Путин урушни тушунтириш учун ҳайвонлардан фойдаланишни таклиф қилди

Россия президенти Владимир Путин ўқитувчиларга болаларга "қандай дунёда яшаётганимизни" ва Россиянинг Украинадаги уруш сабабларини ёввойи ҳайвонлар, хусусан, оқ айиқлар ва косаткалар мисолида тушунтиришни таклиф қилди. Бу ҳақда Деуцче Велле хабар берди.
Путин бу ташаббусни 29-август, шанба куни Москва педагогика давлат университетида ўқитувчилар билан учрашув чоғида Белгород вилоятидан бўлган хитой тили ўқитувчиси Дмитрий Баланчуков билан суҳбатда илгари сурди. Тадбир видеоси ўша куни Кремл сайтида эълон қилинди.
Ўқитувчи Путинга Шимолий қутбга қилган сафари ва иккита оқ айиқ билан учрашгани ҳақида гапириб берди. Бунга жавобан Путин ўша ерда яшайдиган ва озиқ-овқат занжирининг бир бўлаги сифатида оқ айиқларни еб битирадиган косаткаларни эслади.
"Тасаввур қилинг-а, у ерда косаткалар яшайди. Улар бу айиқларни майда хўракдек еб қўйишади. Улар шунчаки тўда бўлиб ташланишади ва уларни бўлаклаб ташлашади. Буларнинг барчаси жуда қизиқ. ... Озиқ-овқат занжири шунақа тузилган. Ва болаларга ҳам буни айтиб бериш керак, токи улар қандай дунёда яшаётганимизни ва нима учун махсус ҳарбий операция ўтказаётганимизни тушунишсин", деди президент.
**Путин тез-тез ҳайвонот оламидан қиёслар келтиради**
Россия етакчиси ўз чиқишларида бир неча бор ҳайвонлар билан қиёсларга мурожаат қилган. Масалан, 2025-йил сентябр ойида Словакия бош вазири Роберт Фицо билан учрашувда у Европа Иттифоқи мамлакатлари раҳбарларини судралиб юрувчилар ёки ҳайвонлар билан солиштиришни хоҳламаслигини айтганди. "Улар эртаклар бўйича мутахассис эмас, улар даҳшатли филмлар бўйича мутахассис. Россия гўёки Европага ҳужум қилишни режалаштираётгани ҳақидаги қўрқув доимий равишда авж олдирилаётгани — менимча, бу провокация ёки мутлақ малакасизлик", дея тушунтирганди Путин.
2021-йил апрел ойида Путин бошқа давлатларнинг танқидига жавоб бераркан, Редярд Киплингнинг "Жунгли китоби"ни эсга олиб, Россияни асоссиз айблаётганларни "Шерхон атрофида ўралашган майда сиртлонлар"га қиёслаганди. 2011-йил декабрида эса чет элдан молиялаштириладиган мухолифатни айнан шу китобдаги "бандерлоглар" деб атаганди.
2014-йилги матбуот анжуманида Путин ташқи сиёсат ҳақида гапираркан, Россияни доимо занжирга солиб, тиш-тирноғини суғуриб олишга уринишларини айтганди. "Балки айиғимиз тайгада тинчгина асал, резавор еб юрса, уни тинч қўйишар? Йўқ, қўйишмайди", деганди у ўшанда.
Аввалроқ Путин Россияда ёнилғи билан боғлиқ муаммолар ҳали тўлиқ ҳал этилмагани ҳақида гапирганди.

