Пул солинган чемоданлардан тортиб маркетинг иситмасигача. MrBeast’нинг Ўзбекистонга ташрифи нимаси билан ёдда қолди. Видео

Пул солинган чемоданлардан тортиб маркетинг ажиотажигача. MrBeast’нинг Ўзбекистонга ташрифи нимаси билан ёдда қолди. Видео
Ғолиблар учун пул солинган чемоданлар, эксклюзив мерч ва миллий колоритга эга совғалар — дунёдаги энг оммабоп видеоблогерлардан бири, MrBeast номи билан танилган Джимми Дональдсон Тошкентда мухлислари билан илк бор учрашган 9 октябрь куни айнан шундай ёдда қолди.
Ўзбекистон пойтахти унинг Марказий Осиё бўйлаб сафарининг бошланғич нуқтаси бўлди. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Туризм қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этган ташриф мухлислар учун ҳақиқий интерактив байрамга айланди. Махфий локацияга кириш учун нафақат анкетани тўлдириш, балки тасодифий танловдан ўтиш керак эди, шундан сўнг омадлиларга шахсий QR-кодлар юборилди.
Майдончада бўлиш омади кулиб боққанлар дарҳол блогернинг динамик челленджлар, викториналар ва логик синовлардан иборат фирма шоулари муҳитига нгшди. Куннинг бош воқеаси суперсовринларни топшириш бўлди: энг топқир учта иштирокчининг ҳар бири ўзи билан 100 миллион сўм нақд пул солинган чемоданларни олиб кетди. Ғолиблар ичи пулга тўла очиқ чемоданлар билан қувонаётган оломон олдига чиққанда, ва юзлаб томошабинлар экранлардан таниш бўлган синовлар миқёсини тўғридан-тўғри ўз қаршиларида кузатиб, табрикларни ҳайқириб айтганда, ҳис-ҳаяжон барча йиғилганларни қамраб олди.
Нима бўлганда ҳам, танловдан ўтган бирорта ҳам иштирокчи совғасиз қолмади. Ҳар бир киши қора матоли шоппер, блокнот, билакузук ва стикерлар бўлган эсдалик тўпламини олди. Ушбу мерч ҳатто таъсирли эпизодга ҳам сабаб бўлди: дастур якунлангач, кўчада сувенирларни томоша қилаётган ёшлар ўз қувончи билан бўлишишга қарор қилишди ва совғаларнинг бир қисмини байрамни четдан кузатиб турган кичкина қизчага совға қилишди.
Учрашувга ширин қўшимча MrBeast брендига тегишли Feastables шоколадлари бўлди. Мухлисларга улар аравачадан тарқатилди.
Шу билан бирга, америкалик меҳмоннинг ўзини ҳам кутилмаган совға кутарди. Ўзбекистон уни самимий ҳайрат ва маҳаллий урф-одатларга бўлган чуқур ҳурмат билан кутиб олди. Маҳаллий рассом блогер ва унинг жамоасига мамлакат ҳақида ёрқин хотира қолдириш истагида, улар анъанавий ўзбек чапонларида тасвирланган ранг-баранг портретни совға қилди.
Миллий мавзуни блогер Марьям Тилляева ҳам қўллаб-қувватлади, у MrBeast’га унинг фирма логотипи билан безатилган эксклюзив чапонни топширди. Instagram’да у ушбу либосни блогер учун махсус тикканини таъкидлади. Чапонда, шунингдек, Uzbekistan ёзуви ҳам бор.
Дунё миқёсидаги юлдузнинг келиши нафақат мухлислар орасида, балки бизнес муҳитида ҳам зудлик билан ҳақиқий ажиотаж келтириб чиқарди. Ўзбекистон бизнеси баланд овоза бўлган инфомавзуни дарҳол илиб кетди: ижтимоий тармоқларни маҳаллий брендлар ва масканларнинг креатив промо-роликлари тўлқини амалда эгаллаб олди. Тадбиркорлар MrBeast’нинг кадрлари ва тасвирларидан фаол фойдаланиб, унинг ташрифини худди блогер айнан уларнинг ҳузурига кириб ўтгандек ёки уларнинг товар ва хизматларини шахсан реклама қилгандек талқин қилишди.
Воқеаларга бой кун шаҳар миш-мишларисиз ҳам ўтмади. Ижтимоий тармоқларда блогер челленджидаги машҳур қизил Lamborghini гўёки Тошкент кўчаларида аварияга учрагани ҳақидаги хабар тез тарқалди. Бироқ, пойтахт ЙҲХБ ушбу фейкни тезкорлик билан рад этди ва Тошкентда машина ҳеч қандай ҳодисаларсиз ҳаракатланганини тасдиқлади, MrBeast’нинг ўзи эса кейинчалик суперкар ҳали Деҳлидаги съёмкалар пайтида шикастланганига аниқлик киритди.
Тошкентдаги учрашув юзлаб мухлисларга ёрқин хотираларни, MrBeast’нинг ўзига эса Марказий Осиёда унутилмас қабулни қолдириб, самимий руҳда якунланди.

