Президент Қорақалпоғистон раҳбарининг унвонини генерал-майор даражасига кўтарди
Ўзбекистон Президенти Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаевга генерал-майор махсус унвонини берди. У Оринбаевнинг ички ишлар органлари тизимидаги кўп йиллик меҳнатини, Қорақалпоғистонни ривожлантириш, аҳоли фаровонлиги, хавфсизлиги ва осойишта ҳаётини таъминлашга қўшган ҳиссасини таъкидлаб ўтди.

Президент Қорақалпоғистон раҳбарининг унвонини генерал-майор даражасига кўтарди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Нукусдаги йиғилишда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаевга генерал-майор махсус унвони берилганини маълум қилди.
Давлат раҳбари унинг ички ишлар органлари тизимидаги кўп йиллик самарали хизматини, Қорақалпоғистонни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли фаровонлиги, хавфсизлиги ва тинч-осуда ҳаётини таъминлаш, шунингдек, жамиятда меҳр-оқибат, тотувлик ва ҳамжиҳатликни асраш ҳамда мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасини алоҳида таъкидлади.
Аманбай Оринбаев 2022 йил август охирида Мурат Камалов ўрнига Жўқорғи Кенгес раиси этиб сайланган эди.
Бунгача Аманбай Оринбаев беш ойдан камроқ вақт давомида Қорақалпоғистон ИИВга раҳбарлик қилган, сўнгра бир муддат республика Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.
Ундан аввалроқ у уч ойдан сал кўпроқ вақт давомида Ўзбекистон ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Пробация хизматига раҳбарлик қилган. Шунингдек, Ўзбекистон ИИВ Жамоат тартибини сақлаш хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари ва Нукус шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимларида ишлаган.
2022 йил июль ойи бошида Қорақалпоғистонда оммавий намойишлар бўлиб ўтди, уларни тарқатиш пайтида аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари орасида қурбонлар бўлди.
Тартибсизликларнинг сабабларидан бири сифатида аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларига эътибор берилмагани айтилган эди.

