Президент тиббий инфратузилмани 2036 йилгача ривожлантириш режалари билан танишди
Шавкат Мирзиёев ҳузурида ўтган йиғилишда таъкидланишича, 2026–2036 йилларга мўлжалланган тиббий инфратузилмани ривожлантириш мастер-режалари ишлаб чиқилади. Самарқанд вилоятида эса 2030 йилгача 1,5 мингта янги шифо ўрни яратиш режалаштирилмоқда.

Президент тиббий инфратузилмани 2036 йилгача ривожлантириш режалари билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёев 26 октябрь куни тиббий инфратузилмани ягона мастер-режа асосида ривожлантириш ҳамда соғлиқни сақлаш тизимида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш бўйича тақдимот билан танишди.
2026–2036 йилларга мўлжалланган мастер-режаларни тайёрлашда аҳоли сони ва унинг ўсиши, тиббий хизматларга бўлган эҳтиёж, шифохоналар қуввати ҳамда беморларнинг муассасаларга етиб бориш вақти инобатга олинади.
Режалар асосида қайси муассасани сақлаб қолиш, қайсини бирлаштириш ёки реконструкция қилиш, қаерда янги шифохона қуриш, уни қандай жиҳозлаш ва қанча мутахассис кераклигини белгилаш кўзда тутилмоқда. Инвестиция дастурлари ҳам шу режаларга таяниб шакллантирилади.
Тиббий инфратузилмани режалаштиришдан аввал мавжуд объектлар хатловдан ўтказилмоқда. Ўнта вилоятда ўтказилган хатловда соҳага оид 3 499 та объект аниқланган. Бу Кадастр агентлиги маълумотларидаги кўрсаткичдан 494 тага кўп. Барча ҳудудларда хатловни якунлаш, объектларнинг электрон паспортларини шакллантириш ва ягона рақамли реестр яратиш таклиф этилди.
Самарқанд вилояти мисолида тиббий инфратузилмани қайта ташкил этиш режалари тақдим қилинди. Вилоят аҳолисининг 80 фоизи туманларда яшаса-да, шифо ўринларининг фақат 41,7 фоизи туманлар ҳиссасига тўғри келади.
Мастер-режага мувофиқ, тиббий ҳудудларни қайта ташкил этиш орқали туманлардаги шифо ўринлари улушини 67 фоизга етказиш режалаштирилмоқда. Бу тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштиришга қаратилган.
Самарқанд шаҳри, Ургут, Пастдарғом, Каттақўрғон, Иштихон ва Пайариқда янги шифохоналар қуриш ҳамда мавжудларини реконструкция қилиш режалари кўриб чиқилди. Шунингдек, вилоят марказидаги ихтисослашган муассасаларни кўп тармоқли шифохоналар негизида қайта ташкил этиш, марказий лабораториялар, стерилизация ва ташхислаш хизматларини ривожлантириш таклиф қилинди.
Ургут, Каттақўрғон ва Пастдарғомда 2030 йилгача жами 1 500 та янги шифо ўрни яратиш назарда тутилмоқда.
Тақдимотда янги бинолар қуриш билан бирга, тиббий хизматлар сифатига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди. Поликлиника ва шифохоналарни лойиҳалашда беморлар ҳаракатини қулай ташкил этиш, инфекцион назорат, инклюзив муҳит ва хоналарни жиҳозлаш бўйича ягона талабларни жорий этиш таклиф қилинди.

