Президент хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар иш стажи ҳисобга олиниши кераклигини айтди
Шавкат Мирзиёев уларнинг хориждаги иш стажи ватанга қайтгандан кейин ҳисобга ўтиши, айниқса, пенсия тайинлашда бу, албатта, инобатга олиниши зарурлигини таъкидлади.

Президент хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар иш стажи ҳисобга олиниши лозимлигини билдирди
Шавкат Мирзиёев 2-ноябрдаги йиғилишда хорижда ишлаётган фуқароларнинг пенсия ҳуқуқини тўлиқ таъминлаш масаласига тўхталди.
Давлат раҳбари Ўзбекистон фуқаролари 40 дан ортиқ давлатда қонуний меҳнат қилаётганини, у ерда солиқ билан бирга пенсия бадалини ҳам тўлаётганини, бироқ ватанга қайтганда хориждаги иш стажи ҳисобга олинмаётганини айтди.
“Уларнинг хориждаги иш стажи ватанга қайтгандан кейин ҳисобга ўтиши, айниқса пенсия тайинлашда бу албатта инобатга олиниши зарур”, деди давлат раҳбари.
Маълум қилинишича, бу йил Қирг'изистон, Озарбайжон ва Туркия билан иш стажи ва пенсия ҳуқуқини тан олиш то'г'рисида икки томонлама битим имзоланди. Аммо бошқа давлатлар билан бундай келишувлар ҳали мавжуд эмас. Фуқаролар энг кўп ишлаётган мамлакатлар билан ҳам шундай битимлар тузилиши кераклиги таъкидланди. Булар Германия, Россия, Япония, Корея ҳамда Болтиқбўйи ва Болқон давлатлари.
Масъулларга хорижлик ҳамкасблари билан музокаралар олиб бориб, йил охиригача эришилган аниқ натижалар ҳақида ахборот бериш топширилди.
Йиғилишда миграциядан қайтган фуқароларни иш билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Йил бошидан буён 1 миллион 116 минг киши миграциядан қайтган. Улар орасида Германия, Буюк Британия, Корея, Япония ва Россияда саноат, қурилиш, логистика, хизмат кўрсатиш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаларида тажриба орттирган мутахассислар бор.
Президент хорижда йирик саноат корхоналарида ишлаб, замонавий технология ва меҳнат маданиятини ўзлаштирган мутахассислар Ўзбекистон корхоналари учун катта имконият эканини, ҳокимлар ва тармоқ раҳбарлари уларга муносиб иш таклиф қилиб, билим ва тажрибасидан фойдаланиши зарурлигини таъкидлади.
Шу мақсадда чет элдан қайтган фуқароларнинг ишлаган жойи, касби ва стажи акс этадиган платформа яратилади ва у ҳокимлар ҳамда тармоқ раҳбарлари фойдаланадиган тизимга уланади.
Йил якунигача қайтган 250 минг кишига мос иш топиш, тадбиркорлик қилишни истаганларга эса йўл-йўриқ кўрсатиб, шароит яратиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда хорижда ишлашга бориб муаммога дуч келган фуқаролар “Онлайн маҳалла” платформасида ёрдам сўраб хабар қолдириш имкониятига эга бўлиши, Ўзбекистоннинг ҳар бир вилоятида ягона миграция маркази очилиши, келаси йилдан фуқароларни чет элга ишга юбориш вазифаси хусусий сектордаги энг ишончли бандлик агентликларига тўлиқ ўтказилиши, юқори даромадли ишга жойлаштирилган ҳар бир киши учун агентликка 1,5 млн сўмдан рағбат пули тўланиши ҳам маълум қилинди.

