Дунё

Покистонда масжид яқинидаги портлаш 16 кишининг ҳаётига зомин бўлди

Покистоннинг Коҳат шаҳрида жума намози вақтида масжид яқинида портлаш содир бўлди. Натижада 16 киши ҳалок бўлди, яна 56 киши жароҳатланди. Портлаш масжид яқинида ўра ҳосил қилган, бинонинг ташқи қисмига шикаст етказган ва деворнинг қулашига сабаб бўлган.

India Today нашрининг полиция ва шифохона вакилларига таяниб хабар беришича, ҳалок бўлганлар орасида беш нафар полициячи ва 11 нафар тинч аҳоли вакили бор. Жароҳатланганлар Коҳат округ шифохонасига етказилган ва у ерда фавқулодда ҳолат режими эълон қилинган.

Масжид Old Police Lines мажмуаси ичида жойлашган. Полициянинг дастлабки маълумотларига кўра, портловчи моддалар билан тўлдирилган автомобиль мажмуа дарвозасига бориб урилган, шундан сўнг портлаш содир бўлган. Кейинчалик ҳудудда отишма овозлари ҳам эшитилган.

Портлашдан сўнг қуролланган шахслар полиция мажмуаси ҳудудига киришга уринган, шундан сўнг улар ва полиция ходимлари ўртасида отишма бошланган.

Воқеа жойига қутқарувчилар етиб келиб, жабрланганларни эвакуация қилишни бошлаган. Полиция ва хавфсизлик кучлари ҳудудни ўраб олган, Коҳат — Ҳангу йўлидаги ҳаракат эса тўсиб қўйилган.

Портлаш яқин атрофдаги бир нечта биноларга ҳам шикаст етказган. Маҳаллий аҳолининг хабар беришича, портлаш овози жуда узоқ масофадан эшитилган.

Ҳозирча ҳужум учун жавобгарликни ҳеч бир гуруҳ ўз зиммасига олмади. Минтақада ИШИД билан алоқадор минтақавий гуруҳ, шунингдек, хавфсизлик кучларига мунтазам равишда ҳужумлар уюштириб турадиган Покистоннинг "Теҳрик-и-Толибон Покистон" (ТТП) ҳаракати фаолият юритади.

Ҳужум қўшни Ҳангу округида йўл четига ўрнатилган бомба портлатилганидан бир кун ўтиб содир бўлди. Ўшанда хавфсизлик кучлари карвонига қилинган ҳужум натижасида олти нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган эди.

Портлашдан бир кун олдин Покистон хавфсизлик кучлари бир нечта ҳудудларда операциялар ўтказиб, расмийлар ТТП аъзолари деб ҳисоблайдиган ўн нафар жангари йўқ қилинганини маълум қилган эди.

Аввалроқ, Хитойнинг Циндао портида Ocean Melody юк кемасида юз берган ёнғин оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлган, яна беш киши бедарак йўқолган деб ҳисобланаётган эди. Беш нафар жабрланувчи шифохонага ётқизилган, уларнинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.