Сиёсат

“Погон қонунни бузиш ҳуқуқини берадими?” Тошкент ИИББ ходимларининг синфхонадаги “профилактик тадбири” қораланмоқда

ИИББ ходимларининг мактабда ўқувчларни доска олдига чиқариб, машинанинг олд ўриндиғида ўтириб келишини сўрагани акс этган видео муҳокама қилинмоқда. Болалар омбудсмани бу ҳолатни бола манфаатларига зид деб атади. ъПогон қонунни бузиш ҳуқуқини берадими?ъ — дейди Nemolchi.uz асосчиси Ирина Матвиенко.

“Погон қонунни бузиш ҳуқуқини берадими?” Тошкент ИИББ ходимларининг синфхонадаги “профилактик тадбири” танқид остида

Тошкент шаҳри ИИББнинг уч нафар ходими пойтахтдаги мактаблардан бирининг синфхонасида профилактик тадбир ўтказди. Унда тўққиз ёшли уч ўқувчи мактабга отаси бошқараётган машинанинг олд ўриндиғида ўтириб келишини айтган. Ушбу видео ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Айримлар ИИО ходимларининг профилактик тадбирини қўллаб-қувватлаган бўлса, бошқалар болаларни тенгдошлари олдида изза қилиниши ҳамда уларнинг юзларини яширмасдан видеога олиб, интернетга жойланганини танқид қилди.

Газета мухбири мазкур видеода тасвирланган ҳолат юзасидан масъул ташкилотлар ва жамоатчилик фаолларининг фикрларини ўрганди.

16-октабр куни Тошкент шаҳри ИИББ ЙҲХБ матбуот котиби Қаҳрамон Худойберганов ўзининг пресс.қаҳрамон номли Инстаграм саҳифасига мактаб ўқувчилари билан ўтказилган “профилактик тадбир” акс этган видеони жойлади.

Унда Худойберганов Чилонзор туманидаги 183-мактабнинг синфхонасида ўқувчилардан ким мактабга машинада, ҳайдовчининг ёнида ўтириб келишини сўраган. Жавоб тариқасида қўлини кўтарган тўққиз ёшли ўқувчилардан уч нафари доска олдига чақирилган. Болалардан ўз ва оталарининг исмларини айтиш сўралган ва бу ҳам видеода акс этган.

Улардан бири ҳар куни отаси билан мактабга келишини айтган. Уйи узоқда бўлгани учун машинада юришини билдирган ва автомобилнинг олдинги ўриндиғида ўтириб, йўлларни томоша қилиб келишини сўзлаб берган. Икки ўқувчи қиз ҳам оталари билан мактабга келишини ва машинанинг олдинги ўриндиғида ўтиришини айтган.

Худойберганов болаларнинг оталарини мактабга чақириш ва уларга йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун баённома расмийлаштирилишини таъкидлаган. Синфдошлар оталарни бу сафар кечиришни сўраган. Ўқувчилардан бири олдинги ўриндиқда ўтириш мумкин эмаслигини қайд этган. Доска олдидаги болалар келгусида бундай қилмасликка сўз берган.

Видеода Қаҳрамон Худойбергановдан ташқари яна икки нафар формали ходим ва бир эркакни кўриш мумкин. Видео Инстаграмъда бир кун ичида 7,7 миллион марта кўрилди. У кенг муҳокамаларга сабаб бўлганидан сўнг изоҳлар қисми ёпиб қўйилди.

Таълим ва фан вазирлиги ахборот хизмати Газета сўровига жавобан мазкур “профилактик тадбир” юзасидан муносабат билдирди.

Қайд этилишича, бошланғич синф ўқувчиларининг дарслари соат 11:20 да тугаган, ЙҲХБ ходимлари эса мактабга тахминан соат 11:40 да кирган. Бироқ уларнинг мактабда бундай тадбир ўтказиши вазирлик ёки шаҳар бошқармаси билан олдиндан келишилмаган.

“Улар билан бундай тушунтириш ишларини олиб бориш бўйича ҳеч қандай келишувимиз бўлмаган. Ходимларнинг формада синфхонага кириб, болаларни қўрқитиши ҳам тўғри эмас. Бундай ҳаракатлар ўқувчиларнинг ҳуқуқларини бузиши мумкин”, — дейилади вазирлик ахборотида.

Таъкидланишича, ҳолатга аниқлик киритиш учун Тошкент шаҳри ИИББга ҳам мурожаат қилинган.

Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова Газетаъга таъкидлашича, болалар билан боғлиқ бундай видеотасвирларнинг тарқатилиши бола ҳуқуқлари бузилишига олиб келади.

Боланинг ота-онаси йўл-транспорт қоидаларини бузган ёки бошқа ҳаракатлар содир этган тақдирда ҳам, боладан бу ҳақда сўраб-суриштириш, айниқса, ушбу жараённи видеотасвирга олиш ҳамда боланинг қонуний вакили рухсатисиз тасвирларни оммага тарқатиш бола манфаатларига зид, дейди у.

“Ҳеч бир ҳолатда бола ўз ота-онасининг нотўғри ҳаракатлари учун жавобгар эмас”, — дейди болалар омбудсмани.

Унинг таъкидлашича, болани кўпчилик тенгдошлари олдида бундай тарзда ноқулай аҳволга солиниши болада хавотир ва уялиш ҳиссини пайдо қилади, маълум маънода эса унинг камситилишига олиб келади.

