Путин Ғарбни яна ядровий қурол билан қўрқитди
Россия президенти Владимир Путин «Валдай» клуби йиғилишида ядровий қурол қўлланмаслигига ишонч йўқлигини билдириб, вазият кескинлашса, дунёда «мактаб дарсликлари ҳам, уларни ўқийдиганлар ҳам қолмаслиги» ҳақида гапирди. У Украинадаги уруш учун Ғарбни яна айблади.

Путин Ғарбни яна ядровий қурол билан қўрқитди
ДВ хабарига кўра, Путин 1-октабр, пайшанба куни кечқурун «Валдай» халқаро мунозара клубининг ялпи мажлисида дунё учун «ҳалокатли оқибатлар» келтириб чиқариши мумкин бўлган ссенарий ҳақида гапирган.
Россия раҳбари бир қатор мамлакатлар ихтиёрида «барча тирик мавжудотни йўқ қилишга қодир» қурол борлигини эслатди. У бундай қурол ишлатилмаслигига ишонч борми, деган саволни ўзи қўйиб, ўзи унга салбий жавоб берди.
Путин ядровий қуролни театр саҳнасида осилиб турган ва жанр қонуниятларига кўра, бир пайт келиб отилиши керак бўлган милтиққа қиёслади.
«Яшаб қолиш учун кураш қонунлари нафақат тирик табиатда, балки ижтимоий ҳамжамиятларда ҳам амал қилади», - деди у. Шу орқали Путин Россия кескин чоралар кўришга мажбур бўлиши мумкинлигига ишора қилди.
Шу билан бирга, у «бу милтиқ» отилмаслиги учун ҳаракат қилиш кераклигини ҳам қўшимча қилди.
«Агар яшашни истасак - яшашни эса ҳамма истайди - келинг, аҳил яшайлик», - деди Россия президенти.
Унинг айтишича, вазият янада кескинлашса, «мактаб дарсликлари ҳам, улар бўйича таълим оладиганлар ҳам бўлмайди». Шу тариқа Путин дунё миқёсидаги ядровий фалокат эҳтимолини яна тилга олди.
Россиянинг Украинада бешинчи йил давом этаётган уруши ҳақида сўз юритар экан, Путин Москва гўёки «урушни бошламагани»ни яна даъво қилди. У Россиянинг Украина ҳудудига бостириб киришини НАТО ва Киевнинг ҳаракатларига жавоб сифатида кўрсатишга уринди.
«Ҳақиқат шундаки, урушишни биз истамаганмиз ва биз бошламаганмиз, аксинча, бизга қарши уруш бошлашган», - деди у.
Путиннинг талқинига кўра, Ғарб йиллар давомида Украинада «тажовузкор миллатчилик ва русофобия»ни рағбатлантириб, мамлакатни Россияга қарши «қурол»га айлантиришга ҳаракат қилган. У, шунингдек, Киевдаги «радикаллар» давлат тўнтаришига ундаш орқали қўллаб-қувватланганини, НАТО эса Россиянинг «тарихий ҳудудлари» деб атаган жойларда ўз базаларини жойлаштирмоқчи бўлганини даъво қилди.

