Қаршида операциядан сўнг 21 ёшли қиз вафот этди
Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси Қарши шаҳрида жарроҳлик амалиётидан кейин ёш қиз вафот этгани юзасидан

Қаршида операциядан кейин 21 ёшли қиз вафот этди
Ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳрида 21 ёшли қиз муваффақияциз жарроҳлик амалиёти оқибатида ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолат бўйича Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси расмий маълумот берди.
Бошқарманинг билдиришича, 2005-йилда туғилган Л.М. 14-октябр куни «гипофиз аденомаси» ташхиси билан Қашқадарё вилоят кўп тармоқли шифохонасининг нейрохирургия бўлимига ётқизилган.
Беморни бир неча йил давомида нафас олиш қийинлашиши, бўй ўсишининг орқада қолиши, қўл ва оёқ бармоқларининг йўғонлашиши каби белгилар безовта қилиб келган. Текширувларда унинг гипофиз безида катта ҳажмдаги ўсма аниқланган. Гормонал таҳлиллар эса ўсиш гормони меъёрдан анча юқори эканини кўрсатган.
16-октябр куни пойтахтдан келган мутахассис иштирокида беморнинг гипофиз безидаги ўсма бурун орқали эндоскопик усулда олиб ташланган.
Расмий маълумотга кўра, операциядан сўнг бемор шифокорлар назоратида бўлган. 19-октябр куни ўтказилган текширувда ҳеч қандай асорат аниқланмаган.
Аммо 20-октябр куни қизнинг аҳволи кескин ёмонлашган. Унда қон босимининг ошиши, ҳуш, нафас олиш ва юрак фаолиятининг бузилиши қайд этилган.
Шифокорлар томонидан интенсив даволаш чоралари кўрилган бўлса-да, 26-октябр куни бемор вафот этган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Текширув натижалари бўйича қўшимча маълумот берилиши айтилган.
Айни пайтда беморнинг ўлимига айнан жарроҳлик амалиётидаги хато сабаб бўлгани расман тасдиқланмаган.