Раҳмонова мактабларда ўқувчилар ўртасида хабардорликни ошириш ва тарғибот ишларини олиб бориш муҳимлигини қайд этди. Бироқ бундай тадбирлар боланинг шахсияти ва дахлсизлигини ҳурмат қилган ҳолда ўтказилиши, унга нисбатан камситиш ёки стигматизацияга йўл қўйилмаслиги керак.

Ўзбекистонда зўравонликка қарши курашувчи Nemolchi.uz лойиҳаси асосчиси Ирина Матвиенконинг фикрича, давлат органлари, аввало, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунда белгиланган боланинг энг устун манфаатларини таъминлаш тамойилига риоя қилиши шарт.

“Чунки давлат органлари ходимлари давлат вакиллари ҳисобланади ва давлат сиёсати ҳамда кафолатларига, жумладан, боланинг шахсий номулкий ҳуқуқларига амал қилиши керак”, — дейди у.

Унинг таъкидлашича, мазкур ҳолатда болалардан юзага келиши мумкин бўлган оқибатлар етарлича ўйланмасдан фойдаланилган. Видеода айтган гаплари сабабли уларни тенгдошлари масхара қилиши ёки камситиши мумкин.

Қонун вакиллари бўлган уч нафар катта ёшли эркакнинг ўзи қонун талабларини бузган, бироқ видеони жойлаган ахборот хизмати ҳам бунинг болаларга таъсири ҳақида ўйлаб кўрмаган.

“Ёки погонлар қонунни бузиш ҳуқуқини берадими?” — дея савол қўяди Ирина Матвиенко.

Болаларнинг тасвирларини ота-онаси ёки қонуний васийсининг розилигисиз эълон қилиш мумкин эмас.

Бундай розиликни ёзма равишда расмийлаштириш мақсадга мувофиқ. Бироқ ота-она ёзма розилик берган тақдирда ҳам, агар тасвирни тарқатиш бола учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлса, боланинг энг устун манфаатларини таъминлаш тамойили розиликдан устун туриши керак.

Матвиенконинг қайд этишича, болаларнинг образларидан жамоатчилик эътиборини тортиш ва одамларни манипуляция қилиш учун тез-тез фойдаланилади. Чунки болалар тасвирлари одамлар диққатини тортишнинг самарали воситасига айланиб қолган.

Ҳатто ота-оналар ҳам интернетга жойланган нарсалар у ерда абадий қолишини ҳар доим ҳам тушунмайди.

Бола улғайгач, болалигидаги видеоларининг интернетда қолишини истамаслиги мумкин. Унга нисбатан таъқиб ва масхаралашлар бошланиши, тасвиридан эса ғаразли мақсадларда фойдаланилиши мумкин”, — дейди у.

Ирина Матвиенконинг фикрича, айнан шу сабабли давлат органлари болалар манфаатларини ҳимоя қилишда биринчи бўлиб масъулиятни ўз зиммасига олиши керак. Бироқ, унинг таъкидлашича, ҳозирча буни амалда кўрмаяпмиз.

Обиджон Латиповнинг таъкидлашича, ички ишлар ходимларининг мактабга, хусусан, дарс ўтилаётган синфхонага кириб, вояга етмаган ўқувчиларни сўроқ қилиши ҳуқуқий жиҳатдан ноқонуний, ахлоқий жиҳатдан эса одобсизликдир.

Унинг айтишича, бу иш қандай мақсадда амалга оширилганидан қатъий назар, таълим муассасаси ва дарс жараёнига нисбатан ҳурмацизлик ҳисобланади.

Латипов вазиятни тескари тасаввур қилишни таклиф этаркан, шундай деди: агар мактаб ўқитувчилари ўқувчиларни ички ишлар органлари фаолияти билан таништириш мақсадида ходимларнинг иш жойига бориб, уларни иш вақтида саволга туца, саводхонлигини текшириб, имтиҳон қилса, бу қандай қабул қилиниши ҳақида ўйлаб кўриш кераклигини таъкидлади.

“Жавоб бера олмаган ходимларга „Сизга ким аттестат берган? Ҳозир устозингизни чақиртирамиз“, дейишса, қандай бўлади? Кейин буни тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларда тарқатишса-чи? Ички ишлар вазирлиги ҳам, унинг матбуот котиби ҳам жим ўтирадими?” — дея савол қўяди жамоатчилик фаоли.

“МедиаФАН” каналининг ёзишича, миллий медиа маконида ҳуқуқлари энг кўп топталадиган тоифа болалар ҳисобланади.

“Болалар ҳуқуқи давлат идоралари ахборот хизматлари, масалан, аслида ҳуқуқларни ҳимоя қилиши керак бўлган органлар томонидан пиар ёки профилактика мақсадлари учун қурбон қилинаётгани айниқса хавотирли”, дея муносабат билдирган канал.

Каналнинг эслатишича, “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, ғайриқонуний ҳаракатлар натижасида жабрланган болалар тўғрисидаги, шу жумладан бундай боланинг фото- ва видеотасвирларини ўз ичига олган ахборот маҳсулоти — болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборот маҳсулоти жумласига киради.

“Халқаро стандартларга кўра (ЮНИСЕФ) болалар мавзусида ахборот тарқатишда — уларни камситадиган, травматик таассурот уйғотадиган саволлар беришдан қочиш тавсия қилинган. БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенсиясида ОАВ ёки ахборот хизматлари боладан интервю олаётганда унинг фикрини ҳурмат қилиши, уни бирор нарсани айтишга мажбурламаслиги лозим”, — дейилади постда.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.