Путин назарига тушган генерал Россия Қаҳрамони юлдузини олганидан икки ҳафта ўтиб ҳалок бўлди
Грунис камида икки марта шахсан президент Владимир Путинга фронт чизиғидаги вазият ҳақида ҳисобот берган, президент эса уни омма олдида мақтаганди.

Путин эътиборига тушган генерал Россия Қаҳрамони юлдузини олганидан икки ҳафта ўтиб ҳалок бўлди
4-алоҳида мотоўқчи бригадаси қўмондони, «Грозний» чақирув белгисига эга генерал-маёр Антон Грунис Россия мудофаа вазири Андрей Белоусовдан Россия Қаҳрамони юлдузини олганидан бор-йўғи икки ҳафта ўтиб, фронт чизиғи яқинида ҳалок бўлди. Грунис камида икки бор шахсан президент Владимир Путинга фронтдаги вазият юзасидан ҳисобот берган, президент эса уни омма олдида мақтаганди.
Фронт чизиғи яқинида шанбадан якшанбага ўтар кечаси (12-13 сентабр оралиғи) россиялик юқори мартабали офицер ҳалок бўлганига россиялик з-блогер Анастасия Кашеварова ишора қилганди. «Бугун тунда фронт ўз Қаҳрамонларидан биридан айрилди. Расмий маълумот бўлмагунича – хабар бермайман», – деб ёзганди у 13-сентабр тонгида ўз телеграм-каналида.
Кейинги куни Қозондаги Суворов ҳарбий билим юрти (Грунис айнан шу ерни тамомлаган) битирувчиларига бағишланган «Суворовское брацтво» телеграм-каналида генерал вафоти ҳақида некролог эълон қилинди. Постда унинг исми тилга олинмаган.
15-сентабр куни Груниснинг ўлими ҳақида (унинг номини келтирган ҳолда) Россия ҳукумати таъсиридаги ва ҳарбий мавзуга ихтисослашган Анна Невс агентлиги 4-мотоўқчилар бригадасидаги аноним манбага таянган ҳолда хабар берди.
Грунис ҳалок бўлганини тасдиқловчи ягона расмий маълумот РФ мудофаа вазирлиги қуролли кучлар бош ҳарбий-сиёсий бошқармаси бошлиғи ўринбосари, «Ахмат» бўлинмаси қўмондони генерал-лейтенант Апти Алаудиновнинг телеграмдаги пости бўлиб қолмоқда. «Минг афсуски, генерал-маёр Антон Грунис „Грозний“ нариги дунёга кетди», – деб ёзди Алаудинов 16-сентабр куни.
У тафсилотларни очиқламади, фақат «ўз муқаддас бурчини охиригача адо этиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлгани»ни билдирди.
Груниснинг, унинг туғишган акасининг, шунингдек, яқин қариндошларининг телефонлари ўчирилган ёки жавоб бермаган.
Кашеварова ўз постида у ушбу ҳарбий зарба оқибатида ҳалок бўлганини, унинг жойлашуви ҳақида эса Украина қуролли кучлари «ўзиникилар» сиздирган маълумот орқали билиб олганини тахмин қилганди.
Украина Пилоциз тизимлар кучлари қўмондони Роберт Бровди («Мадяр») эса Грунис 2026-йил 12-сентабр куни Донецк областида украин дрони зарбаси оқибатида ҳалок бўлганини маълум қилган.

