Тошкентдаги мактабда ўқитувчи ўқувчини калтаклади

Тошкентдаги мактабда ўқитувчи ўқувчини калтаклади
Тошкентнинг Юнусобод туманидаги мактабда ўқувчини урган ўқитувчи ишдан бўшатилиши мумкин.
Маълум қилинишича, ҳодиса 15-сентябр куни соат 8:40 лар атрофида юз берган. Ўша куни ўқитувчи икки нафар ўқувчига қўл кўтарган. Улардан бирини синф ичида судраб, бир неча марта уриб, тан жароҳати етказган.
“Ўғлим телефон қилди. Ойижон, ёрдам беринг, ўртоғимни уриб ўлдириб қўйишяпти, деди. Келсам, ҳамма ъмедпунктъда экан. Боламнинг бўйни қизариб кетган, додлаган, йиғлаган. Ёрдам беринг, 102 қилинглар деяпти, синфдоши. Биқинини ушлаб ўтирибди-да, йиғлаб”, деган ўқувчилардан бирининг онаси.
Хабарда айтилишича, ўқувчининг калтакланишига унинг ўқитувчини сўккани сабаб бўлган. Ўқитувчининг болани ураётгани синфдаги кузатув камерасига ҳам ёзиб олинган. Бироқ бу видео оммага тақдим этилмаган.
“Видеода ўғлимни ваҳшийларча ураётганини кўрдим. У ёқда бўйнидан тортиб судраб олиб келган бу ёққача, ўғлим қаршилик қилган. “Қўйиб юборинг, устоз, қўйиб юборинг”, деган. Кейин у ёғи камерага тушмай қолган”, деган ўқувчи боланинг отаси. Унинг айтишича, видеони кўргач, содир бўлган воқеа ҳақида 102 га қўнғироқ қилиб хабар берган.
Воқеа содир бўлган куни синфда яна бир ўқитувчи ҳам бўлган. Бироқ у бошқа бир ўқитувчи бошқа бир синф ўқувчисини ураётганини кўриб турган бўлса-да, индамай синфни тарк этган. Ҳолатга муносабат билдирган мактаб директори ўқитувчининг бу ҳаракати нотўғри бўлганини айтди. Видеода ўқувчилар синфнинг орқа томонида тик турганига ҳам изоҳ бериб, дарс ўтилиши керак бўлган хона калити йўқлиги сабаб улар синфлар бўлиниб ўтиладиган хонага вақтинча киритилганини, шу боис уларга жой етмаганини билдирди.
Юнусобод тумани мактабгача ва таълими бўлими бошлиғи ўринбосари Гуландом Жуманиёзованинг билдиришича, ўрганиш натижасига кўра тушунтириш хатлари олинди, ўқитувчига ҳайфсан берилди. Ҳолат бўйича ички ишлар ходимлари ҳам шуғулланиб, ўқитувчи билан тузилган шартномани бекор қилиш юзасидан ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга, биология фани ўқитувчиси бу ҳолатга масъулияцизлик билан ёндашгани сабабли ундан ҳам тушунтириш хатлари олинди, интизомий огоҳлантириш берилди.
Ҳолат юзасидан Боёвут тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

