Маҳаллий

Қамоқхоналарда адвокатларнинг ҳимоясидаги шахс билан учрашув давомийлигини чеклаш тақиқланди

Қамоқхоналарда адвокатларнинг ўз ҳимоясидаги шахслар билан учрашувларини электрон навбат асосида ташкил этиш тизими йўлга қўйилди: жараён тўлиқ рақамлаштирилмоқда. Янги тартиб 17-августдан кучга киради.

Қамоқхоналарда адвокатларнинг ҳимоясидаги шахс билан учрашув вақтини чеклаш тақиқланди. Бу ҳақда Kun.uzъга Жазони ижро этиш департаменти маълум қилди.

Департамент хабарига кўра, адвокатларнинг узоқ навбатларда сарсон бўлишига расман чек қўйилмоқда. 14-август куни ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи Азизхон Умархонов ва Адвокатлар палатаси раиси Шуҳрат Содиқов томонидан қўшма қарор имзоланган бўлиб, ушбу ҳужжат билан вақтинчалик низом ҳам тасдиқланган.

Янги тартиб 2026-йил 17-августдан бошлаб тўлиқ кучга киради. Унга кўра, адвокатларга автоматик тарзда ҚР-кодли махсус электрон рухсатнома расмийлаштириб бериш тизими йўлга қўйилади. Бу Адвокатлар палатасининг E-advokat.uz ва Жазони ижро этиш департаментининг марказлашган Қалъа ахборот тизимларини интеграция қилиш орқали амалга оширилади.

Учрашувларнинг 3 хил янги шакли ташкил қилинмоқда.

Шунингдек, қамоқхона ходимлари ва адвокатларнинг мажбуриятлари ҳам белгиланмоқда. Унга кўра, муассаса маъмурияти томонидан адвокатнинг учрашув давомийлигини чеклаш қатъиян тақиқланди. Тизимдаги бўш хоналарни асоссиз яширган ходимлар интизомий жавобгарликка тортилади. Қолаверса, адвокатнинг фаолиятига тўсқинлик қилган ёки қўпол муомалада бўлган ходимларга нисбатан хизмат текшируви ўтказилади.

Шу билан бирга, адвокатнинг учрашув хонасига тақиқланган буюм олиб кириши, хат-хабар олиб чиқиши ёки телефон сўзлашуви ташкил этиши ички тартибни қўпол бузиш ҳисобланиб, бундай ҳолларда учрашув дарҳол тўхтатилади.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.