Президент ҳузурида соğлиқни сақлаş соҳасидаги йирик инвестиция лойиҳалари кöриб çиқилди
Şавкат Мирзиёев 28-октабр куни соğлиқни сақлаş соҳасига инвестиция жалб қилиş, хусусий сектор иşтирокини кенгайтириş ва йирик тиббиёт обьектларини барпо этиş юзасидан тақдимот билан таниşди.

Президент ҳузурида соғлиқни сақлаш соҳасидаги йирик инвестиция лойиҳалари кўриб чиқилди
Йиғилишда таъкидланишича, ҳозирда соғлиқни сақлаш соҳасида умумий қиймати 2,7 миллиард доллар бўлган 35 та инвестиция лойиҳасидан иборат портфел шаклланган. Улар янги ихтисослашган марказлар ва кўп тармоқли шифохоналар қуриш, мавжуд тиббиёт муассасаларини замонавий жиҳозлаш, замонавий кадрлар тайёрлашни қамраб олади.
Янги тиббиёт муассасаларини қуриш ва мавжудларини модернизация қилишда уларнинг жойлашуви, қуввати ҳамда кўрсатадиган хизматлари аҳолининг эҳтиёжига мос бўлиши муҳим. Тақдимотда инвестиция лойиҳаларини шу асосда шакллантириш, уларга хусусий секторни жалб этиш ва тиббиёт муассасаларини бошқаришнинг янги усулларини жорий қилиш масалаларига эътибор қаратилди.
Хусусан, Миллий онкология маркази, Республика неврология ва инсулт маркази, Тошкент вилоятида катталар учун кўп тармоқли тиббиёт маркази, Қашқадарё вилоятида янги шифохоналар ҳамда Нукус шаҳридаги оналар ва болалар марказини барпо этиш, Термиз шаҳрида тиббий таълим дастурларини йўлга қўйиш, давлат-хусусий шериклик модели асосида Самарқанд шаҳрида 800 ўринли шифохона, Бухоро вилоятида кўп тармоқли тиббиёт муассасасини ташкил этиш режалаштирилган.
Тақдимотда ушбу лойиҳалар доирасида амалга оширилаётган ишларнинг бориши ҳақида маълумот берилди.
Бундан ташқари, умумий қиймати 1 миллиард доллар бўлган тўққизта истиқболли лойиҳа бўйича таклифлар шакллантирилган. Улар неврология ва инсулт, руҳий саломатлик ва наркология хизматлари, болалар онкологияси ва гематологияси инфратузилмасини ривожлантириш, шошилинч тиббий ёрдамни такомиллаштириш, унинг автопаркини янгилаш ҳамда тиббий кадрлар тайёрлашни қамраб олади.
Келгусида тиббиётга инвестиция жалб қилиш соғлиқни сақлаш инфратузилмасининг мастер-режаси билан боғланади. Шу асосда 2040-йилгача мўлжалланган инвестиция стратегиясини ишлаб чиқиш таклиф этилди. Аввало, амалдаги лойиҳалар хатловдан ўтказилиб, уларнинг долзарблиги ва амалга ошириш имкониятлари баҳоланади. Кейин ҳудудлар эҳтиёжига мос лойиҳалар танланиб, уларнинг инвестиция паспортлари ва ягона портфели шакллантирилади. Стратегия хусусий инвесторлар, халқаро молия институтлари ва донорлар билан ишлашда устувор йўналишларни белгилаб беради.
Тиббиёт муассасалари фаолиятига хусусий секторни жалб қилишнинг муҳим йўналиши – ауцорсинг. Келгуси йилдан амал қиладиган янги тартибга кўра, муассасалар айрим тиббий ва ёрдамчи хизматларни хусусий ташкилотлардан харид қилиши мумкин бўлади. Бунда хизмат кўрсатувчи билан узоқ муддатли шартнома тузиш, хизмат ҳажми ва сифатини олдиндан белгилаш, натижани аниқ мезонлар асосида баҳолаш таклиф этилмоқда. 2030-йилга бориб хизматлар харидида ауцорсинг улушини 30 фоизга етказиш мақсад қилинган.

