Қарийб 1,5 миллиард километрдан сурат: сунъий йўлдош Сатурнни тасвирга олди
Вантор компанияси ўз сунъий йўлдоши Ер атрофидаги орбитадан олган Сатурн суратини эълон қилди. Компания маълумотига кўра, тасвир қарийб 1,5 миллиард километр масофадан олинган.

Қарийб 1,5 миллиард километр узоқликдан олинган суратда сунъий йўлдош Сатурнни тасвирга олди
Аввал Махар Интеллигенсе номи билан танилган компания бу суратни Х ижтимоий тармоғида эълон қилди. Тасвирда Сатурн ҳамда унинг атрофидаги осмон қисмида кўриниб турган юлдузлар акс этган.
Вантор ВорлдВиев Спасе йўналишини ривожлантирмоқда. Унинг вазифаси Ер юзасини эмас, балки космосдаги обьектларни суратга олишдан иборат. Компания аппаратлари орбитадан бошқа сунъий йўлдошларни ҳам тасвирга олиш имкониятини кўрсатган.
Жумладан, 2025-йил декабрда ВорлдВиев-3 аппарати носоз Старлинк сунъий йўлдошини 240 километр масофадан суратга олган.
2026-йил апрелда эса ВорлдВиев Легион 4 сунъий йўлдоши «Хаббл» космик телескопини тахминан 61,8 километр масофадан тасвирга туширган. Суратда бир пикселга қарийб тўрт сантиметр тўғри келгани сабабли телескопнинг силиндрсимон корпуси, ялтироқ иссиқлик ҳимоя қопламаси, очилган қуёш панеллари ва олд қисмидаги очиқ оптик туйнуги кўринган.
Вантор маълумотига кўра, компаниянинг еттита аппарати 200–1000 километр баландликдаги орбиталарда жойлашган обьектларни суратга ола олади. Бундай кузатувлар учун эълон қилинган энг юқори тасвир аниқлиги 2,5 сантиметргача етади. Бу кўрсаткич Сатурн суратига эмас, орбитадаги обьектларни яқин масофадан тасвирга олиш имкониятига тааллуқли.
Сатурннинг янги сурати эса компания сунъий йўлдошлари анча узоқдаги осмон жисмларини ҳам кузата олишини намойиш этган.

