Пскентда интеллектуал кўчатхоналар комплекси фойдаланишга топширилди
Бугун Тошкент вилоятининг Пскент туманида «Интеллектуал технологиялар асосида Тошкент вилоятининг ўрмон ва шаҳар ҳудудларини кўкаламзорлаштириш» лойиҳаси доирасида ташкил этилган янги интеллектуал кўчатхоналарни фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди. Лойиҳа Экология қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг (KOICA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Замонавий […] топшириш маросимида

Пискентда интеллектуал питомниклар мажмуаси фойдаланишга топширилди
Бугун Тошкент вилоятининг Пискент туманида «Интеллектуал технологиялар асосида Тошкент вилоятининг ўрмон ва шаҳар ҳудудларини кўкаламзорлаштириш» лойиҳаси доирасида ташкил этилган янги интеллектуал питомникларни фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди. Лойиҳа Экология қўмитаси ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан Корея халқаро ҳамкорлик агентлигининг (KOICA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Замонавий питомникларнинг очилиш маросимида Ўрмон хўжалиги агентлиги директори ўринбосари Ғолибжон Қурбонов, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Вон До Ён, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари Абдушукур Ҳамзаев, Экология қўмитаси ва Ўрмон хўжалиги агентлиги вакиллари, KOICA экспертлари, Пискент тумани ҳокимлиги вакиллари, вилоят ҳудудий давлат ўрмон хўжаликлари раҳбарлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирни очар экан, Ўрмон хўжалиги агентлиги директори ўринбосари Ғолибжон Қурбонов сўнгги йилларда давлат раҳбарининг бевосита ташаббуси билан мамлакатимизда янги ўрмон массивларини барпо этиш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
«Айтиб ўтиш жоизки, яқинда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида йилига миллионлаб сифатли кўчатлар етиштириш қувватига эга бўлган замонавий кўчатчилик маркази ўз ишини бошлади. Жорий йилда Андижон вилоятида ҳам умумий майдони 5,5 гектар бўлган интеллектуал питомниклар мажмуаси ташкил этилди. Ушбу питомниклар «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини ривожлантиришнинг янги босқичига олиб чиқишга қаратилган.
Бугун Тошкент вилоятининг Пискент туманида фойдаланишга топширилаётган интеллектуал питомниклар ушбу хайрли ташаббусларнинг мантиқий давомидир».
Тадбир давомида интеллектуал питомниклар мажмуаси ташкил этилгани муносабати билан ўрнатилган ёдгорлик тошининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Меҳмонлар, шунингдек, ушбу воқеа хотирасига мажмуа ҳудудида дарахтлар экдилар. Сўнгра иштирокчилар питомниклар фаолияти ва уларнинг инфратузилмаси билан танишдилар.
Таъкидлаш жоизки, KOICA билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа 2024–2028 йилларга мўлжалланган. Унинг умумий қиймати 7,7 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Мажмуа Тошкент давлат ўрмон хўжалигининг кўчатчиликка ихтисослашган Дўнгқўрғон участкаси ҳудудида барпо этилган. Бу ерда 14 та интеллектуал иссиқхона фаолият юритмоқда, мажмуанинг умумий майдони эса 7 гектарни ташкил этади. Иссиқхоналар ички муҳитни доимий мониторинг қилишнинг автоматлаштирилган тизимлари билан жиҳозланган бўлиб, бу маҳаллий иқлим шароитларига мослашган сифатли кўчатларни етиштириш учун мақбул шароитларни яратиш имконини беради.
Интеллектуал технологиялар асосида кўчатлар етиштириш ўрмон хўжалигини ривожлантириш, кўчатчилик самарадорлигини ошириш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда алоҳида аҳамиятга эга. Лойиҳа доирасида маҳаллий иқлим шароитларига мослашган кўчатларни етиштириш, уларни пайванд қилиш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш бўйича ўқув семинарлари ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, лойиҳанинг амалга оширилиши ўрмон хўжалигининг мавжуд инфратузилмасидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда дарахт ва буталарнинг турли турларини кўпайтириш имкониятларини кенгайтириш имконини беради.
Замонавий мажмуа катта ҳажмдаги дарахт ва бута кўчатларини етиштириш, ўрмон хўжаликларини сифатли кўчатлар билан таъминлаш, республика ҳудудларида янги яшил ҳудудларни барпо этиш, ўрмонларни қайта тиклаш ва янги ўрмонлар барпо этиш ишларини ўтказиш, шунингдек, қурғоқчил ҳудудларнинг чўлланишининг олдини олиш имконини беради.
Кореялик мутахассисларнинг сўзларига кўра, кўчатлар замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда етиштириладиган интеллектуал иссиқхоналар бир қатор афзалликларга эга.
Илғор технологик ускуналарни қўллаш туфайли сувни сезиларли даражада тежаш асосий афзалликлардан биридир. Кўчатлар бевосита тупроқда эмас, балки махсус контейнерларда етиштирилади, бу эса ўртача бир йил ичида экишга тайёр бўлган кўчатларни олиш имконини беради. Жараёнларни автоматлаштирилган бошқариш қўл меҳнати ҳажмини камайтиради. Барча операциялар махсус дастурий таъминот ёрдамида амалга оширилади, бу эса кўчатларнинг сифатли ривожланишига хизмат қилади.
Муҳими шундаки, бундай шароитда махсус контейнерларда етиштирилган кўчатларни тоғли ҳудудларга ташиш ва экиш анча енгилроқдир. Ўз навбатида, бу харажатларни камайтиришга ҳам хизмат қилади.
Маълумот учун: жорий йилнинг тўққиз ойи давомида Ўрмон хўжалиги агентлиги тизимига кирувчи ўрмон хўжаликлари томонидан ўрмон хўжалиги ва кўкаламзорлаштириш эҳтиёжлари учун 1 100 тонна дарахт ва бута уруғлари жамғарилди. 1 035 гектар майдонда маҳаллий тупроқ-иқлим шароитларига мослашган 101,6 миллион туп ниҳол ва кўчатлар етиштирилмоқда ва парвариш қилинмоқда.
Бундай кенг кўламли ишларнинг натижадорлиги кўчатларни тўғри танлаш, уларни сифатли етиштириш ва экилгандан сўнг тегишлича парвариш қилишни таъминлашга бевосита боғлиқ. Пискентдаги интеллектуал питомникда жорий этилган технологиялар сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, кўчатларни назорат қилинадиган шароитларда етиштириш ва уларнинг сифатини ошириш имконини беради.
Келгусида ушбу илғор тажрибани республиканинг бошқа ўрмон хўжаликларида ҳам жорий этиш режалаштирилмоқда.

