Қаршидаги мактабда ўқувчилар ўртасида жанжал юз берди

Қаршидаги мактабда ўқувчилар ўртасида жанжал юз берди
Қарши шаҳридаги 1-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари орасида жанжал келиб чиқди. Ушбу ҳолат акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди.
Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мазкур воқеа бўйича расмий муносабат билдирди.
Дастлабки ўрганишлар жараёнида видеодаги воқеа иштирокчилари Ҳ.Л., Р.Р., Р.М. ва Б.М. экани маълум бўлди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналарини чақиртириб, воқеа тафсилотларини ўрганди.
Шунингдек, жанжалнинг сабаблари, иштирокчилар ўртасидаги муносабатлар ва видеода акс этган вазият юзасидан тегишли тушунтиришлар олинди.
Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли ҳужжатлар Қарши шаҳар ИИБга юборилди. Айни пайтда ваколатли органлар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Суриштирув якунлари ва аниқланган ҳолатларга кўра, қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо берилиб, якуний хулоса чиқарилади. Ўрганиш жараёни вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси назоратига олинган.

