Маҳаллий

Қашқадарё салоҳиятини аҳоли даромади ва янги иш ўринларига айлантириш вазифалари белгиланди

Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга бағишланган йиғилиш ўтказди.

Қашқадарё салоҳиятини аҳоли даромади ва янги иш ўринларига айлантириш бўйича вазифалар белгиланди

Давлатимиз раҳбари йиғилиш қатнащиларини Ўзбек тили байрами билан табриклашдан сўз бошлади. У Қашқадарё фарзанди, Ўзбекистон Қаҳрамони ва давлат мадҳиямиз муаллифи Абдулла Ориповнинг она тилимиз тараққиётига қўшган ҳиссасини алоҳида таъкидлади.

– Кеча вилоятнинг шаҳар ва туманларида, маҳаллаларида бўлган ўзгаришларни, тадбиркор, инвестор, ёшларнинг кўзларидаги шижоатни кўриб, жуда катта куч олдим, – деди давлатимиз раҳбари.

Бир неча йил аввал энг мураккаб вазиятдаги ҳудудлардан бири саналган Қашқадарёни йил охиригача камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилинган. Жорий йилнинг тўққиз ойида саноат, хизматлар ва қишлоқ хўжалигида ўсиш қайд этилди. Бироқ вилоятнинг бугунги натижалари унинг бой ресурслари ва инсон салоҳиятига ҳали тўлиқ мос келмаётгани қайд этилди.

Қашқадарё иқтисодиётини ўстириш учун, энг аввало, саноатда қўшилган қийматни ошириш зарурлиги айтилди. Вилоятдаги газ, электр энергияси ва ер ости бойликлари тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга хизмат қилиши кераклиги кўрсатиб ўтилди. Шу мақсадда “ГТЛ” заводидаги янги лойиҳалар, нафтадан полимер ва нефт-кимё маҳсулотлари олиш, Деҳқонобод калий заводи қувватини кенгайтириш ҳамда кичик тоннажли кимёни ривожлантириш имкониятлари кўриб чиқилди. Масъулларга 20 миллиард долларлик лойиҳалар ва 50 минг иш ўрнини қамраб оладиган уч йиллик дастур тайёрлаш топширилди.

Бу лойиҳалар йирик корхоналар атрофида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳам бирлаштириши лозимлиги таъкидланди. Шу сабаб вилоятда олтита саноат кластери ташкил этилади, “Қашқадарё” эркин иқтисодий зонасининг филиаллари очилади. Уларнинг инфратузилмаси учун дастлаб 250 миллиард сўм йўналтирилади. Замонавий трактор ва қишлоқ хўжалиги техникаларини маҳаллийлаштириш, агродронлар ишлаб чиқариш ҳам шу йўналишдаги вазифалар қаторига киритилди.

Саноатдаги ўсиш барқарор энергия таъминотига ҳам боғлиқлиги қайд этилди. Келаси йил вилоятда “Масдар” компаниясининг 300 мегаваттли қуёш электр стансияси ва энергия сақлаш қуввати ишга туширилади. Қарши туманида чиқиндидан электр олиш лойиҳаси якунланмоқда. Янги қувватларни истеъмолчиларга етказиш учун Нишон ва Кўкдалада йирик подстансиялар қуриш, Толимаржон – Сўғдиёна йўналишидаги 245 километрлик электр тармоғини тугаллаш вазифалари қўйилди.

Қишлоқ хўжалиги ҳам аҳоли даромадини оширишнинг муҳим манбаи сифатида кўриб чиқилди. Вилоятда айнан шу соҳанинг ўзида қўшимча 200 минг кишини даромадли қилиш имконияти борлиги айтилди. Жаҳон банки билан Миср тажрибаси асосида саккизта тумандаги 100 минг гектар яйловга дронлар ёрдамида қурғоқчиликка чидамли чорва озуқаси экилади, чорвачилик комплекслари ташкил этилади. Ғузорда 10 минг гектар ер фойдаланишга киритилиб, деҳқонларга берилади. Космик маълумотлар асосида аниқланган яна 30 минг гектар майдонни ўзлаштиришга мисрлик мутахассислар жалб қилинади.

Ердан самарали фойдаланиш учун сув таъминотини яхшилаш масаласи ҳам кўтарилди. Қашқадарёда экин майдонларига сув етказиш қимматга тушаётгани сабабли келаси йил 265 километр канал бетонлаштирилади, 20 та насос янгиланади. Фермерлар билан бирга 75 минг гектарда сув тежовчи технологиялар жорий этилади. Бу йил қурилган кичик сув ҳовузлари тажрибаси яна бешта туманда кенгайтирилади.

Аҳолининг тоза ичимлик сувига эҳтиёжи алоҳида муҳокама қилинди. Ажратилган маблағлар ҳисобидан 747 километр сув ва канализация тармоғи ҳамда 43 та иншоот қурилиши якунланиб, 200 минг киши тоза сув билан таъминланади. Ҳисорак сув омборидан Қарши шаҳри ва атрофдаги туманларга тармоқ тортиш яна 350 минг аҳолига хизмат қилади. Толимаржон – Муборак сув тизимини реконструксия қилиш эса бешта тумандаги 700 минг кишининг сув таъминотини яхшилашга қаратилган.

