Қашқадарёда ўгай она тўрт ёшли ўгай қизини калтаклаб ўлдирди

Қашқадарёда ўгай она тўрт ёшли ўгай қизини калтаклаб ўлдирди
Қашқадарё вилоятида тўрт ёшли қизча тергов маълумотларига кўра ўгай онаси томонидан етказилган тан жароҳатлари оқибатида вафот этди. Аввалига жиноят иши ўлимга сабаб бўлган қасддан баданга шикаст етказиш моддаси бўйича қўзғатилган эди, бироқ кейинчалик у қасддан одам ўлдириш моддасига қайта малакаланиб, вилоят прокуратурасига топширилди.
Болалар омбудсмани маълумотларига кўра, 26 сентябрь куни 32 ёшли аёл ва унинг турмуш ўртоғи ўртасида жанжал келиб чиққан. Низо пайтида ўгай она ўгай қизини урган, қизча бошидан оғир жароҳат олиб, кўп ўтмай вафот этган.
Эртаси куни туман ички ишлар бўлими томонидан жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан шикаст етказиш бўйича 126-модда билан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчи ҳибсга олинди.
Бироқ 30 сентябрь куни иш Қашқадарё вилояти прокуратурасига ўтказилди ва Жиноят кодексининг 97-моддаси — «Қасддан одам ўлдириш» моддасига қайта малакаланди. Эндиликда судгача бўлган тергов ҳаракатларини вилоят прокуратураси олиб бормоқда, у тергов жараёнини назорат қилади ва жамоатчиликни хабардор қилиб боради.
Ушбу фожиа болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик кучайтирилиши билан бир вақтга тўғри келди. 2 октябрь куни Сенат боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятларда айбдор деб топилган шахсларга нисбатан шартли ҳукм қилиш ва жазодан муддатидан илгари шартли озод қилишни тақиқловчи қонунни маъқуллади.
Бундан аввал Зангиотадаги ўгай она ўгай қизини мунтазам равишда калтаклаб келган ва унга бор-йўғи 3,5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси берилган эди.

