Маҳаллий

Президент 7 миллий дастур ҳақида эълон қилди

Болаларнинг 6 ёшли тайёрлов гуруҳларига қамров қисқа муддатда 100 фоизга олиб чиқилади. Хусусий боғча ташкил

Президент ўз нутқида 7 та миллий дастурни эълон қилди.

Биринчи миллий дастур билим ва малакани келгуси тараққиётнинг асосий капиталига айлантиришга қаратилган. Унга кўра, 6 ёшли болаларни тайёрлов гуруҳларига қамраб олиш қисқа муддатда 100 фоизга етказилади, хусусий боғча ташкил этиш бўйича мавжуд имтиёзлар сақланиб қолинади. Барча мактаблар халқаро баҳолаш дастурлари билан тўлиқ қамраб олинади. Техникумларда халқаро таълим стандартлари жорий этилиб, ёшларни юқори даромадли касбларга ўқитиш йўлга қўйилади ва қамров 1 миллионга етказилади. Янги Ўзбекистонда касб эгалламаган бирорта йигит-қиз қолмайди.

Иккинчи миллий дастур халқ саломатлиги ва узоқ умр кўришини таъминлашга хизмат қилади. Шу мақсадда аҳоли саломатлиги билан боғлиқ давлат харажатлари келгуси беш йилда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5 фоизга етказилади. Тиббиётда профилактикани кучайтириш орқали саломатликни асраш моделига ўтилади. Давлат тиббий суғуртаси мамлакатнинг барча хонадонларига кириб боради. Ихтисослашган тиббиётда рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида дунёнинг энг нуфузли камида 5 та клиникаси олиб келинади.

Учинчи миллий дастур – иқтисодиётни юқори технология ва меҳнат унумдорлиги моделига ўтказиш. Бунинг учун келгуси ўн йилда 450 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинади. Иқтисодиётда юқори ўсиш суръатини сақлаган ҳолда, 2030 йилгача ялпи ички маҳсулот ҳажми 300 миллиард долларга етказилади, саноатда 2 миллионта юқори даромадли иш ўрни яратилади. Ёшларнинг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришда стартап, венчур ва сунъий интеллектни ривожлантириш устувор йўналишга айланади. Кичик бизнесни ўрта бизнесга, ўрта корхоналарни эса йирик компания ва корпорацияларга айлантириш учун яхлит экотизим йўлга қўйилади. Булар ҳисобига келгуси ўн йилда жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 10 минг долларлик маррадан ошади.

Глобал иқлим ўзгариши шароитида сув ва экология масалалари янада долзарб бўлиб бормоқда. Шу боис, тўртинчи миллий дастур сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартиришга қаратилади. Келгуси беш йилда экин майдонларида сув тежайдиган технологиялар қамровини 100 фоизга олиб чиқиш умуммиллий маррага айланади.

Адолат қарор топган жойда иқтисодий ўсиш ҳам, ижтимоий ишонч ҳам юксалади. Бу борада бешинчи миллий дастур – суд мустақиллигини кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлашни умумий қадриятга айлантиришдан иборат. Президентнинг таъкидлашича, бунинг учун ҳуқуқий тарбия мактабдан бошлаб аниқ тизим асосида йўлга қўйилади. Фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний кафолатларини кучайтириш бўйича ислоҳотлар қатъий давом эттирилади. Кибержиноятчилик, гиёҳвандлик ва одам савдосининг олдини олиш бўйича чоралар янада кучайтирилади. "Яширин иқтисодиёт", уюшган жиноятчилик, аёллар ва болалар ҳуқуқини камситишга қарши кураш янги босқичга кўтарилади.

Одамларнинг кайфияти, оилаларнинг фаровонлиги, ёшларнинг орзу-истаги, тадбиркорларнинг ташаббускорлиги, энг аввало, маҳаллада намоён бўлади. Шунинг учун олтинчи миллий дастур маҳаллани жамият тараққиётининг асосий буюртмачисига айлантиришга йўналтирилади. Энди давлат дастурларини ишлаб чиқиш бўйича ёндашув буткул ўзгаради. Туман буджети, инвестиция дастури ҳамда инфратузилма лойиҳалари маҳалла буюртмаси асосида ишлаб чиқилади. Бунда фуқароларнинг талаб ва эҳтиёжи, маҳалланинг фаровонлиги – энг асосий мезон сифатида белгиланади.

Еттинчи миллий дастур – Ўзбекистоннинг тинчлик ва дўстлик диёри, бағрикенг ўлка сифатидаги нуфузини ҳар томонлама юксалтиришдан иборат. Очиқ, прагматик ва тинчликпарвар сиёсат узоқ муддатли тараққиётни таъминлашга қаратилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.