Пляждаги соябонлар иссиқдан қанчалик ҳимоя қилади? Тадқиқот кутилмаган натижа берди

Пляж соябонлари иссиқдан қанчалик ҳимоя қилади? Тадқиқот кутилмаган натижаларни кўрсатди.
Пляж соябони ёки бостирма остида иссиқдан пана топиш кутилганчалик самарали эмаслиги маълум бўлди. Олимлар соя остидаги ҳарорат очиқ қуёшга нисбатан атиги 1 даражага пастроқ бўлиши мумкинлигини аниқладилар.
Тадқиқот ғояси олимларнинг ўзлари дам олаётган пайтда пайдо бўлган. Тадқиқот раҳбари Георг Волфартнинг сўзларига кўра, "Жуда иссиқ эди. Ҳамкасбларимиздан бири соябонга термал камерани қаратди. Унинг юзаси 70 даражагача қизиганини кўриб, ҳайратда қолдик".
Инсбрук университети экологлари томонидан Европа геофанлар иттифоқининг Бош ассамблеясида тақдим этилган тадқиқот натижаларига кўра, соябон матоси одамни тўғридан-тўғри қуёш нурларидан ҳимоя қилса-да, матонинг ўзи кучли қизиб, иссиқликни атрофга тарқата бошлайди. Қизиган қум ҳам қўшимча иссиқлик манбаи бўлиб, соя остида ҳам иссиқлик чиқаришда давом этади.
Соябон остида одамга қанчалик қулай бўлишини аниқлаш учун тадқиқотчилар математик модел яратдилар. Унда қуёш нурланиши, соябон ва қумдан тарқаладиган инфрақизил иссиқлик, шунингдек, намлик, шамол ва ҳаво ҳарорати ҳисобга олинди.
Ҳисоб-китобларга кўра, қуёш ва соя ўртасидаги ҳарорат фарқи ўртача атиги 1 даражани ташкил этади. Ҳатто эрталаб ва кечқурун, қуёш уфққа яқин жойлашганда, соябон остида очиқ жойдагидан ҳам иссиқроқ бўлиши мумкин.
Энди олимлар ўз хулосаларини реал шароитда текшириш учун амалий тажрибалар ўтказишни режалаштирмоқда.