Ҳудудлар ўртасидаги алоқани енгиллаштириш учун йўл лойиҳалари ҳам белгиланди. Осиё тараққиёт банки билан А-380 автомобил йўлининг вилоятдан ўтувчи 100 километр қисми реконструксия қилинади. Қарши шаҳри айланма йўли ушбу магистралга уланади. Поезд ўтаётган вақтда тирбандлик юзага келадиган икки темир йўл кесишмасида замонавий йўл ўтказгичлар қурилади.

Йиғилишда йирик лойиҳаларнинг самараси ҳар бир маҳаллада сезилиши кераклигига эътибор қаратилди. Қамаши туманидаги Чим маҳалласида мактаб, боғча, поликлиника, ёшлар маркази, спорт мажмуаси ва истироҳат боғи барпо этилди. Энг муҳими, маҳаллада камбағал оила ва ишсиз аҳоли қолмади. Келгуси йил Мустақиллик байрамигача шу тажриба асосида ҳар бир туманда иккитадан замонавий маҳалла маркази ташкил этилади. Миришкорда лимончилик, балиқчилик ва боғдорчилик лойиҳалари бошланади, ижарага берилган ерларда юқори даромадли экинлар етиштириш кенгайтирилади.

Бундай ташаббусларни амалга оширишда банклар фақат янги кредит маҳсулотларини таклиф этиш билан чекланмаслиги таъкидланди. Уларнинг фаолияти ресурс олган корхоналар сони ва бизнеснинг ўсиши билан баҳоланади. Кредит ажратишда пул оқими ва аниқ буюртмаларни ҳисобга олиш, тадбиркорлардан сўраладиган ортиқча ҳужжатларни бекор қилиш вазифаси қўйилди.

Қашқадарёнинг табиий имкониятлари туризмда ҳам янги иш ўринлари яратиши мумкинлиги қайд этилди. Йил бошидан вилоятга 2,5 миллион сайёҳ келган, Ғелон қишлоғининг ўзига ташриф буюрганлар сони 500 мингга етган. Ғелонда тоғ-чанғи курортининг биринчи босқичини ишга тушириш, бошқа тоғ қишлоқларида этнотуризм, Шаҳрисабз туманида рафтинг ва спорт туризмини ривожлантириш режалаштирилган. Олти қишлоқ бўйича мастер-режалар тайёрланиб, 50 миллион долларлик лойиҳалар бошланади.

Янги иш ўринлари учун ёшларнинг касбий тайёргарлиги ҳам муҳим экани таъкидланди. Қарши шаҳридаги Илғор касбий маҳорат техникумининг Германияда малака оширган 32 нафар устаси ҳозир вилоятдаги 57 та техникум усталарини ўқитмоқда. Бу ерда ўқувчилар мактаб аттестати билан бирга касбий сертификат олади, германиялик мутахассислар эса ёшларга тил ва касб ўргатади. Масъулларга мактаблар билан техникумлар ўртасида ўқувчиларни касбга йўналтиришнинг аниқ тизимини яратиш топширилди.

Қашқадарёлик ўқувчиларнинг натижалари ҳам алоҳида эътироф этилди. Қарши шаҳридаги Президент мактаби “Самбридге” имтиҳонларида республикада энг юқори натижани қайд этди, Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби “Заковат” турнирида ғолиб бўлди. Косонлик Муроджон Халимов САТ имтиҳонида максимал 1600 балл тўплади. Келаси йилдан ҳар бир туманда биттадан мактабда аниқ фанлар чет тилида ўқитилади. Шунингдек, барча туманларда робототехника тўгараклари очилиб, ўқувчилар ўртасида ҳар йили чемпионат ўтказилади.

Вилоятнинг келгуси ўсиши шаҳарсозликда ҳам олдиндан пухта режалаштиришни талаб этиши айтилди. Қарши шаҳри, Кўкдала ва Қарши тумани чегарасида 500 минг аҳолига мўлжалланган Янги Қарши шаҳри, Қарши туманида эса “Кўҳна Насаф” экомажмуаси барпо этилади. Нуфузли архитектура компаниялари иштирокида бош режа ишлаб чиқилиб, янги ҳудудлар “яшил” ва “ақлли” шаҳар тамойиллари асосида қурилади.

Шу билан бирга, маҳаллаларда кўчат экиш ва яшил ҳудудларни кўпайтириш бўйича “Қашқадарё тажрибаси” йўлга қўйилади. Ҳар йили Наврўз арафасида “Энг яшил маҳалла” танлови ўтказилади.

Йиғилиш якунида вилоят ва туманлар ҳокимларининг ахбороти тингланди, фаоллар билан мулоқот қилинди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.