Польшада бир ҳафта ичида мактабда содир бўлган учинчи пичоқли ҳужумда аёл уч кишини жароҳатлади
Польша полицияси икки кун ичида содир бўлган аввалги иккита ҳужумда фаррош аёл ўлдирилгани ва яна бир неча киши жароҳатланганидан кейин аллақачон мактабларга сафарбар қилинган эди.

Польшада бир ҳафта ичида мактабда содир бўлган учинчи пичоқли ҳужумда аёл уч кишини яралади
Польшадаги мактабларда шу ҳафтада содир бўлган учинчи пичоқли ҳужумда уч киши жароҳатланганидан кейин бир аёл қўлга олинди.
Полиция PAP ва AP ахборот агентликларига 21 ёшли аёл пойтахт Варшавадаги таълим муассасасида 17 ёшли қизга ҳужум қилиш учун "хавфли буюм"дан фойдаланганини маълум қилди.
Ушбу ҳодиса ҳафта бошида содир бўлган, бири аёл фаррошнинг ўлими билан якунланган иккита пичоқли ҳужумдан сўнг, минглаб полиция ходимлари Польша бўйлаб мактабларга юборилганининг эртаси куни юз берди.
Варшава полицияси воизи сўнгги ҳодиса аввалги иккита ҳужум билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслигини тасдиқлай олмасликларини айтди.
Ҳокимият органлари маҳаллий оммавий ахборот воситаларига шанба куни жароҳат олган 17 ёшли қиз шифохонага ётқизилгани, аммо унинг аҳволи ҳаёти учун хавфли эмаслигини маълум қилди. Ҳужжат топширишга келган 17 ва 24 ёшли яна икки аёл ҳам жароҳат олган, деб хабар беради давлат ахборот агентлиги.
Полиция маҳаллий ОАВга ҳужумда гумон қилинаётган шахс ушбу мактаб ўқувчиси эканини ва дастлабки хулосалар у уч нафар жабрланувчини танимаганини кўрсатаётганини айтди.
7 ва 8 октябрь кунлари мамлакат бўйлаб мактабларда содир бўлган пичоқли ҳужумлардан сўнг Польшадаги мактаблар хавфсизлик чораларини кучайтираётган эди. Польша полицияси бутун мамлакат бўйлаб мактабларга сафарбар қилинганидан кейин 76 кишини ҳибсга олганини билдирди.
"Польшалик болаларнинг хавфсизлиги ва мактабларимиздаги тинчлик ҳақида гап кетганда, ён беришларга ўрин йўқ", деди Польша Бош вазири Дональд Туск операциядан олдин.
Маҳаллий ОАВ полиция воизига таяниб хабар беришича, расмийларда ўтган ҳафтадаги ҳодисалар интернетдаги «челленж» билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи маълумотлар бор.
Тўртшанба куни Польша марказидаги Мазовия провинциясидаги касб-ҳунар мактабида 19 ёшли талаба ҳужум қилиб, тўққиз кишини жароҳатлади.
Бир кун ўтиб, Варшава шимолидаги Лешчыдол-Новины қишлоғида 15 ёшли ўсмир бошланғич мактабга кирганидан сўнг 37 ёшли фаррош ўлдирилди.

