Президентга Тошкентнинг Олмазор туманидаги минорали автотураргоҳ кўрсатилди
Тошкентнинг Олмазор туманидаги «Кичкирик» маҳалласида 16 та автомобилга мўлжалланган саккиз қаватли минора типидаги автотураргоҳ қурилди. У лифт принципи асосида ишлайди: марказий кўтаргич машинани қабул қилиб олади ва уни автоматик равишда бўш жойга жойлаштиради. Объект билан президент Шавкат Мирзиёев танишди.

Президентга Тошкентнинг Олмазор туманидаги минорали автотураргоҳ кўрсатилди
11 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Олмазор туманидаги Кичкирик маҳалласида бўлиб, у ерда амалга оширилган кенг кўламли ободонлаштириш ишлари билан танишди.
«Обод маҳалла» дастури доирасидаги тадбирларга маҳаллий бюджетдан 71,4 млрд сўм йўналтирилди.
Маҳалла 30 йилдан ортиқ вақтдан бери мавжуд. Унинг ҳудудида 23 та кўп қаватли уй жойлашган бўлиб, 1416 та хонадонда 5400 дан ортиқ киши истиқомат қилади.
Кичкирик канали бўйлаб чўзилган 2,4 км узунликдаги сайр зонаси асосий объектлардан бирига айланди. Президент Администрацияси маълумотларига кўра, бу ерда 12,4 км пиёдалар йўлаги ётқизилган, яшил ҳудудлар кенгайтирилган, айвон, 14 та шийпон, фавворалар ва чархпалак қурилган.
Маҳаллада 6500 га яқин манзарали ва мевали дарахтлар экилди, уйларнинг фасадлари янгиланди, ўриндиқлар ва ёритиш тизимлари ўрнатилди. Шунингдек, 12 та воркаут майдончаси, учта футбол майдони ва кутубхоналар ташкил этилди, дейилади хабарда.
Маҳалла ҳудудида 47 та тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда. Янги лойиҳалар доирасида 61 та иш ўрни яратилди.
Ташриф давомида президент аҳоли бандлигини таъминлаш лойиҳалари билан ҳам танишди.
Маҳаллада мамлакатдаги илк минорали автотураргоҳлардан бири ҳам ўрнатилди. Саккиз қаватли конструкция лифт принципи асосида ишлайди: автомобилни марказий кўтаргич қабул қилиб олади ва автоматик равишда бўш жойга жойлаштиради. Автотураргоҳ 16 та машинага мўлжалланган.
Бундан ташқари, бу ерда жамоатчилик ва маданий тадбирлар учун амфитеатр қурилди.
Президент, шунингдек, 1976 йилда очилган 441-сонли болалар боғчасига ташриф буюрди. Бўш ҳудудда 450 ўринли иккита янги корпус қурилди, бунинг эвазига муассасанинг умумий сиғими 835 нафар болагача кўпайди.
Боғчада туз хонаси жиҳозланди, шунингдек, инглиз тили, ментал арифметика, расм чизиш, мусиқа, бадиий гимнастика, шахмат ва таэквондо тўгараклари ташкил этилди.
Мирзиёевга давлат тилини ўйинлар ва рақамли воситалар орқали ўрганишга мўлжалланган «Ўзбек тилини ўйнаб ўрганамиз» интерактив платформаси ҳам тақдим этилди.
Бундан ташқари, президент йўл ҳаракати хавфсизлиги тўгараги фаолияти билан танишди. У болаларга болаликдан йўлларда хавфсиз ҳаракатланиш қоидаларини ўргатиш учун бундай машғулотларни бошқа боғчаларда ҳам ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.

