг куб метр бўлган янги «Патрон» конидаги қудуқ фойдаланишга топширилди.

Қашқадарёда янги газ-конденсат кони аниқланди
Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида янги «Patron» газ-конденсат кони очилди, у ердаги 1-сонли қидирув қудуғи газ қувурига уланиб, 2026 йил 2 сентябрь куни ишга туширилди. Қудуқдан дастлабки газ қазиб олиш ҳажми суткасига 500 минг кубометрни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги хабар беради.
Энергетика вазирлиги, шунингдек, ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида гўёки газ портлаши содир бўлгани ҳақида тарқалган маълумотларни рад этди. Идоранинг маълум қилишича, тарқатилаётган видеода портлаш эмас, балки янги кондаги қидирув қудуғини синаш ва ишга тушириш жараёни акс этган.
«Patron» майдонида биринчи қидирув қудуғини бурғилаш ишлари 2025 йилда Хитойнинг «BGP» компанияси томонидан 3D сейсмик тадқиқотлар ўтказилганидан кейин бошланган эди. Бурғилаш ишлари якунланиб, 3296 метрдан 3339 метргача бўлган чуқурликдаги қатламларнинг маҳсулдорлигини синаш саноат миқёсидаги табиий газ мавжудлигини кўрсатди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, кон нисбатан кичик конлар сирасига киради. Унинг захиралари тахминан 2,5 миллиард кубометр табиий газга баҳоланмоқда.
Ҳозирги вақтда «O‘zLITIneftgaz» АЖ мутахассислари томонидан газ-динамик ва газ-конденсат тадқиқотлари олиб борилмоқда. Улар янги қудуқдан газ қазиб олишнинг ҳақиқий кўрсаткичларини аниқлаш учун зарурдир.
Энергетика вазирлиги қудуқни синаш пазитида очиқ олов пайдо бўлиши одатий технологик жараён эканлигини алоҳида тушунтириб ўтди. Қудуқнинг маҳсулдорлиги, босими ва ишчи параметрларини аниқлаш учун газ махсус қурилма орқали ёқиб юборилади. Шу боис, идора маълумотларига кўра, видеода тасвирланган жараён портлаш ёки авариядан далолат бермайди.
Қудуқни газ қувурига улаш ва уни ишга тушириш 2 сентябрь куни соат 06:00 да амалга оширилди. Ишлар нефть-газ тармоғининг ҳарбийлаштирилган қисми ва «O‘zLITIneftgaz» АЖ мутахассислари иштирокида олиб борилди.
Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, ишларни бажаришда саноат ва ёнғин хавфсизлиги, меҳнат муҳофазаси талаблари ҳамда экологик нормаларга риоя қилинган. Зарур ташкилий ва техник чора-тадбирлар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари назорати остида кўрилган.
Видео тарқалиши муносабати билан Энергетика вазирлиги ижтимоий тармоқлар маъмурларини вазиятни олдиндан аниқлаштирмасдан, текширилмаган маълумотларни эълон қилмасликка чақирди. Идора, шунингдек, жамоатчиликни чалғитувчи ёлғон маълумотларни тарқатиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлигини эслатиб ўтди.
Вазирлик нефть-газ соҳасидаги воқеалар ҳақидаги маълумотларни расмий манбалардан олишни тавсия қилди.

