Путин Святогорск олинганини айтганди, аммо украин генерали шаҳар марказидан видеомурожаат йўллади
Украинанинг Лиман атрофидаги юриши ҳақида нималар маълум?

Путин Святогорск эгалланганини айтганди, аммо украин генерали шаҳар марказидан видеомурожаат йўллади
Украина қуролли кучлари Учинчи армия корпуси қўмондони, генерал Андрей Билецкий 7-сентабр куни Донецк областидаги Святогорск шаҳри марказидан видео эълон қилди. Бундан аввал Россия мудофаа вазирлиги ҳам, шахсан Владимир Путин ҳам ушбу шаҳар эгалланганини билдирганди. Бундан ташқари, ОСИНТ-таҳлилчилар маълумотига кўра, украин армияси Лиман йўналишида қарши ҳужумни давом эттирмоқда ва катта эҳтимол билан сезиларли ютуқларга эришган. ББС Украина хизмати бу «махфий амалиёт ҳамон давом этаётгани»ни қайд этган.
Святогорскнинг эгаллангани ҳақида Владимир Путин 1-сентабр куни маълум қилганди. Бу шаҳар Лимандан 15 км шимоли-ғарбда жойлашган бўлиб, унинг яқинида православ христианлар учун муқаддас саналган Авлиё-Успенская Лавраси ҳам бор.
Кейинги куни Россия мудофаа вазирлиги ҳам ушбу шаҳар эгаллангани ҳақида хабар тарқатди. Бироқ бунинг учун ҳеч қандай далил келтирилмади.
Ўшандаёқ бу баёнотларнинг тўғрилигига россиялик З-блогерларнинг ўзида ҳам шубҳа билдирилганди. Сабаби, ушбу аҳоли яшаш манзили ўша пайтдаги фронт чизиғидан тахминан 10–12 км узоқликда жойлашган эди ва россиялик штурмчиларнинг шаҳар йўналишида муваффақиятли кириб боргани ҳақида ҳеч қандай маълумот чиқмаганди.
Россия ҳарбий қўмондонлиги баёнотидан бир кун ўтиб бир қатор украин журналистлари Святогорскни айланиб чиқишди ва у ердан россияликларни топа олишмади.
7-сентабр куни фронтнинг мазкур участкаси учун масъул Учинчи армия корпуси генерал Андрей Билецкийнинг видеосини эълон қилди. Унда генерал Святогорскни ва Авлиё-Успенская Лавраси атрофини эмин-эркин, ҳатто каска киймаган ҳолда айланиб юргани кўринади. Видеода шаҳар бўйлаб фуқаролик автомобиллари ҳаракатланаётгани, аҳоли яшаш маркази тўлиқ украин армияси назоратида экани ҳам акс этган.
Бундан ташқари, Учинчи армия корпуси қўмондони Святогорскни «фронтортидаги шаҳар» деб атаган.
«Святогорскда ҳеч қачон рус аскарлари бўлмаган деб бўлмайди [2022-йилда ушбу шаҳар бир неча ой мобайнида Россия армияси томонидан ишғол этилганди], аммо бу ерда, умуман олганда, ҳеч қандай муаммосиз сайр қилиш мумкин, гарчи зирҳли нимча кийган маъқул… Бу корпусимизнинг фронторти ҳудуди, бу ерда барчаси ажойиб», – деган у.

